Mumtoz oila
Тўққизинчи боб
Тўққизинчи боб
ЮКЛИ БЎЛМОҚ, БОЛА ПАРВАРИШИ ВА ТАРБИЯСИ
Иккинчи фасл
Чақалоқ
Чақалоқнинг туғилиши – катта бахт. Бу ўринда ёш онани ҳамма қўллаб-қувватлаши лозим: кўпроқ қайнона бу ўринда масъулиятни зиммасига олади. Келиннинг туғруққа тайёргарлиги, туғруқхонадан чиқиши, доя ва шифокор аёллар билан гаплашиш, келиннинг ҳимоячиси сифатида туғруқ жараёнларидаги масъулиятни таъминлаш ишларига қайнона бош бўлгани яхши. Агар қайнона бу ўринда келинни ташлаб қўйса, ўзингни ўзинг эпла деса, келин тажрибасизликдан қийналади: туғруқхонада ҳозир кўпчилик доя ва шифокорлар ҳамманинг қўлига қараб қолишган; пул бермаганларга чап кўз билан қарашади, эътибор беришмайди, қўпол муомала қилишади, меҳрибон, самимий, тама қилмайдиган дўхтирлар жуда кам, аксари пул бермасанг, одам сифатида кўрмайди. Қайнона ўша тамагирларга ҳадя беради, уларни рози қилади, ҳам дўхтирларнинг ишга жиддий қарашларига ўз важоҳати билан сабаб бўлади. Она ва чақалоқни шифохонадан исрофсиз, лекин тантана, хурсандчилик ва байрамона ҳолатда чиқариб олиш яхши урфларда ҳисобланади. Янги меҳмонни яхши ният, дуо ва эҳсонлар билан кутиб олинади. Агар бола жуда кичик туғилган бўлса, сал катта бўлиши кутилади; агар яхши, полвонгина бўлса, бешикка белаган маъқул. Айримлар бугун бешикка тош отишяпти. Бу хато. Бешикнинг ҳеч қандай иллати мавжуд эмас. Ҳар бир чақалоқни бешикка белаш керак. Бу уни памперс деб аталган нарса азобидан қутқаради, сийдиги ва нажаси танасига ёпишиб ётишидан халос қилади, шунингдек, ушбу яхши томонларини санаш мумкин:
1. Бола бешик ичида яхши ухлайди, чунки бешик ёпинчиғи буни таъминлайди – қоронғуда осуда масканда гўдак хотиржам ором олади. 2. Чақалоқ, одатда, кўп чўчийди. Оёқ ва қўллари маҳкам ва меъёрида боғлангани учун чўчиб, сесканиб ҳадеб безовта бўлавермайди. 3. Янги туғилган бола уч сабаб билан йиғлайди – қорни очганда; қорни дам бўлганда; қулоғига совуқ шамол кирганида. Бола йиғласа, қорни тўйдирилган бўлса, қорнини силаб кўриш лозим, агар таранг бўлса, демак, дам бўлган; қулоғини шаҳодат бармоқ билан эҳтиётлаб босилади, бола чириллаб қолса, демак, қулоққа шамол теккан. Бешик ёпинчиғи ва йўргак болани ана шундай совуқ шамолдан ҳимоялайди. 4. Бола ҳали чақалоқ экан, сал овози чиқиши ҳамон овутиш шарт, агар қорни очган бўлса, эмизиш; қорни дам бўлган бўлса, дазмол билан озгина иситилган сочиқни қорнига қўйиб силаш; қулоғи оғриган бўлса, дўхтир билан бамаслаҳат чорасини кўриш керак; токи бола узоқ вақт йиғлаб қолмасин ва йиғлоқи бўлмасин. Бола чақалоқ экан, дастлабки уч ой давомида бир кунда 14 – 18 соат ухлаши лозим. Бу уйқу унинг яхши ривожланиши, суяклари ўсиши ва ҳиссий жиҳатдан барқарор бўлиши учун шарт. Агар бешикка беланмаса, бола бундай уйқуни топа олмайди. Бешикда сал овози чиқиши билан эҳтиётлаб тебратилади, боланинг узлуксиз сифатли уйқуси таъмин этилади. Ҳеч ким чақалоқнинг мияси чайқаладиган даражада бешикни тебратмайди, албатта, бунга ҳамманинг ақли етади. Бешикка беланмаса, бола етарлича ухлай олмаслик эҳтимоли катта. Айрим ёш ота-оналар болам ухласин деб сунъий суюқликлар ичиришлари мумкин. Булар тўғри эмас. Демак, бешик керак, бешикка болаларни беламоқ шарт. Бешикка тил тегизаётганлар ўзлари билиб-билмай бизни синалган йўлдан чиқармоқчи бўлаётганларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар, афсус. Болани илк чўмилтириш иши бола бир ҳафталик бўлганда бўлади. Бунда ҳам ёш онани ёлғиз қолдириш мумкин эмас, келиннинг ўз онаси ёки қайнона бу ишда бош бўлишлари, ўзлари болани ювинтиришлари, чўмилтиришлари керак. Шунингдек, бу оналар ўзлари невараларини бешикка белашлари, бешикка белаш илмини ёш онага ўргатишлари талаб этилади. Қайнона келиннинг қирқи (чилласи) чиққунча эҳтиёт қилиши, чақалоқли уйга бегоналарни киритмаслиги, исириқ тутатиши, доимий дуолар ўқиши керак. Келин 5 – 10 кун обдон ётиб, қувватини тиклаши лозим, сўнг ҳолатига қараб рўзғорга, бошқа ишларга қарайверади. Қайнона бу онларда