Mumtoz oila
Тўққизинчи боб
Тўққизинчи боб
ЮКЛИ БЎЛМОҚ, БОЛА ПАРВАРИШИ ВА ТАРБИЯСИ
Биринчи фасл
Дужон
Ўзбеклар болажон халқ. Болажон бўлмаслик мумкинми? Мумкин экан. Болали бўлишни истамаслик, бола ўрнига итвачча боқишни афзал кўриш мумкин эман. Ҳатто бола кўрмаслик яхши иш деб ҳисоблаш ҳам мумкин экан. Ҳа, инсон фитрати бузилгач, бундан ҳам оғирроқ гаплар ҳам тарқалар экан. Фарзанд — ҳаётнинг мазмуни. Умрнинг мағзи. Ундан юз ўгириш худбинлик, бадбинлик ва ғайриинсонийликдир. Келинг, аввал луғат ҳақида гаплашайлик. “Бошқоронғу бўлди” — юкли аёлнинг кўнгли нимадир тусаб қолса, шундай дейилади. “Юкли бўлди”, “Иккиқат бўлди”, “Оғироёқ экан”, “Ҳомиладор бўлди”, “Кўтарди” — бу сўз бирикмалари фарзанд кутаётган аёлга нисбатан қўлланади. “Дужон” (икки жонли), “Юкли”, “Ҳомиладор”, “Оғироёқ” — фарзанд кутаётган аёлга қўйиладиган номлар. “Гумона” — аёл қорнидаги ҳомиланинг номи. Ҳомиладорликнинг илк аломати кўнгил айниши билан намоён бўларкан, бу давр аёлларда ҳар хил шаклда кечади. Бу oson ва енгил жараён эмас. Лекин аёллар чекига тушган энг буюк шараф. Агар аёл уни кўтара олмаса эди, инсоният насл қолдириш ва камол топиш неъматидан маҳрум қолар эди. Юкли бўлмоқ ва фарзанд дунёга келтирмоқ аёл зоти қиладиган ишлар ичида энг бетакрор ва энг буюк вазифадир. Ўз-ўзидан бу вазифани бажармоқ учун аёлдан буюк матонат ва ахлоқ талаб қилади. Юкли аёл бутун бошли инсонни дунёга келтирмоқда. Туғилажак фарзанд, Худо умр берса, сулоланинг давомчиси, халқнинг хизматчиси, яхши ва инсофли инсон бўлиши мумкин. Иккинчидан, аёл ўз жонини хатар остига қўйиб, онгли равишда ўзи хоҳлаб, орзу қилиб оғир машаққатни зиммасига оляпти. Ҳам онанинг, ҳам боланинг сиҳати учун, эсон-омон туғилиш кунларига етиб олмоқ учун бутун оила ёрдамчи бўлади. Бу борада ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Аввало, биринчи бор оналик иши елкасига тушган аёл билан иккинчи ва ундан кейинги болаларини кўтараётган аёлнинг бироз фарқи бор. Илк оналик аёлнинг ёшроқ вақтида, дейлик, ўн тўққиз ва ундай кейинги яқин йилларда бўлса, яхши, чунки ёш вужуд бақувват ва тикланувчандир; иккинчидан, ёшликда хавф-хатар нима қўрқиш кучли кечмайди, одам қаригани, улғайгани сари кўпроқ қўрқувчи, кўпроқ эҳтиёткор бўлиб боради. Шу сабабли аёл ёшроқ вақтида она бўлса, жараён енгил кечади. Юкли эканлиги маълум бўлгач, бўлажак онанинг илк иши Худога шукур қилиш ва Унга ҳамд айтиш учун бўлсин. Бефарзандлик аччиғи оғир, Худо унга фарзанд неъматини бераётгани учун шодлансин. Сўнг руҳияти, ақли ва қалбини кучли сақласин: ҳеч қандай хавотир ва қўрқувга ўзини асир қилиб топширмасин. Кейин эса ҳаёни маҳкам тутиш керак. Иккиқат бўлдим деб ўзини кўрсатмасин, бу иллат ҳозир урчиб кетган, бундай қилиш уят бўлади, юкли аёлнинг уй ичида, ҳовлида бўлиши ҳаё жиҳатидан яхшироқдир. Кўнгил айниши, бош айланиши, ҳолсизланиш, айрим ҳолларда юзда доғлар зоҳир бўлишини, кайфиятидаги ўзгаришларни сабот билан қабул қилмоқ керак. Кўнгли тусаган нарсаларни хўжайинига айтиши ва ўзини имкон қадар тик тутиши маъқул. Юкли бўлган аёл икки масалада ўзини қатъий назоратда тутади: ўз вақтида овқатланиш, оч қолмаслик керак. Иккинчидан, меъёрдаги жисмоний фаолликка, албатта, риоя қилмоқ шарт.
