Mumtoz oila
Муқаддима
Муқаддима
19-асрнинг охирига келиб дунёнинг барча бурчакларида эски қадриятларга зарба бериш бошланди. Бу ҳатто урушлар шаклида содир бўлди. Биз урушларни сиёсий сабабларга боғлаймиз, лекин урушларнинг негизида маданиятлар ва қадриятлар асосий омил бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Иқтисодий мақсадлар билан ўлкалар забт қилинди деб айтамиз, лекин иқтисодий мақсадларга эришиш билан мустамлака сиёсати тўхтамади — халқларнинг зеҳнияти ва урф-одатларига, эътиқод ва қарашларига дахл қилинди, бу босқичли амалга оширилди: босқинчи бу ўлкаларга ўз юртидан каллакесар ва дордан қочганларни олиб келди; бу ҳодиса деярли барча мустамлакаларда кузатилди; сўнг у каллакесарлар бу ерда эмин-эркин ҳолда ўз "маданиятлари" асосида яшашди; бу "маданият"ни тарғиб қилдилар — ичкилик, фаҳш ва кайф-у сафонинг бошқа турлари мазкур "маданият"нинг марказида турди. Ерли халқларнинг маънан заифроқ вакиллари босқинчилар "маданияти"га эргашдилар, аммо улар бу билан чекланмай ўз қадриятларига қарши курашиб, ёт "маданият"ни тарғиб қилишга киришдилар, чунки хожаларининг талаби ҳамда сотқинликнинг табиати шуни тақозо қилар эди. Илк ҳужум оиладан бошланди: фарзандлар ота-онага исён қиладиган, уларнинг итоатидан юрмайдиган бўлишни бошладилар; хусусан, етук бадиий асарларда ҳам бунинг акси кўринади, масалан, айрим асарларда бош қаҳрамонлар ҳечам отасини менсимайди: отадан рухсатсиз, маслаҳатсиз уйланади; отага доим гап қайтаради, отасини айблайди; онани эса мутлақо назарга илмайди, ҳатто гўё "ота-она розилиги учун уйланади" ва ҳоказо — шу тариқа, мустамлака халқлар онгида ота-она қадри ерга урилиб, болалар ота-она йўриғидан юрмайдиган, уларни айблайдиган босқичга шиддат билан йўл олдилар. Шу баробарда — оиланинг таянчи бўлган, оиланинг асоси ҳисобланган, оиланинг юраги аталган аёл оиладаги олий вазифа — оналик ишини бажаришдан юлиб олинди. Яъни унга жамиятдаги ишлар юкланди: далага олиб чиқилди, заводга ишга киритилди, тракторга ўтқазилди ва ҳоказо, шундай қилиб болалар тарбиячидан маҳрум этилгач, яслиларга — боғчаларга топширилди; боғчаларда атак-чечак қиладиган гўдаклар ота-онага меҳрсиз бўлиб улғайишди ҳамда оиланинг қадриятлари — отага итоат ва ҳурмат, онага эҳтиром нималигини унутишди; улар ўз ҳаётларини ўзи қуришга интилиб, нафсларига эргашиб мақсаддан тескари тарафга кетишди. Қалбнинг таскини, ҳаётнинг гулшани бўлган оиладан эмас, кўча-кўйдан, ҳаром-ҳаришдан ҳаловат излайдиган бўлишди. Улар ҳам оила қурдилар,лекин уларда оилани қандай асраш, эр-хотин орасидаги мумтоз ахлоқ; бола тарбияси ҳақидаги амалий илм етишмас эди, уларнинг болалари ҳам яслиларда, кейин мактабларда катта бўлишди, улар ота-оналаридан яна ҳам узоқлашдилар; улар ота-оналарига кўпроқ бўйсунмас ва исёнкор бўлдилар, улар ўзлари учун янги ҳаёт моделини излай бошлашди; уларда ўзидан каттага итоат мутлақо йўқолмоқда эди. Энди ота-она ва болалар орасидаги зиддият кучайди. Бу авлод ҳам оила қурди, аммо уларнинг зурриёдлар ўзларидан баттар аҳволда қолдилар: улар ота-онани фақат таъминотчи деб билишди, ота-она ҳам ўзини шундай деб ўйлар эди; энди болалар ота-онани назарга илмайдиган бўлдилар; ота-онанинг насиҳати ва даккиси болаларга оғирлик қиладиган бўлди; улар ота-онадан иккиланмай юз ўгирадиган ҳолга келдилар; ота-она фитрий муҳаббати билан болаларини йўқотмаслик учун уларга ялиниб яхши гапиришни бошладилар; бора-бора болаларни қаттиққўллик қилмаслик, уларни тақиқларсиз катта қилиш, бақирмай улғайтириш "маданият"га, "қадрият"га айланиб, билиб-билмай тарғиб этиладиган бўлди; оилада бола мен устун эканман деб катта бўлишни бошлади, шу тариқа ота-оналар болаларининг қуллари ва чўриларига айланадиган замон бошланди.
Бугун биз ана шу замондамиз, бугун биз болаларимизни хўжайин билиб, уларга қул бўлиб хизмат қиляпмиз, бугун биз оила қандай бўлиши керак деган саволнинг жавобини йўқотдик ва илми комил бўлмаганларнинг жаврашига қараб оилани моделлаштирмоқчимиз, аммо биз боши берк кўчадамиз: ўзимиз мумтоз ва комил оила моделини кўриб улғаймаганимиз учун бу нарсани амалга жорий эта олмаймиз; ва айтилганидек, оила билан боғлиқ гапларнинг жуда катта қисми мутлақ хатодан иборат, энди биз бугун бутун кучимизни мумтоз оилани тиклашга сафарбар этмоққа мажбурмиз, акс ҳолда, аҳвол тасаввур қилиб бўлмас даражада оғирлашади. Энди шу ҳақида гаплашамиз, дуоларингиз ila...
Муқаддима қисми тугади.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.