келинга янада юмшаши, шафқатли бўлиши, неваранинг ҳолатини ўз назоратида сақлаши керак. Ёш она ёрдамга энг муҳтож бўлган давр шу давр саналади. Қайнона йиғлаган болани овутиш, қорин дамини кетказишга ёрдам бериши, келиннинг тўғри овқатланишини эринмай ўзи бошқариши лозим. Тахминан олти ой давомида боланинг ошқозони овқат ҳазм қилиш ишини ўрганади. Онаси еган овқат сут айланади, овқат таркибидаги моддаларни чақалоқ меъдаси сут шаклида қабул қилиб, уни ҳазм қилишга мослашгунча машаққат чекади. Шу сабабли қорни дам бўлади, бу машаққатни озайтириш учун она танлаб-танлаб овқатлангани яхши. Бунда қайнона ёрдам бермаса, ёш она эътиборсиз бўлиши, барибир, овқатларни аралаштириб еб қўйиши табиий. Бола кечалари йиғлайди. Тагликларини тозалаш, алмаштириш керак. Асосийси, ҳар қандай она қасд қилсинки, албатта, боламни эмизаман дея. Буни олий қадрият деб билмоқ керак. Она сути билан бола жисмига меҳр, қувват киради. Бола икки ёшгача тўлиқ она сутини эмар экан, ҳам жисман, ҳам руҳан соғлом ўсади. Ёш оналар ҳам, оталар ҳам бола йиғласа, жаҳл қилмасин. Сабр қилсин. Чунки ўзларини бу йиғига чидай олмайдигандек ҳис этишлари мумкин. Чақалоқнинг йиғисига ҳақиқатан чидаш қийин, аммо у йиғи Аллоҳнинг раҳмати эканлигини унутмаслик лозим. Ҳеч қачон гўдакка ғазаб этманг. У Аллоҳинг раҳматини опкелади, ғазабини тўсади, барака эшиклари очилмоғига сабаб бўлади. Бизларнинг гуноҳларимиз жуда кўп, бола эса бизга қалқондир.
Агар гўдаклар, қариялар, бечоралар, ногирон ва касаллар орамизда бўлмаса, бизга илоҳий шафқат ёғилмай қолади, тўхтайди, балки осмондан тошлар ёғади. Ва умуман гўдакка ғазаб этмоқ ҳайвоннинг ҳам иши эмас. Чақалоқ катта бўлиб, қўлга илинадиган, кўзга тушадиган бўлиб боргани сайин, ташвишлар бироз камаяди, ҳамманинг қувончи кўпайиб боради. Чақалоқ сал касалдек кўринса, танасини игна билан тешиш, танасига ҳар хил дориларни киритиб уни заҳарламаслик керак. Имкон қадар катталар, тажрибали дўхтирлар билан маслаҳат қилинса, улар зарарсиз ва енгил йўлларини айтадилар. Хусусий дўхтирхоналар кўпайиб, дўхтирлардан ҳам инсоф қочиб, болани касал деб оборсангиз, қоплаб дори ёзиб беришдан тап тортмайдиган безбет ва виждонсизлар, инсофсиз ва ёлғончилар жуда кўп. Аллоҳ tavfiq берсин. Чақалоқ аста-секин кулишни, овоз чиқаришни, ўз ҳисларини ифодалашни бошлайди. Кейин ҳар хил ҳарфларни ҳам айтади. Аста эмаклайди. Ўтиришни ўрганади. Ўрнида туришга уринади. Буларнинг ҳаммаси ўз вақтида бўлади. Қизлар эртароқ гапиради, эртароқ овқат ейди, эртароқ эмаклайди, эртароқ юради ва ўтиради. Ўғил болаларда бу бироз кеч бўлади. Шошмаслик, хавотир олмаслик, бу борада қайнонанинг сўзларига қулоқ солиш керак. Бола илиқ сув ичади, уч ойликдан эътиборан жуда кам миқдорда сутдан бошқа, масалан, уй товуғининг қайнатилган тухуми оқидан мошдек миқдорини бир кунда ейиши мумкин. Ойдан ойга бу кўпайтириб борилса, тажрибали дўхтирларнинг айтишича, калсийни таъминлаб беради. Болани ҳадеб ўрантирмаслик, об-ҳавони ҳис этишига йўл бериш керак. Қишда салқинни, ёзда иссиқни меъёрида танаси сезсин, айниқса, бола териси қуёшнинг тонгги нурларига тўйиши керак. Шаҳарда яшайдиганлар ҳар куни болани тоза ҳавода айлантириш соатини белгилашлари керак. Бунда боланинг шамоллаб қолмаслиги чорасини кўрмоқ лозим. Болани фаслга қараб муайян оралиқларда чўмилтирилади. Мутлақо синтетика кийиши мумкин эмас, фақат юз фоиз пахтали юмшоқ кийимлар кийиши шарт. Бир ёшга тўлган бола уйда қозонда пишган овқатларни бемалол ея олади. Меъёрда майдалаб, юмшоқ қилиб берилади. Болага қувват бўладиган нарсалар меъёрда едириш керак. Ҳам она сути, ҳам овқат унинг бақувват бўлиб ўсишига сабаб бўлади. Бола кундан кун ширин бўлади, ўйинчоққа қизиқади, эркалик нималигини билади; боладан меҳр ва шафқат аямаслик лозим. Албатта, ўз вақтида ухлатиш шартдир. Шундай қилиб, бола икки ёшга киради. Унинг чақалоқ даври тугайди, энди савол бериш ва фикрлаш даврига навбат етади.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.