Тил

Ватан ичида сафар – ватандан чиқмайсан, лекин сафарда бўласан. Бир маъноси шуки, инсон руҳининг ватани –…

Ватан ичида сафар – ватандан чиқмайсан, лекин сафарда бўласан. Бир маъноси шуки, инсон руҳининг ватани –… — расм

Ватан ичида сафар – ватандан чиқмайсан, лекин сафарда бўласан. Бир маъноси шуки, инсон руҳининг ватани – унинг жисмидир. Шу жисмдан чиқмай туриб сафарда бўлмоқ. Руҳ гўё тананинг ичида, лекин у йиллар давомида жуда кўп манзилларни кўради. Бу манзилларнинг айримлари қувонч, айримлари ғам деб аталади. Баъзи инсон ўзини айлана ичида юргандек ҳис қилади: кеча кўрганлари бугун яна қайтиб келади. Кеча тушган манзилидан чиққан эди, аммо яна ўша манзил қаршисидан чиқади. Лекин буни англаш учун ҳам теран қалб ва ақл керак. Бу турғунликдир, лекин чинакам сафар руҳнинг тупроқдан осмонга қилган сафаридир. Бу сафар ҳам тана ичида экан, юз беради. Кеча қилган гуноҳни қилган бугун ҳам ўша гуноҳга учрайди. Унинг учун кунлар фақат гуноҳ ва исёнлар иборат шаклда кечади. Гуноҳ дарёнинг гирдоби кабидир – оқмайсан, қутулмайсан, бир жойда гир айланасан, балки дарё тубига чўкасан – ҳалокатга учрайсан. Бу гирдобдан истиғфор арқонини ушлаб, тавба кемасига чиқиш билан нажот топасан. Гуноҳдан холи ҳолда яхшиликлар ила банд бўларкан, одам энди юксалишни бошлайди. Унга бошқалар кўрмаётган ҳақиқатлар кашф этиб берилади, бошқаларга насиб этмаган манзиллар очилади. Мана шу расмана сафар. Жамият турли табақалардан иборат. Оддий ишчи ва китоб ўқиб, илм қилаётган одамнинг фарқи бор. Ишчи доимий равишда меҳнат билан машғул бўлгани сабабли илмнинг ҳикматларидан хабарсиз қолса, илм аҳли ҳикмат ва пешволикка соҳиб чиқади. Бугун олий маълумот олиб, ёзувчи, шоир, журналист, ўқитувчи, олим сифатида фаолият қилаётганларни зиёли, ойдин деб аташ расм. Жамиятни тушкунлик гирдобидан юксакка олиб чиқиш шу табақанинг зиммасида. Инсон руҳининг сафари жисм ичида содир бўларкан, жамият руҳининг ҳам кўкка сафари бор. Айтадиларки, жаҳаннам етти қават ер остида, жаннат етти қават осмон устида. Жисм – тупроқдан, руҳ – осмондан. Жисмнинг истакларига эргашиш тупроққа тушиш, оқибатда, жаҳаннамга йиқилиш; руҳнинг истакларига эришиш – кўкка кўтарилиш, натижада, жаннатни макон тутишдир. Зиёлиман деган шахсиятлар ана шу теран мақсад сари яшашлари ва жамиятни шу томонга етаклашлари керак. Катта ҳаёт сари қадам қўйиб келаётган ёш йигитлар шуни билишлари яхши бўлардики, у келажакда жамият ичидаги бирор табақага, албатта, мансуб бўлади. Бугун қилаётган ишлари уни мана шу ишлар билан машғул бўлганлар ичига киритади. Агар яхши иш қилса, яхшилар сафига қўшилади; ёмон иш қилса, ёмонларга аралашиб кетади. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, қайси жойда бўлса ҳам, инсон бошқаларга манфаат етказиш йўлида бўлмоғи керак. Яхшилик қилиш амалларнинг энг гўзалидир. Ибодат ва тоатни ўзинг учун қиласан, лекин одамларга манфаат етказиш бу чинакам мардликдир. Яхшилик дегани ўз номингни ўчириб, бошқаларнинг шаъни учун курашмоқ. Ўзинг оч қолиб, бошқани тўйдирмоқ. Бошқанинг ҳузури учун ҳақ талаб қилмаган ҳолда ўз ҳузурингдан воз кечмоқ. Амин бўлмоқ керакки, холис яхшилик, албатта, ёмонлик ила жазоланади. Муҳаббат нафрат ила, шафқат зулм ила, садоқат хиёнат ила, поклик нопоклик ила, албатта, синалади. Бу синовдан икки мақсад бор – пишириш, кучли қилиш ва лойиқ эканингни текшириш. Инсонларга нон бериб, очликдан; сув бериб чанқоқдан қутқариш мумкин, лекин ёлғонга асир бўлганларни ҳақиқат нури ила зулматдан ёруғликка бошлаш энг қийинидир. Кўзлари нур кўрмаган сўқирлар ёруғликдан қўрқиб сени ўлдириб қўйишлари ҳеч гап эмас. Энг катта яхшилик – инсоният ҳақиқатни акс эттирган илм ва ҳикмат кўзгусини тутқазишдир. Аммо тайёр бўл: кўзгуни синдириб, синиғи билан ўзингни сўйишлари эҳтимоли каттадир. Бундан қўрқма, бу қатл сени мангуликка эриштиради. Илм йўлини тутажак ёшлар ҳазир бўлишлари керакки, бугун олимман деганлар орасида ҳасадчилари жуда кўп; илм аҳлиман деганлар ичида ўлимни бўйинга олганлари бисёр. Ҳасадчи деганимиз ўзидан илми кўпайганни кўра олмайди, зотан, у илмни обрў учун ўрганган эди, энди бошқанинг илми кўпайса, ўзини обрўси тортиб олингандек ҳис этади.

