Mumtoz oila
ЎНИНЧИ БОБ
ЎНИНЧИ БОБ ОИЛА ИҚТИСОДИ
Ҳар бир оила ўз молиясини ўзи ҳал қилиши керак. Бу оламда ҳалол меҳнат орқали ризқ топишдек ҳаловат йўқ. Ризқ билан боғлиқ икки масалани ҳал қилиб олишга зарурат бор: 1) ризқ Худодан бўлиб, ҳеч қандай сабабларсиз ҳам У бандалар ризқини етказишга қодир Зотдир. Лекин олам сабабият устида тургани учун инсон ризқ сабабларини ушлаши Ҳақ таолонинг оламга ўрнатган қоидаларига итоат ва эҳтиром кўрсатмоғи ҳисобланади. Киши ризқ унинг учун белгилаб қўйилганлигини чуқур ҳис қилган ҳолда сабабларига юзланади. Агар ризқи кенг бўлса, оз сабабият билан катта натижалар бўлади. Агар ризқ тор бўлса, кеча-кундуз югуриб-елгани билан киши ҳеч нарсани қўлга киритмайди. Ҳеч қачон бировдан текин нон тама қилмангиз. Бу жуда ҳам уятли ҳолдир. Ҳеч қачон ўзганинг ҳаққини ҳаром йўл билан олмангиз. Ризқ ҳақидаги бу эътиқод инсонга шу нарсани ўргатадики, энг аввало, ризқ ғами билан бағрингни қон қилма. Ризқинг сенга ҳар қаердан етиб келишига ишон ва шубҳаланма. Иккинчидан, ризқ топаман деб ўзингни ўтга, чўғга, Алининг тиғига урма. Имконинг доирасида ҳаракат қил. Эскилардан қолган нақлларга кўра, кунингдан, ошиб кетса, саккиз соатини ризқ топиш учун меҳнатга сарфла. Қолганини эса оилангга, илмга, ибодатга ажрат. Куннинг энг баракали қисми бу – тонг. Қуёш чиқишидан бир соат аввал ибодатга тайёрлан, кейин ибодат қил, сўнг тиловат ва зикр билан машғул бўл, энг асосий ишларни шу соатларда битир. Куч-қувват етарли бўлади. Агар имкон бўлса, соат 10:00дан 11:00гача ухлаб олиш лозим. Сўнг яна керакли ишлар билан машғул бўлинади. Ҳар куни бир вақтда белгиланган соатларда ухлаш ва белгиланган соатларда ишлаш мақсадга мувофиқ. Қўлимизда дажжолнинг кўзи дея сифатланган гапташир бор. Ана шу нарсани тийиб олсак, олам гулистон. Бу ярамасни ҳар куни соат 08.00дан кечки соат 20.00гача ишлатиб, сўнг ундан узилсак, қанийди! Кўпроқ тўрни (интернет) назарда тутмоқдамиз. Саккиз соат. Тамом. Бир соат ҳам қўшмаслик керак. Бир дақиқа ҳам. Лекин шу саккиз соатда чин дилдан ишлаш лозим. Шунда ҳаммаси жойида бўлади, насиб. Шундай қилиб, иш соатлари ва ризқ ҳақида билиб олдик. Энди оила молиясини оқилона ҳал қилишнинг иккинчи асоси маслаҳатга боғлиқ. Бу оила аъзоларининг ҳамёни битта бўлиши дегани. Модомики, оилада битта қозон қайнар экан, ҳамён битта бўлсин. Ҳамма топган пулини отага топшириши керак.
катта ва кичик харажат деб аталган нарсалар бор. Кичик харажатларни она ҳам идора қилади, лекин катта харажатларни ота ҳал қилмоғи шарт. Агар оила ёш бўлса, эр-хотин ўтириб, бизга ҳаётда энг кераги нима деган саволни ўртага қўйишлари керак. Озиқ-овқат, кийимлар, темир-терсаклар етарли эканлиги маълум бўлгач, ортиқча нарса олмасликка келишиб олишлари керак. Шаҳар дўконларидаги қўғирчоқларнинг чиройли қилиб кийинтирилганига сўлак оқиб қараб, янги латталар сотиб олишдан, ҳар хил кўча овқатлари ва ошхоналаридан одам ўзини тийиши маъқул. Шу тариқа пулни жамлаш ишларини бошлаш, умумий жамғармадан эҳтиёткорлик ила режа билан харакат қилмоқ керак. Катта қоп ичидаги донни кичик тешик тўкиб ташлай олгани каби майда харажатларга жуда жиддий қараш лозим, кераксиз майда харажатларга йўл қўймаслик шарт. Кераксиз ҳолда ёқиқ қолган чироқ, оқиб қолган сув, эътиборсизлик ила синдирилган ускуна, йиртилган мато, қалин арчилган картошка, қозонга керагидан кўп солинган ёғ, тўкилган қуруқ чой, ортиб ва ачийдиган овқатлар, қотиб қоладиган ва ташлаб юбориладиган нон, охиригача ишлатилмайдиган