Севги
ТЎРТЛИКЛАР
Қалбимда муҳаббат олови гулгун,Куйдириб руҳимни поклар кундан кун.Ишқ шавқи денгиздек жўшгани ондаЖуда тор эканинг кўраман, очун!***Севгимнинг суратин чизсанг-чи десам,Изҳорим дур каби тизсанг-чи десам,Ишқнинг хазинасин солиб кемангга,Бақо уммонида сузсанг-чи десам…Сўзлар ожизликни олиб бўйнига,Кирар бошин эгиб хилват қўйнига!..***Шайтон ё нафсданми — йўлдан кўп оздим,Ўзимни надомат дорига осдим.Жаҳаннам оташин ўчирмоқ учунРоббим, муҳаббатинг ўтига қочдим!***Гоҳ қўрқинч қошида ўлдим, йўқ бўлдим,Сўнг умид қўлида севинчга тўлдим.Даҳшат чангалида фарёд уриб сўнг,Роҳат водийсида яйрадим, кулдим!..***Шайтон қайга юрсам — чоҳини қазди,Раҳмон чоҳни кўр деб чароғ тутқазди.Оёғимдан чалиб йиқитди гуноҳ,Ҳақ лутфи қўлимдан тутиб турғазди.***Мени маъсум гумон қилма, биродар,Ва лекин ёнимдан жилма, биродар.Ўзингдек хатокор эканимни бил,Шикаста тавбамдан кулма, биродар.***Ҳар кун турфа хато ҳосил қиламан,Хатони азобга восил қиламан.Гуноҳ дуди билан кирланиб кетгач,Тунда кўзёш ила ғусл қиламан…***Худойим, қалбимни азобдан қутқар,Дунё деб аталган саробдан қутқар.Қачон уйғонаман! Мадад бер, Роббим,Ғафлат, шаҳват отли бу хобдан қутқар!..***Шу қадар тор экан бу осмон, бу ер!Фақат тақво учун тўкмайсанми тер?!Менда на қувват бор, на хислат, на куч,Худойим, умримга барокатинг бер!Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.