Mumtoz oila
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
Учинчи фасл
Улғайиш поғоналари
Икки ёшдан кейин боланинг улғайиши тезлашади – тугамайдиган саволлар, чақнаб турган кўзлар, ўйинқароқлик. Бола ўз номи билан бол! Бол-а?! Яъни асал-а деган сўзга ўхшайди бола сўзи. Аммо унинг тарбиясига синчковлик, зийраклик билан ёндашмоқ лозим, боланинг бол эканлиги кишини алдаб қўймасин. Яъни болага меҳр кўрсатиш ва шафқат қилишда ҳаддан ошиб кетиш исталмаган оқибатларга олиб келади. Аниқликка эришиш учун айрим муҳим деб билганимиз тавсияларни рақамлар билан санаб ҳавола этсак: 1. Болага чучук тилда эмас, тўлақонли катталар тилида гапирилади. 2. Болани вундеркинд қилиб тарбиялайман дейилмайди, унга бир қаричлигидан ўқиш-ёзишни ва бошқа нарсаларни ўргатаман дея болалигини, шўхлигини ўғирлаб қўймангиз. 3. Энг муҳим ва нозик масала: катталар, хусусан, ота-оналар келиша олмай қолсалар, масалани болаларнинг кўзидан четда, алоҳида ҳал қилингиз. Ҳеч қачон гўдаккиналарнинг кўз ўнгида шовқин-сурон, адабсизлик қилмангиз.
4. Бола йиқилиши, шўхлик қилиши табиий, лекин ота-она ўзини шундай тутиши керакки, бола эркатойлик чегараси борлигини ўзи тушунсин. Аммо бу чегара бақириш ёки дўқлаш, боланинг юрагини тушириш билан бўлмайди. 5. Болани темир-терсак – гапташир ва дилбузардан узоқ тутмоқ шарт. Бола уч ёшдан кейин эртак ва ҳикоятларни яхши кўриб қолади. Унга турли ўйинчоқлар, рангли расмли китоблар олиб берилади. Кейин китоблардан болаларга қизиқарли оҳангларда турли ҳикоя ва эртаклар ўқиб бериш лозим. Бу нарсалар болага такрорланмас олам туҳфа қилади – бола бу эртак ва афсоналар оламини хаёлида тиклайди, эртак эшитишни севади, шу сабабли энг тоза тасвирлар, тоза сўзлар ва манзаралардан фойдаланилади, эртакларнинг оқибати фақат яхшилик билан тугаши, қўрқмаслик ва жасорат унда мадҳ этилиши шарт. 6. Боланинг ўйин соатлари, ўйин майдонлари ва ўртоқлари бўлиши керак ва буни ота-она назорат қилади. Ўғил ёки қизни киндикка боғлаб олиш керак эмас, ундан каттароқ эсли акалари бўлса, жуда яхши, йўқса, боланинг ёзилиб ўйнаши учун шароит қилиш керак. 7. Болага оз-оздан иш буюриш ва энг кичик ишини ҳам мақташ лозим. Ҳеч қачон боланинг кўнглини ўкситмангиз, у меҳр булоғининг сувига ҳамиша қонсин. Болангизни меҳрга ташна қолдирмангиз. 8. Бола ўз истакларини баён қиларкан, уларни бажаринг, лекин дарҳол эмас, кечиктириб, муҳлат қўйиб, кичик гўдагингиз ҳам ҳамма нарса вақти етганда содир бўлишини, сабр кераклигини шу тариқа ҳис этиб борсин. 9. Беш ёш – олти ёшдан бошлаб ҳар куни ярим соат, бир соат ҳарф танитиш, сонларни ёдлатиш учун вақт ажратган маъқул. Бола олти ёшда ўқишн ва санашни, ҳатто oson ҳисоб-китобларни, рангларни ажратиш, ўйинчоқларни ёйиш ва йиғишни билса, яхши. 10. Бола етти ёшга етганда муомала жиддий тус олади – эркалашларни тўхтатиш ва болага масъулиятли шахс каби қараш босқичини бошланади. Энди унинг ўйин соатлари камаяди, дарс соатлари, оилага ёрдам соатлари кўпаяди. Унга жиддий нигоҳ билан қаралади. Хато қилса, бироз қовоқ солинади, ундай қилмагин-да дейилади. Етти ёшдан ўн етти ёшгача болани қулдек тутиш ҳақидаги ҳикмат бежиз эмас. Бола етти ёшгача тахтда ўтирсин, кейин тахтдан туширилади. Дастлабки етти йил унинг ҳам жисман, ҳам руҳан улғайиш йиллари эди, кейин ҳам унга шикаст етказилмайди, фақат тартиб ва аниқликка, масъулият ва интизомга одатлантириш ҳаракати бошланади. 11. Болага топшириқлар, бажариш бўйиш тушунтиришлар ва муайян вақт берилади. Берилган топшириқ ижроси, албатта, текширилади. Бунга ҳовлини чопиб қўй, уйни тозала, фалон нарсани элтиб бер каби топшириқлар киради. Бола чала иш бажаришига қўйилмайди. 