Бир гадой бир бойнинг остонасига ётиб олди. Яъни ҳар куни садақа сўрар эди,унинг бошқалардан фарқи шулки, у…
Бир гадой бир бойнинг остонасига ётиб олди. Яъни ҳар куни садақа сўрар эди,унинг бошқалардан фарқи шулки, у аниқ миқдор талаб қилмоқда эди: менга минг динор бер дер эди. Аммо бой бир дирҳамдан ортиқ беришни истамасди, сабаби гадойнинг ҳолига қараб, минг динор беришга ақли изн бермасди. Гадой эса шу қадар тихирлик қилдики, бой уни кўришни истамай қолди, алал-оқибат кунлардан бир куни хизматкорига минг динор берди ва анави тиланчига бер, фақат кўзимдан даф бўлсин деди. Тиланчи мақсадига эришганидан шод ҳолда югуриб кетди. Бой ҳам бир сурбетдан қутулганига шукур қилди ва уйининг иккинчи қаватига чиқди, иттифоқо, деразадан бир манзарага кўзи тушди: унинг минг тиллосини олган тиланчи ҳовлиқиб чопиб кетаркан, уни тасодифан бир қотил ўғри кўриб турган эди, ўғри ҳеч ким кўрмаяпти деб гумон қилиб, тиланчига ташланиб, тиллосини тортиб олди, тиланчи беришни истамай ташланган эди, ўғри унинг қоқ юрагига ханжарини санчиб, бир лаҳзада ўлдириб қўя қолди, сўнг тезда изини қолдирмай жуфтакни ростлади. Хулоса шулки, Худо Ғаний зотдир. Шу билан биргаликда у Ҳакимдир. Сен нима сўрасанг берадиган, аммо ҳеч кимга эҳтиёжсиз бўлган Зотдир. У Ўз ҳикмати ила сенга нима керак ва нима керак эмаслигини билади. Сен бойлик сўрайсан, аммо айни вақтда сенга қашшоқлик яхшироқ, чунки бойлик сенга қашшоқликдан кўра хатарли бўлиши мумкин. Сен шон-шуҳрат истайсан, лекин таниқли бўлмаслик сен учун фойдалироқдир balki... Сен илм сўрайсан, балки ҳозир билмаслик сенга муносибдир, билишдан сўнг амалсиз шайтонга айланмаслик учун кутиш лозимдир ehtimol... Сенга нима керак эканлигини Худо билади ва сенга энг керак вақтда, сен тайёр бўлган фурсатда У ўша нарсани сенга беради. Агар ўша нарсани олиш қисматингда бўлмаса, демак, рози бўл, шу сен учун яхшироқ, чунки тақсимотнинг Соҳиби Худодир. Ҳаёт бойлик ила ҳалок бўлганларни, шон-шуҳрати ила шарманда бўлганларни ва илми ила хорланганларни кўрди. Ҳар ким сабр қилса ва Худонинг қисматига рози бўлса, саодатга эришгай! Банда зиммасидаги ишни қилмоғи керак — унга ибодат ва итоат, ҳалол ризқ учун касб қилмоқ амр қилинган, шу ишларни қилсин ва тўхтамасин. Шунингдек, гўзал хулққа буюрилдик, одамзоднинг дунё ва охиратдаги бахт-у саодати унинг гўзал ахлоқи билан мутаносибдир. Ахлоқи ёмон одамнинг бахтли бўлгани ёки ахлоқи гўзалнинг бахтсиз бўлганини ҳеч ким кўрган эмас. Барча зулмат ва қайғулар ахлоқнинг ёмонлигидан келади, илмнинг озлигидан эмас, шул боис, аввал ахлоқ ўрганмоқ авло демишлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари айтибдилар: "Устоз ҳузурида 20 йил бўлдик, 18 йил ахлоқ ўргандик, 2 йил илм, устоз вафот этдилар; кейинчалик қанийди, шу 2 йил ҳам ахлоқ ўргансайдик деб армон қилдик". Ҳар бир нафс ўзи етган эмас, етолмаган нарсасидан хайр кўрсин, қўлига келганидан қўрқсинки, ёмонликка васийла бўлмасин! Нафсни шодлантирган нарсаларнинг хайрли бўлмоғи маҳолдир. Худодан Худони хушнуд қиладиган нарсаларни сўрамоқ керак, нафсни шодлантирадиган нарсаларни эмас. Токи бир куни қўлга олганимиз юрагимизга ханжар бўлиб санчилмасин! Худойим, бизларни мушилотлар ичидан чиқар ва Ўзинг рози бўлган йўлга бошла!
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.