Ватан
НИМА УЧУН БУ МАНЗУМА БИТИЛГАНИНИ БАЁН ҚИЛАДИ
Ассалом, Бобожон, эй буюк Султон!Улуғ Соҳибқирон, Ер юзин хони!Қасрингиз гумбази бу етти осмон,Сизда адолатнинг шарафи, шони.Сиз Кешнинг фарзанди, туркнинг таянчи,Балки мазлумларнинг пуштипаноҳи.Мунофиқ каззоблар бошини янчиб,Кечдингиз тавбакор зотлар гуноҳин.Раҳму шафқат, мардлик, аҳдга садоқат,Жасорат, шижоат, ўткир тафаккур –Ютуқдан севинмай, синовга тоқатҚила олган Сизга минг бор ташаккур!Зотан, хизматингиз ҳайратга боис,Қошингизда лолдир ҳар қандай ақл –Башар аҳли Сиздек инсофли холисЯна қай султонни қилолгай нақл?!Эзилган бир халқнинг ичидан ногоҳЧақмоқ каби порлаб чиқдингиз, Бобо!Сизга ориф зотлар бўлмишки ҳамроҳ,Пойингизга титраб йиқилди дунё.Балки яралгандан буён одамзодМинглаб хону хоқон, шоҳларни кўрмиш.Кимдир қонхўр эди, яна қайси зотЖаҳон иморатин улуғвор қурмиш.Аммо ақлу, адлу, инсофу ихлос,Раҳму, фаҳму, меҳру, қаҳру матонат –Барини Худойим Сизга бериб хос,Оламга кўрсатди бемисл қудрат!Сизга насиб этган иқболу имконКамдан кам кўрилган то Сизга қадар.Аммо Сиздан кейин ҳали ҳеч қачонСиздек шоҳни қайта кўрмади башар.Бугун қошингизда бошимиз эгик,Сизни танимасдан қоплади ғафлат..Дунёнинг саҳнида кўксимиз керибТурмоқ-чун муҳтожмиз, бергайсиз мадад!Аё Соҳибқирон, эй улуғ ҳоқон,Эй шоҳлар подшоҳи, подшоҳлар фахри!Эй амири Туркистон, малики Турон,Сизга ватан бугун Самарқанд бағри.Мадад беринг бизга – ҳолимиз хароб,Нафсу шаҳват доми боғлар бўғзимиз.Сизнинг мақомингиз гўёки сароб,Кундан кун ўчгудек сўнгги чўғимиз.Келинг, қўлимиздан тутинг, Қиблагоҳ,Ташлаб қўйманг бизни зиндону чоҳга.Йўл бошланг, сўз айтинг, дилда фарёд, оҳ,Эргашиб етайлик олий даргоҳга!Энг аввал ақлни пешлаб, сайқаллабҚалбнинг кўзгусига нур тушсин, Бобо!Сўнг нафснинг бошига ишқ ўтин қалаб,Муҳаббат кўкида руҳ учсин, Бобо!Сиз битган “Тузук”ка термилади кўз,Сиз юрган йўлларни излайди идрок.Сўзингиз устидан айтиб бўлмас сўз,Сўзингиз маъносин ёдласин атрок!Бугун сўзингизга муҳтожмиз кўпроқ,Бугун сўзларингиз ақлимизга нур.То озод қолмоғи учун бу тупроқШартдир аввал озод бўлмоғи шуур.Сизнинг каломингиз қутқаргай дилниТурфа кишанлардан, қуллиқ, хорликдан.Шул боис пок тутиб дилни ҳам, тилни,Биз чиқмоқ истадик зулмат, жарликдан.Назм гўзал суврат, ёдламоқ – осон,Назмда маънолар сиқиқ ва маҳкам.Шул боис, изнингиз бўлса, Бобожон,Набирангиз қўлга олмишдир қалам.Маъносин қочириб қўймай астойдилҚутлуғ “Тузук”ингиз шеърга ўгирай,Ўгитингиз ила тўла экан дил,Улуғ жангоҳларда шердек ўкирай!Бу шеърни ёдласин йигиту қизлар,Бу байтлар-ла чиқсин гўдаклар тили.Кимки, улуғликнинг йўлини излар –Ушбу манзумани ҳифз этсин дили.Шояд қайта олсак руҳингизга биз,Шояд топа олсак Сизни, Бобожон.Мадад беринг равон ёғилсинки сўз,“Тузук”лар назмга эврилсин равон!..Роббим, ёзганимни Сен қабул этиб,Ва элнинг кўнглига қилгайсан марғуб!Ўқиган қўрқуву ғамни унутиб,Ғанимнинг бошига солсинлар ошуб!Сенинг Ҳабибингни севган Темурбек –Ҳазрат Соҳибқирон ҳурмати Худо,Кўнгилда не тилак бўлса мақбул, нек,Ҳосил эт барчасин, ҳар не муддао!..Битганим нуқсини яшир, Худоё,Файзини элларга айла батамом.Унинг яхшилигин бериб бу дунё,Охиратда яна кўрсатгил икром!Кимки дуо қилса, бизни, башарти,Ҳар не сўрар экан, биз учун, ё Раб! –Шафқат-ла ижобат айлаб барчасин,Ўзига ҳам бергил келса не сўраб!Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.