12. Бола пул билан муомала қилишни билиши керак. Унга етти ёшдан бошлаб аниқ ҳисоб асосида пул берилади ва сарф-харажати тушунтирилади, ҳатто шу ёшдан бошлаб боланинг муайян жисмоний (!) меҳнати учун пул бериш мумкин, агар ижодкорлиги бўлса, ижодий иши учун ҳам. Дарс ва бошқа шу каби ишларга эмас, малака ҳамда ақл, жисмоний куч ҳамда вақт талаб этадиган аниқ ишлар учун ҳақ бериш лозим. Топган пулини бирга санаб, ҳамён ёки унинг пулсандиғига жойлаб, муайян қисмини эҳсонга ажратишни ўргатиш керак. Эҳсон дер эканмиз, энг аввал, бобо-бувиларига пул ҳадя қилишни ўргансин. Сўнг камчиқим амма-холаларига. Сўнг қўни-қўшнилар ичидан муҳтожларга. Шундай молиявий тизим қилиш лозимки, боланинг ўзи йиққан пулга ўзига мактаб кийим ва ўқув қуролларини биргаликда харид этиш лозим. Шунда саккиз ёшли бола кийимларини эҳтиёт қилишини, дафтарларини авайлашини, ўзини катталардек жиддий тутишини кўрасиз. Унинг кўз ўнгида жисмоний меҳнат ва вақт пулга – қийматга айланади. Бу уни ўстириб юборади – боланинг миясида бекорчиликка жой қолмайди. Болага уқю, дарс вақтларини аниқ белгилаш керак. 13. Болани ўн ёшида ҳунармандга топшириш керак. Ҳунарманд устанинг покиза, ҳалол ва оилали, шафқатли, хулқи тоза эканлигини қаттиқ текширингиз. Бола ҳар куни уч соат ҳунар ўргансин. Бунда йилларни тақсимлаш мумкин косиблик, дурадгорлик, электриклик, сантехника, ғишт териш, сувоқ, ҳатто тикувчилик. Ҳар йили биттадан устага шогирд бўлади. То ўн етти ёшгача бола ўнта ҳунарни эплай олса, нур устига нур. Шу ёшида чилангар-пайвандчилик (сварка)ни, арава устачилигини (машина тузатиш, велик тузатиш) ўрганса, энди гап бўлиши мумкин эмас! 14. Мактаб ҳамма нарсани бермайди, бугунги саъвиядаги мактаб энг аввало ўқиш, ёзиш, ҳисоб-китоб, жўғрофия, тарих каби фанларни ўқитса, қўшимчасига физика, кимё каби илмларнинг тамал маълумотларини бера олса ҳам катта гап. Бугунги саъвиядаги мактаб бола тарбияси ва фитратига зарба бермаса, уни бузмаса, буюк иш саналур эди. Шу маънода болани хусусий мактаб деб аталган сунъий жаннат иссиқхонасида эмас, ота бошчилигида оила бағрида кўпроқ тарбиялаш ва ҳаётга тайёрлаш бугун долзарбдир. Шу маънода болани соат 12.00 гача ушлаб ўтириб, кейин уйига қўйиб юборадиган расмий мактабга бериш мақсадга мувофиқ келмоқда. Чунки ҳам текин, ҳам боланинг тенг ярим куни ўз ихтиёрида, ота-она ихтиёрида қолмоқда. Боланинг ярим кунини озод ҳолда ўтказишга изн берган мактабга ташаккур айтиб, болага вақт ажратиш ота-она ҳаётига ҳам мазмун бағишлайди, ҳам ота-она сифатидаги вазифасини тўғри бажариш имконини тақдим этади. Ота-она болани фақат ҳунар ёки савдога ташламайди эмас, балки унинг китоб ўқиш ва мустақил илм олиш кўникмаси учун ҳам ёрдамлашади. Ота-оналарга тавсия шулки, мумтоз ва замонавий шоирлар ижодидан турли ҳикматларни болангизга ҳафтада 30 қатордан ёдлатиб борсангиз, яхши бўларди. Йиллар давомида бу ёдлаган ҳикматлар бола тафаккурини қуриб, дунёга нисбатан қарашини тўғри шакл олмоғи учун ҳисса қўшар эди. 15. Болага кийим танлашни – қиммат бўлса, сифатли ва ранги ярашадиган, ўлчамлари мос либос танлашни, шунингдек, ҳалол ва покиза таомларни танлаб ейишни ўргатмоқ лозим. Боланинг онгига фақатгина ўзи ишлаб топган пул эвазига пиширилган овқатни бемалол ейиш мумкинлигини қуйиб қўймоқ шарт. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, болани одам қилиб тарбиялайлик. У нечтадир тилда бидирламасин, замонавий йигит ёки қиз бўлмасин, лекин иродали, матонатли, садоқатли, меҳнаткаш, тадбирли, инсофли, ҳунарли, жасоратли, оилапарвар ва ҳоказо инсоний халқлар касб этиб улғайсин.
Бизнинг шахсий (аслида, тарихдан келган тажриба) тавсия шулки, болангизга аждодларимиз ўрганган эски туркий алифбони ўргатинг, кейин оз-оздан икки-уч йил вақт ичида “Саботул ожизин” китобини ёдлатиб қўйинг, сўнг ўн уч ёшидан бошлаб Сайфи Саройи ҳазратлари ёзган (асли шайх Саъдий ҳазратларига тегишли бўлган) “Туркий гулистон” китобини ўқитинг. Шу аснода Алихонтўра Соғуний ҳазратлари қаламига мансуб “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси” каби китобларни ҳам мутолаа қилиб боргани яхши. Натижада, кўзига дунё ярқираб намоён бўлади. Болангизни тўғри фикрлашга, қатъиятга ўргатсангиз, бас, ундан хавотир олишга ҳожат йўқ: ҳеч ким уни йўлда ура олмайди, ўзлигини йўқотиб, эндиликда чет элда яшаб, вақиллаб юртидагиларга ақл бўлаётган жоҳилларга ҳам ўралашиб юрмайди.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.