Кейинги вақтларда айрим инсонлар билиб-билмай ўзбек халқини айблаб қолмоқдалар. Бу нарса бизни хафа қилади.…
Кейинги вақтларда айрим инсонлар билиб-билмай ўзбек халқини айблаб қолмоқдалар. Бу нарса бизни хафа қилади. Қолаверса, хорижга чиқиб Ватанга тош отадиган каслар ҳам борки, уларнинг мақсади юрт ва элни таҳқирли сўзлар ила шарманда қилишдир. Ана шундайларга жавоб тарзида, қолаверса, бегоналарнинг ташвиқотига алданмасин дея ўзлигини танимай юрган ёшларимиз, келажак авлодга хитоб ўлароқ мазкур сатрлар ёзилди. Худойим хайрли ва баракали этсин!
Муаллиф.
Минг йилки, шон-шавкат туғин соҳиби, Буюк жанглар ичра енгилмас лашкар! Ҳақиқат қурбони, Ҳақнинг толиби Ҳақдан қувват олиб мудом музаффар!
Адолат йўлидан қайтмаган асло, Жасорат-у мардлик туғма сифати! Мол-у мартабага боқмаган қиё, Золимнинг қўрқинчи, зулм офати!
Илм-у маърифатни кўтарган бошга, Қилич ўйнатганда ғанимлар ҳайрон. Ҳар битта япроғ-у ҳар битта тошга Меҳр-у шафқат ила боққан нигорон!
Меҳмонга борини айлаган нисор, Дўст учун жонини тутмаган дариғ. Бургутдек кўклардан топган-у қарор, Мазлумларни дарддан айлаган фориғ!
Ёлғон-у риёга қилмаган тоқат, Тўғрилик қошида бошини эгган. Кўнгил-у иймонга сақлаб садоқат, Нафс-у шайтонини мардона енгган!
Хиёнат йўлига босмаган қадам, Диёнат қўлини тутган жон ила. Роббим Аллоҳ дея айтиб сўнгги дам, Қилса, жаннатларни қилмишдир талаб!
Айёрлик нелигини билмагани-чун, Гоҳо маккорларнинг тушди домига. Сўзини қасам деб тутгайдир бутун, Гоҳо ташланса-да кизбнинг шомига.
Ортидан урдилар ханжар беаёв Яхшилик билмаган ҳароми зотлар. Жон бериб бўлса-да, кўксида ялов Кўтарди кўк сари боғлаб қанотлар.
Нон сўраб келганга берди нонини, Жой сўраб келганга берди бошпаноҳ. Жон сўраб келганга тутди жонини, Ёмонлик қилишни билмаган додхоҳ!
Яхшилик улашиб бутун оламга, Дунёни илмдан айлаб баҳраманд; Шайтонни чўктириб баҳри аламга, Эй кўҳна Бухоро, Хива, Самарқанд!
Эй шонли Фарғона, азим Андижон, Эй барокат ёққан муборак Шошим! Эй валий Наманган, эй валий Сурхон, Бошимда нур сочиб турган қуёшим!
Энди сенинг номинг ёмон бўлдими, Энди жиноятчи бўлдингми, жоним?! Юзинг ерга қараб, ётлар кулдими, Ғамлар кишанида қолдингми, жоним?!
Севгим Сенга бўлсин, бўлмагил музтар, Боқма нонкўрларнинг васвасларига! Нурни кўрмасалар, ўзига хатар – Қамалур ожизлик қафасларига!
Сен кўкдай покдирсан, ойдек нурафшон, Қуёшдек сарбаланд, тоғдек пурвиқор! Шу қадар зотингга ўрнашганки шон, Кўксингдан ўсгайдир фақат зулфиқор!
Сенинг ҳайбатингни билмаганлар – кўр, Танимай тош отган – нурдан мосуво. Сен эса сукутда тўкиб савлат, қўр, Барин кузатурсан қилмай вовайло.
Бу қадар узоқ вақт жим турган зотнинг Ўрнидан бир бора қўзғалмоғи бор. Кўзларин куйдириб ҳосид-у ётнинг, Жаҳонни тўлдирур гулшан, боғи бор.
Собит бўлиб турган давлатинг узра Шараф байроқларин кўрсин ҳар бир кас! Жаҳонга таралган шавкатинг узра Улуғвор манзиллар хушхабари, бас!
Адолат-у шафқат, лутф-у қудрат-ла Ҳақни кўрсатурсан қалбдаги кўздек! Илоҳдан келгувчи буюк мадад-ла, Ҳадаф Сеникидир, эй Буюк Ўзбек!

Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.