Ҳикмат
Дўст ҳақида бисёр тавсиф-у мақтов,
***Дўст ҳақида бисёр тавсиф-у мақтов,Дўст гўё юрагинг ичра чўғ, олов.Аммо тафаккурни босмасин қиров –Душманни унутиб қўймагил, ўғлон!Ернинг ер бўлгани ҳосилдан маълум,Элнинг эл бўлгани ёсидан маълум.Йигит эр бўлгайдир орттириб ғаним,Ўйнасанг, қилич-ла ўйнагил, ўғлон!Агар кимман десанг, бошингни кўтар –Қара, ҳар қадамда минг битта хатар!Ҳайбатинг бор эрур ёвларинг қадар,Бўйингни душманга бўйлагил, ўғлон!Кўнгилда дўст учун муҳаббат бўлсин,Ҳар ҳолда, жисмингда маҳобат бўлсин,Душманга енгилмас адоват бўлсин,Жанг-у жадаллардан тўймагил, ўғлон.Кимдир ханжар урар, кимдир ўқ отар,Оғули найзалар кўкракка ботар,Асли душман дўстлар, албатта, сотар,Ёвнинг ваҳшатидан қўрқмагил, ўғлон!Ғаним номард бўлса, ўзинг мард бўлгил,Мардлик шарафи-ла ёвга дард бўлгил,Ҳақнинг даргоҳида ғубор, гард бўлгил,Ҳақ бўлсанг, ортингга чекилма, ўғлон!Дунёга эгилма, мансабга учма,Жанг деб минган бўлсанг, отингдан тушма.Ёр деб азобни қуч, роҳатни қучма,Фароғат чоҳига йиқилма, ўғлон!Қийноқ кўрсанг, кўргил, йиғлама аммо,Душманлар дод десин, тик тур доимо!Ҳайқирсанг, титрасин етти қат само,Тубанлар қошида эгилма, ўғлон!Душманнинг жонини аямай суғур,Жасорат йўлида судралма, югур!Юзингни ҳамиша қиблага ўгир,Ваҳм-у даҳшатларда инграма, ўғлон!Номингни эшитса, титрасин ёвлар,Сўзингдан минг парча сочилсин ғовлар,Сафингдан саф олсин юраги довлар,Ҳезим, латталарни кас билма, ўғлон!Унутгай, яхшилик кўрса ҳароми,Унга бегонадир дўстликнинг номи.Ёмоннинг қўлида ҳийласи – доми,Ёмонлик қилганга енгилма, ўғлон!Фақат қул унутгай золимнинг зулмин,Кўкларга совургил зулмнинг кулин!Сенга қовушмоқдан шодлансин ўлим,Ўлимга шарафлар ҳадя эт, ўғлон!Душман ким? Золимдир абадий душман,Ва шайтон инсонни санади душман,Демак, шайтон эрур энг катта душман,Душмандан абадий қўрқмагил, ўғлон!Чин дилдан улуғлар хизматин қилгил,Ҳамиша яхшилар оёғини ўп.Ва дўстинг минг бўлса, оз эрур, билгил,Бир дона бўлса ҳам, душман эрур кўп!Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.