Инонч
(Тарихга битилган ҳақиқат)
Ҳоқон сизни чақиряпти дейишгач, Ботир Бошчи ҳаммасини тушунди: ҳукмдор салтанатини кенгайтиришга қарор берибди. Чунки олти ой аввал Иссиқкўл бўйидаги овда Ҳоқон: “Сарҳадларни кенгайтирмоқчиман, нима дейсан?” – деб сўраган эди. “Энг аввал лашкарни қаттиқ машқ қилдиринг, кейин аста-секин уларни кўпайтиринг, лашкарнинг озиқ-овқат ва қурол-яроғини, от-уловини таъминланг. Ҳаммасининг ораси бир-бирига аниқ тартиб билан боғлансин: лашкар учун темирчилар ҳар куни қилич, камон, пайкон, найза, қалқон ясашсин; чорвадор ва деҳқонлар гўшт, арпа ва буғдой етиштиришин, бу сира узилмасин. Шундан кейин қаернидир салтанатга қўшиб олиш ҳақида бош қотириш мумкин”, – деган эди Ботир Бошчи. Ботир Бошчи учта ҳоқонга хизмат қилган: эсини танибдики, лашкар ичида. Уруш қилиш, қўшин тузиш, режа ва макр ўйлаб топишда уста. Олдинги ҳоқон негадир уни саройдан узоқлаштирди; бирор вазифа бермади; Ботир Бошчи Олтой тоғларида ўзи билан ўзи қилич ўйнатиб, камон отиб юраверди; ҳеч бир нарсага аралашмади; янги Ҳоқон эса уни сўратди ва биринчи суҳбатдаёқ мақсадини баён қилди. Ҳозир Ҳоқондан хабарчи келгач, Ботир Бошчи энди унинг хизмати кераклигини ҳис этди. ... Ҳоқон кенг чодирда у ёқдан бу ёққа бориб келар эди. Ботир Бошчи кириб таъзим қилди. – Ботир Бошчи, – деди Ҳоқон кўзлари чақнаб. – Қарор қилдим, жангга чиқамиз. Сен лашкарбоши бўласан. Қайси ўлкага юриш қилишни ҳам ўзинг айтасан. Ботир Бошчи жим қолди. Унинг сукути Ҳоқонга ёқмади. – Мақсадим буюклигига шубҳанг борми? – деди жаҳли чиқиб. – Асло, Ҳоқоним, – деди эҳтиром билан Ботир Бошчи. – Сўнгги томчи қоним қолгунича хизматингиздаман. – Унда нима истаяпсан? Нега жимсан? – деди Ҳоқон бироз ҳовуридан тушиб. – Донишманд Кўкаман ҳақида eşitganmiz... – деди Ботир Бошчи. – Ким ҳам эшитмаган уни! – деди Ҳоқон лашкарбошининг муддаосини англамай. – Унинг энг ишонган шогирди бор эди. Исми Тоғалп. Тоғалп Кўкаманнинг ўнг қўли, балки ишонган боғи, суянган тоғи эди. Тоғалпнинг овулида яна бири бор эди. Унинг ҳам исми Тоғалп. Ана шу отдош одам ўлдириб қўйибди. Қози уни қамабди. Бир одам бизнинг Тоғалпнинг онаси ҳузурига келиб, “Ўғлинг одам ўлдирибди!” – дебди. Кампир урчуқ йигириб ўтирган экан. “Йўқол, ёлғончи!” – деб ҳайдабди хабарчини. Яна бир одам ярим соат ўтмай келиб, кампирга ўғлинг одам ўлдирибди дебди, кампир анча ўйга ботиб қолган экан. “Бор-э”, – дея олибди, холос. Яна бироз ўтиб учинчи киши келиб шу гапни айтган экан, кампир менинг бундай ўғлим йўқ дея урчуқни отиб уйдан қочиб кетибди. Ботир Бошчи жим қолди. – Нима демоқчисан? – деди Ҳоқон яна. – Ҳоқоним, мен донишманд Кўкаманнинг донишманд ва покиза шогирди Тоғалп эмасман. Сиз ҳам мени Тоғалпни онаси яхши билганчалик билмайсиз. Эртага кимлардир, мен қўшинга бош бўлгач, келиб ёмонласа, ҳар хил бўлмағур гаплар айтса, уларга ишониб, менинг бошимни узмаслигингизга ким кафил бўлади? Ҳоқон Ботир Бошчини энди тушунди. – Яъни сиз менга тўлиқ ишонмасангиз, лашкарни бошқара олмайман. Лашкарни жангга бошлай олмайман. Менга тўлиқ ишонасиз, ҳеч қандай иғвога ишонмайсиз. Фақат мен берган ахборотни қабул қиласиз, мендан шубҳа қилмайсиз, кейин қўшинга бош бўламан ва сизга сиз истаган ҳамма жойни бўйсундириб бераман! Энди ҳаммаси равшан эди. Ҳоқон чуқур ўйга толди ва кекса жангчига кетавер деди. Икки кундан кейин Ботир Бошчини чақирди, сен айтгандек бўлади деди. ... Бир йилдан ўтиб, Ботир Бошчи Ҳоқонга у истаган ерларни тўлиқ эгаллаб, тақдим қилди.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.