Мактабнинг вазифаси фақат таълим билан чекланиши бирёқлама натижага олиб келади. Тарбияни уйғунлаштириш деган…
Мактабнинг вазифаси фақат таълим билан чекланиши бирёқлама натижага олиб келади. Тарбияни уйғунлаштириш деган гап ҳам мужмалдир. Таълим ва тарбиянинг мақсади аниқ шаклда белгилаб олиниши шарт.
Бола эртага катта одам бўлади.
Бола эртага уйнинг, сулоланинг, пировардида, жамиятнинг эгасига айланади.
Бола ҳаёт майдонида қандай ҳаракат қилишни билиши керак.
Яхши ва ёмонни, оқ ва қорани, паст ва баландни ажрата олиши керак.
Бола оламда ёвуз, айёр, сохта, қатъиятсиз каслар борлигини билиши лозим.
Бола нафс ва шайтондан келадиган ёмонликлардан огоҳ бўлмоғи шарт.
Бола кўнгилни оғритмасликни, садоқатни, тафаккур ва тадаббурни, жасорат ва қўрқмасликни ўрганиши даркор.
Боланинг қўлига ҳаётнинг харитаси берилиши, ундан қандай қилиб фойдаланиш ўргатилиши керак.
Боланинг ярим куни мактабда кечади.
Боланинг бутун коинотдаги тиллолардан қиммат вақти мактабда ўтади.
Аммо у мактабни битирганида ҳаёт ҳақида ҳеч нарса билмайдиган бўйи баланд, овози дўрилларган бир зеҳният сифатида намоён бўлади.
Энг қизиғи, у мактабни битирганда муроса, ҳикмат, вазминлик, масъулият, ишларнинг оқибати ҳақида ўйлай олмаслиги унинг ҳунарсиз ва дангаса, бетгачопар ва ўйинқароқ эканлиги билан пропорсионал келади.
Яна у дурустгина ёлғончи, дурустгина маккор ҳамдир.
Мактаб фақат таълим берса, ҳатто тарбияни берса ҳам мақсад ҳосил бўлмайди.
Мактаб ОДАМ етиштириб берсин.
Ҳарфлар, рақамлар ёки формулалар, воқеалар ёки йилларни ёдлаган вундеркинд эмас, балки ОДАМ улғайтирсин.
Бу одам ҳаётда яшаш нима экани ҳақида, ҳеч йўқса, дастлабки маълумотларнинг эгаси бўлсин.
Қўлида 3 – 4 та ҳунар бўлсин.
18 ёш бу гўдаклик эмас, ҳарқалай.
Акс ҳолда, мактаблар ўз вазифасини бажара олмайдиган, шунчаки, бола умрини исроф этувчи, унинг 12 йилини тутқунликда ушлаб турувчи жой бўлиб қолаверади.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.