Mumtoz oila
БИРИНЧИ БОБ
БИРИНЧИ БОБ ОИЛА ҲУКМДОРИ — ОТА
Иккинчи фасл Отанинг ахлоқи
Ота оиланинг барча юкини елкасида кўтарадиган устундир. У буни чуқур англайди. У гўзал ахлоқни ўзининг бош тамалига айлантиради. Ота, бу энг аввало, матонат соҳиби. У оила ташвишлари ва машаққатларидан ортга қочмайди. У муаммо ва қийинчиликларни елкасига мардона олади. Унинг учун оила ва унинг ишлари ҳаёт ва мамот масаласи. Ота жасорат эгаси. У оиланинг ҳимоясида ҳеч нарсадан қўрқмайди ва чўчимайди. Оилани ҳам жисман, ҳам маънан қўриқлайди, фарзанд кўмакка муҳтож бўлса, қанотсиз учиб боради; уйнинг ҳар бир ҳолатига жавобгар: кечқурун эшикларни ёпади; чироқ ва газларни текширади; қандайдир эҳтимолий хавфларни олдиндан ҳис қилади ва ҳимоя чорасини кўради. Ота ичмайди. Чекмайди. Фаҳш ва бошқа ёмон ишлардан узоқ туради. Ота зулм қилмайди. Ота шошилмайди. Ота сабрли ва ҳалим бўлади. Ота оиладаги ҳаммани, хусусан, фарзандларини диққат билан кузатади. Улардаги жисмоний ва маънавий ўзгариш, ўсишларни назардан қочирмайди. Болаларининг кўзи, юзи, ранги – ҳаммаси ҳақида билади. Боланинг қачон ғамгин, қачон хурсанд бўлишидан хабардор. Боланинг ғайратли ё дангаса; ростгўй ё алдоқчи бўлаётганидан ғофил қолмайди. Боласининг табиати нимани севиб, нимадан нафрат қилишини билади. Боланинг илмга ёки касбга, қайси ҳунар ва соҳага қизиқаётганини сезади. Болани катталар олдида, кўча-кўйда ошкора эркалатмайди, ўпиб, ялаб-юлқамайди. Балки ҳаракатлари, ғамхўрлиги билан буни сездириб туради. Болани таҳқирламайди. Хатосини мулойимлик ила айтади. Тузатади. Тузатиши учун ёрдам беради. Боланинг гапларини тинглайди. Лекин ҳамма гапини рост демайди, балки текширади, сўнг ё тасдиқлайди, ё рад этади. Болани ҳеч бир он назоратсиз ташламайди, лекин буни унга зарра қадар ҳам сездирмайди. Боланинг айбларини кўрса, аввал икки қайта огоҳлантиради, сўнг жазо чораларини кўради. Ғазабини бирор шаклда ўта меъёрда билдириб қўяди, токи бола отанинг ғазаби борлигини билсин. Ота ва бола ўртасида парда бўлиши табиий. Ота бола билан сирдош ва дўст эканини фош этишга уринмасин, балки боланинг бутун руҳиятини билиб турсин. Отанинг муҳаббати ҳамиша пинҳондир ва заруратдир. Яъни тилга чиқмайди, изҳорлар этилмайди. Муайян шаклларда ва муайян ҳолатларда билдирилади, табиий. Бундай эҳтиёж фурсатини отанинг фаҳми тушунади. Ота меҳнатдан қўрқмайди. Меҳнатдан чекинмайди. Ота ғийбат қилмайди, ҳеч кимни ёмонламайди. Ота сирли шахс, унинг ташвиш ва қайғулари, қувонч ва севинчлари болага сир бўлиб қолавериши керак. Ота эрта уйғониши, бутун оилани уйғотиши лозим. Ота ибодатларини ўз вақтида бажариши, дуолар қилиши, ҳалол ва пок бадан, тоза либос билан юриши керак. Ота ҳеч қачон аврат саналган аъзоларини янглиш ҳолда ҳам боланинг кўриб қолишига йўл қўймасликка саъй қилади. Болага кичиклигидан унинг муҳим шахслигини отанинг унга эътибори ва диққати намоён этади.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.