Яна мактаблар ҳақида gaplaşsak...
Яна мактаблар ҳақида gaplaşsak...
Янги Ўзбекистон чин маънода янгидир.
Унда янги деб атаса бўладиган саноқсиз янгиликлар бор, уларнинг айримлари шу қадар тезлик билан ҳаётимизга кириб жойлашмоқдаки, кўзимиз илғамай қолмоқда, лекин биз зийрак бўлиб, ҳар бир янгиликни ушлаб олишимиз, таҳлил қилишимиз, бизга қанчалик ва қандай таъсир қилишини билишимиз керак, яъни бу янгилик оқибатида биз нима топамиз ва нима йўқотамиз деган масалани ҳамиша кўз ўнгимизда тутмоғимиз лозим, акс ҳолда, янгиликлар тўлқини бизни ва авлодларимизни тасаввур ҳам қила олмайдиганимиз жойларга олиб кетиши ҳеч гап эмас.
Ўша янгиликлардан бири хусусий мактаблардир.
Эҳтимол, аксаримиз хусусий мактабларга ижобий нигоҳ билан қарасак, ажаб эмас, болаларимиз яхши мактабда ўқиса, улғайса, етук бўлса деб орзу қиламиз, ҳатто сўралган маблағни беришга ҳам шаймиз.
Лекин масаланинг жуда нозик бир нуқтаси бор.
Бу хусусий мактаб боланинг неча соат вақтини банд қилмоқда деган савол билан англанадиган нуқтадир.
Билишимизча, хусусий мактаб эрталабги соат 08:00дан кечки соат 18:00гача болани банд қилади.
Шунчаки, боланинг ота-онаси ҳам болага етарлича вақт ажрата оладими?..
Мактаб ихтиёридаги бола ота-онадан олиши мумкин бўлган оилавий қадриятлар, ота-она ибрати ва иймон-эътиқодга оид сабоқлардан маҳрум бўлиб қолмайдими?..
Савол шу.
Мактаб илм ва тарбия берсин, айтилганидек, касб-у ҳунар ҳам берсин дейлик, лекин оилада эркак ва аёлнинг ўрни қандай бўлади, ота оилани қандай бошқариши керак, аёл эрга қандай итоат этиши керак, ота-онага бола қандай бўйсуниши ва уларни қандай шаклда эҳтиром этиши кераклиги ҳақидаги улкан таҳсил қандай ва қаердан олинади?..
Аслида, бугун оилаларнинг чинакам оила моҳиятидан йироқлиги сабаби шу маҳрумлик ила боғлиқ: ота-она эртадан кечгача ишда, бола эса қаровсиз; натижада, улғайганда на ўғиллар оталикни, қизлар на оналикни биляпти. Болани овутиш, тагини тозалаш, эмизиш, рўзғор тутиш ҳақида ҳам онадан ўрганмаган қиз она бўлганда довдираб қийин аҳволга тушмоқда.
Ҳолбуки, бу ҳали хусусий мактаблар оммалашмаган, деярли ҳамма давлат мактабларида ўқиган авлоднинг аҳволи. Энди хусусий мактаблар қандай ота-оналарни бизга етиштириб беради? Хусусий мактаблар инсон фитратига хос ва мос оила тузадиган ота-оналарни улғайтира оладими?..
Майли, дейлик, бола 15 ёшга тўлганида ота-оналик илми мактабда берилади. Лекин табиий шароитда ибрат ва тақлид орқали олинмаган бу кўникма нақадар иш беради? Нақадар самарали бўлади?..
Азизларим, масала биз ўйлагандан кўра мураккаб.
Бугун биз ортидан ҳарсиллаб чопаётган ғарб оила инқирозига учрагани рад этиб бўлмас ҳақиқат.
Уларнинг китоблари бизнинг зеҳният ва шароитга фойда қиладиган заррача ҳам ечим ва тўғри ёндашувни тақдим эта олмаслигини тушунишимиз керак. Шарт.
Ғарбнинг тараққиёт моделига эргашиш уларнинг моделидаги ҳалокатга етаклайди, азизларим.
Оила инқирози бизни кутиб турган улкан ҳалокатдир. Мактабларга ўрнатилган тизим ҳам бу ҳалокатни юзага келтирувчи бир омилдир.
Бундан кейин ҳар бир оила фарзандлари билан бир даврада етарлича бўлиш муаммосини ечишга уриниши керак.
Онанинг бутун вақти болалар учун сарфланиши бу борада энг кўп талаб этиладиган шифодир. Яъни она бутун вақтини фақат болаларига ажратиши лозим ва лобуддир, шу билангина ўз оиламизнинг емирилиб кетишини, сулоламиз ахлоқий таназзулга учрашини, наслларимиз қадриятсиз қолишини тўхтатган бўламиз.
Болаларимиз учун ажратадиган вақтимиз бўлиши шарт. Болаларни хусусий жаннатмисол қамоқларга асир қилишдан олдин тафаккур қилишга вақт топайлик.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса, Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.