Қувват бўладиган, болани ривожлантирадиган егуликларни ейишга уриниш лозим. Махсус тартиб асосида ҳар куни муайян жисмоний машқларни қилиши даркор. Овқатлар ҳазм бўлсин, аёлнинг жисмига сингсин, чунки бола онанинг жисмидан қувват олади, гўшт олади, пай ва суяк, қон ва сувини олади. Бўлажак она, албатта, шифокорнинг белгиланган кўрикларига мунтазам қатнаши, айтилган тавсияларга амал қилиши бугун керак. Лекин шифокор сўзлари ва тавсияларини онаси, опаси ва бошқа яқин тажрибали қариндош аёллар билан муҳокама қилиб боргани маъқул. Туғруқ вақти яқинлашганда дарҳол туғруқхонага югурмаслик, балки айни бола дунёга келиши учун бўладиган асосий белгиларни ўрганиб, ўшалар зоҳир бўлишигача сабр қилмоқ лозим. Имкон қадар кучини сақлаши, хотиржам ва сокин ҳолда туриши керак. Бўлажак ота янгиликдан ҳовлиқмаслиги, ўзини бошқариши, ҳиссиётларини кўча-кўйга ошкор қилмаслиги яхши. Хотинининг ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатини кузатиши, зарур ўринларда далда бериши, ҳар қандай ҳолда ўзини асло йўқотмаслиги, ички сирлар ҳақида бегоналар билан ўртоқлашмаслиги керак. Хотинининг кўнгли суст кетган нарсаларни ўз вақтида меъёрда ҳозирлаш унинг вазифасидир. Аёли баъзан инжиқлик қилса, чидаш керак. Юкли аёлнинг сиқилишига, қайғуланишига, жисмонан ҳаддан ташқари ишларга уринишига йўл қўймаслик керак. Бу ҳолатлар, албатта, она қорнида шакл олиб келаётган чақалоқнинг ҳам руҳий, ҳам ақлий, ҳам жисмоний хусусиятларига таъсир ўтказади. Қайнона иккиқат келинни авайлаши, айни пайтда талтайтириб юбормаслиги лозим. Яхши еб-ичишига, жисмоний ҳаракатларига эътиборли бўлиб, назоратда ушлаш шарт. Келиннинг онаси қизи ҳолидан хабардор бўлиб, руҳий далда бўлиб, бу жуда oson ва енгил ўтишини айтиб тургани маъқул. Туғруқхонага боришдан аввал аёллар, табиийки, бўлажак она учун барча керакли нарсаларни жамлаб берадилар ва туғруқ жараёнлари ҳақида айтиб беришади. Ҳеч ким бўлажак онани хавотирга солишга ҳаққи йўқ. Балки ҳаммаси oson ва тез бўлиши ҳақида ишоралар бериб, ҳаддан ташқари масалага эътибор бериб юбормаслик мақбул. Худди оддий жараёндек қабул қилинса, иш шунча силлиқ кечади. Бўлажак она иккиқатликни оддий, доимий жараён деб билиб, ўз ишлари ва вазифаси билан машғул бўлаверсин, ҳеч кимдан ортиқча эътибор кутмасин. Табиийки, келин ҳам, куёв ҳам, ота-она-ю қайнота-қайноналар ҳам – барча она эсон-омон қутулиб олиши, боланинг соғлом ҳолда дунё юзини кўриши учун узлуксиз дуолар қилишлари шарт.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.