Тил

Mumtoz oila

УЧИНЧИ БОБ

УЧИНЧИ БОБ ЎҒИЛ

Биринчи фасл Ўғилнинг сифати

Бир оилада ўғил бўлиб яшаш нақадар шараф бўлса, шу қадар улкан масъулиятдир. Ўғил – сулола давомчиси. Умидлар чироғи. Оиланинг қуввати. Оиланинг ҳимояси. Оиланинг устуни. Оиланинг илдизи. Ўғилнинг хулқи ҳаммасини ҳал қилади – агар у комил ахлоқ эгаси бўлиб улғайса, бутун оилани чароғон қилади, ота ва онани бахтиёрлик ила яшатади; Худо кўрсатмасин, ўғил номақбул бўлиб катта бўлса, оиланинг зулмати, бахтсизлиги, ота-она умрининг заволи, шармандагарчиликнинг ибтидоси бўлади. Ўғилга бу ҳақиқатни ақлини таниган онидан бошлаб англаши керак. Англаши учун шароит ҳозирланмоғи лозим. Ўғил вазмин, босиқ, масъулиятли, ҳаракатлари қатъийдир. У лаллаймайди, шалпаймайди. У ҳиссиёт билан эмас, ақл ва интизом билан фикрлайди. У майдалашмайди, у майдакашлик ва улуғворликни; мардлик ва пасткашликни; иззат ва хорликни чуқур англайди. У ҳимматли ва жасоратли; у ақлли ва қўрқмас; у кучли ва меҳнаткаш; у тадбирли ва совуққон; у шафқатли ва меҳрибон; у ҳисоб-китобли ва узоқни ўйловчидир. Ўғил ўсмирлигидан бошлаб мустақилликка қадам қўяди – ота-онадан пул олиш унга уятлидир; у ўз юкини ўзи кўтариш ҳақида, ўлигини бировга ташламаслик, текинхўр бўлмаслик ҳақида ўйлайди. У сергапликдан нафрат қилади, қисқа жумлалар билан мақсадини англатишнинг йўлларини топади; ишни дўндириб, жим туришни севади. У тилига маҳкам. Валақламайди. Сафсата сотмайди. Лаганбардорликдан жирканади. Иккиюзмачилик ва ёлғонни асло қабул этмайди. Ўғил шаҳватини тияди. У пана-пастқамларда бошқа оиланинг номуси саналган қизлар билан – номаҳрамлар билан енгилтаклик қилишдан орланади. Кўча-кўйда, арава-уловда қизлар билан ликиллаб, хиринглаб, жавраб юришни шармсорлик, юзсизлик деб билади. Ўғил ипини узган ҳўкиз ғуножин ва сигир ортидан югургани каби номаҳрам аёллар ва қизлар ортидан ҳирс ила югурмайди; у ўзини маҳкам, тоза ва покиза тутади; ота-она ихтиёр қилган қизга кўнгил қўяди, ота-она топган қизга уйланиб, уни авайлайди; шунга ақлини, қалбини рози қилади; кўнгил дея, нафс дея ғингшимайди; башарти, бирор покдомон қизга кўнгил қўйса, уни ўзига жуфти ҳалол этмоқ учун ота-онасига ҳаё ва ҳикмат ила маълум қилишнинг йўлини топади. Йиғламсираб, ожизлик ила минғиллаб юрмайди. Ўғил ота-онага хизмат ва ширин сўз ила қувонч бахш этиб, ризоликларини олади. У матонат ва саботнинг соҳибидир. Ўғил шикоятчи эмас, у ҳал қилувчидир. У ичкилик ила ўзини хорламайди, қимор ила машғул бўлмайди, фаҳш ила ҳалокатга учрамайди. У қарорларида қатъий; қаноатлидир. У жиззакилик, вайсақилик каби сифатлардан узоқдир. У эсини таниши билан кучли бўлади; режа ва тартибли ишлайди; иродасини тоблайди. Ўғил илмни севади, илм аҳлини қадрлайди. Илм йўлидан кетса, чинакам олим бўлади; ҳунар ё касб йўлидан кетса, маҳорат ва балоғатда юксалади. У ўз йўлини топгунча курашади, топгач, шу йўлда собит туради. Ўғил – оиланинг аскаридир. Отанинг ишончи ва таянчи, онанинг суянчи ва юпанчи. У ота маслаҳатига амал қилади, амрига бўйсунади, онани ардоқлайди. Чунки у – ЎҒИЛ.

Акром МАЛИК

5 620марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ИККИНЧИ БОБ

    ОИЛАНИНГ ЮРАГИ – ОНА Жаннат оналар оёғи остида. Бу ҳақиқатни бугун фақат фарзандлар эмас, оналарнинг ўзлари ҳам англашларига эҳтиёж бор. Жаннат оёғи остида бўлиши учун она…

    3 дақиқаMumtoz oila

    БИРИНЧИ БОБ

    ОИЛА ҲУКМДОРИ — ОТА Учинчи фасл Отанинг оиладаги сиёсати Бошланиши: 👉 1-қисм. 👉 2-қисм. Оилада бир неча фарзандлар ўртасида адолат бўлишига ота жиддий эътибор беради. Бирини…

    2 дақиқаMumtoz oila

    БИРИНЧИ БОБ

    ОИЛА ҲУКМДОРИ — ОТА Учинчи фасл Отанинг оиладаги сиёсати (Бошланиши. Давоми) Отанинг ўғил ва қизга нисбатан ёндашуви фарқлидир. Қизга қаттиқ гапирмайди, фақат юмшоқ гапиради. Ота…

    2 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.