Ўлимни бўйинга олган олим – ўқишдан тўхтаган, илм тарқатишни бас қилган, фақат тирикчилик учун яшаётган, мансаб ва курси учун илм йўлидан ташқари чиққан одамдир. Унинг учун ёшларнинг изланиши, кашфиётлари, ютуқлари завқ бермайди; безрайган давр муаммолари учун янги ғоялар билан ечим истамайди; шавқ ўлган, бир-бирини қўллаб-қувватламайди; ҳақиқатларни баён қилмайди; тепса тебранмас ҳолга келиб, ит ётиш, мирза туришга кўнган. У олимни тирик деб бўладими? У ўлган, ўз ихтиёри билан ўлимни танлаган, ҳолбуки, олим дегани ҳар куни тинимсиз захмат чекувчи, тунни тонгга, тонгни тунга улаб меҳнат қилгувчи, илмини тарқатувчи зотдир. Миллатнинг руҳи – илмдир. Илм мажлислари кўпайса, илм мажлислари гавжум бўлса, халқ қорин ташвишидан бироз юксалиб, қалб ва руҳ ташвишини ўйлай бошласа, у халқдир, элдир, улусдир. Акс ҳолда, онгсиз мавжудотлар тўдасидан қандай фарқи бор?! Ватанда туриб сафар қила олмаганлар сафарни фақат ватандан чиққанда қилиш мумкин деб билади. Улар инсонларнинг гуноҳ ботқоқларидан тавба тоғлари томон сафар қилиши мумкинлигини билмайдилар. Улар нафс қозиғига боғланган, ер менинг атрофимда айланади деб ўйлайдиган бечоралардир. Дарвоқе, илм бу рад этиш эмас, ҳиссиётлар бўтқаси эмас, чиройли сўзлар тизмаси эмас, узоқ вақт оғриқлар ила ҳосил этиладиган, танага сингиб, амалга айланадиган ёруғ бир ҳақиқатдир. Шундай ёруғки, зулмнинг зулматида ҳам, бахтнинг давлатида ҳам йўлни йўқотишга изн бермайди.

Акром МАЛИК

2 120марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Ривожланиш – авжда. Ҳашаматли бинолар. Кастим-шимли одамлар. Минглаб инсонларни жамлаган хоналар. Нотиқлар –…

    Ичингда нимадир жизиллаб кетади. Бирдан юрагинг гупирлаб кетади. “Мен ҳам шулар сафида бўлсайдим!” Бу манзара ёутубедаги видеода роса жаззоб кўринади. Ҳамманинг оғзидан бойлик…

    3 дақиқа

    Қалб жуда нозик хилқат. Уни бир томчи шабнамга қиёсласакмикин? Тонгда гулнинг баргини макон тутган шабнамнинг…

    Қалб шудрингини сақлаш учун уни соқчилар билан ҳимоялаш керак. Биринчи соқчи ақлдир. Ақл қалбга кераксиз, кайфиятни туширадиган сўзларни киритмасин. Сиз ҳақингиздаги айрим…

    2 дақиқа

    Ўқишга, ёзишга, фикрлашга ва ҳақиқатни топишга интиладиган ҳар бир ёшнинг муайян даражада истеъдоди…

    Баҳорда дарахтлар қийғос гуллайди, шу гулларнинг ҳар бири мевага айланади – ёшларнинг истеъдоди гул кабидир, улар мева бериши лозим; дарахтларнинг гуллари мева бермаслиги…

    2 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.