тиш пасталари – буларнинг ҳаммаси исроф дейилади ва бу ишлар қашшоқлик пойдеворидир. Ким буларга эътиборсиз қара, унинг номи аҳмоқдир. Жоҳилдир. Оилада аёлнинг орзу-ҳаваси кўп. Кўчада юрган бошқа бир хотиннинг тилласи ва қиммат кийими унга ботади. Шу сабабдан оқила хотин эрига итоат қилган ҳолда шайтон ва нафснинг бундай васвасаларига алданмайди. Пулни тежаб-тергайди. Агар аёл пулни тежамаса, рўзғорда барака бўлмайди. Нимагадир пул сарфлашдан аввал у керакми деган саволга аниқ жавоб топмоқ шарт. Бараканинг асоси – поклик. Уйни пок тутиш барака ва фаровонликка эшик очади. Шундай қилиб, пулни жамлаш ва тежаш ҳақида гаплашиб олдик, тежалган ва жамланган пулни пулсандиқда (сейф) сақлангиз. Оила бошлиғи эр мавжуд пул миқдори ҳақида ҳеч кимга сир бермагани маъқул. Хотин ҳам бойлик билан мақтанадиган аҳмоқлар тоифасига кирмасликка жидд-у жаҳд этсин. Пули кўпайган сабабли ўзини устунлик ҳис этадиган одам, қайси жинсга мансуб бўлса ҳам, аҳмоқдан бошқа сифат унга ярашмайди. Пулни нимага сарфлаш керак? 1. Илм олиш учун пулга муҳтожмиз. Чунки илм китобдан олинади – китоб сотиб оласиз; устоздан ўрганасиз, албатта, устоз сўрамаса ҳам, унга ҳақ беришни виждонли одам ўзига вожиб деб билади. Ўта қашшоқ ва инсофсизлар илмни текин оламан деб ўйлайди. 2. Уйингиз бўлмаса, уй, аниқроғи ҳовли олишга йўналтирмоқ тўғри иш. Аслида, инсон яшаши учун ҳовлидек яхши макон топилмайди. 3. Арава, яъни машина. Узоқни яқин қилади, зарурат туғилса, “боқади”. 4. Фарзандлар келажаги учун сармоя. Болани ўқитиш, унинг харажатлари учун пул керак. 5. Ота-онага хизмат, уларни турли ҳадялар билан хурсанд қилиш учун ҳам пул зарур. 6. Муҳтож ва бечораларга ёрдам беришда пул жуда яхши ёрдамчи. Пулни кўпайтириш фақат уни йиғиш билан эмас, балки садақа ва эҳсон билан ҳамдир. Пул миқдори нисобга етса, закотни севина-севина бериш шарт. Пулни дам олишга сарфлаш масаласи ҳам бор. Ҳозир чет элга бориб дам олиш урфга кирган. Шунга тарғиб этадиганлар ҳам бор. Ҳар кимнинг танлови ўзиники. Лекин ҳар қандай сафарнинг аниқ мақсади бўлмаса, унга шунчаки пул сарфлаш ҳам ақлдан ташқари иш. Сайр-у саёҳатнинг шундай сабаблари бўлиши мумкин: 1. Илм, яъни илм талабида узоқ юртларга сафарга борилади. 2. Тижорат, яъни ўз юртига керакли мол-товарларни олиб келиб сотиш учун саёҳатга чиқилади. 3. Сиҳҳат-саломатлик, яъни хаста одам тузалиш мақсадида даво излаб сафарга отланади. 4. Ибодат, яъни ҳаж ёки умра учун сафарга борилади. 5. Зиёрат, яъни улуғларнинг дуосини олиш учун ва ўтганларни йўқлаш учун мақбара, турба ва қамдажоларга борилади. 6. Таъқиб, яъни инсон жонига зулм ва ҳақсизлик, хатар ва хавф етса, сафарга чиқилади. 7. Хизмат, яъни ишхона ёки улуғларнинг муайян топшириқларини бажариш учун сафар қилинади. Бу рўйхатга биз ишни киритмадик, ҳолбуки, ҳозир аксар одамлар иш излаб чет элга кетишади. Ризқ топишнинг мутлақо иложи йўқ бўлса, эҳтимол, сафар мумкиндир, лекин сабр ила ризққа қаноат қилиб ватанда яшашни афзал деб ўйлаймиз. Узоқ муддатга ишлайман деб хотинни, болаларни ёлғиз ташлаб кетиш инсоний ҳаётга мос бўлмаса керак. Чунки бу муаммо ҳам маънавий, ҳам жисмоний аччиқ оқибатларга олиб келади. Эр ва хотин бир оила бўлса-ю, саргардон яшаши, болаларнинг тарбиядан четда қолиши чиройли эмас. Агар бой бўлиш, пулдор бўлиш, тўқ яшаш пешона бўлса, шу ерда ҳам ризқ кишини топиб келади. Ундай бўлмаса, ёт юртларга бориб, аввало, иймон, тақво, тарбия, соғлик ва хотиржамлик хатарга қўйилади. Чунки ҳалол ва ҳаромни фарқлаш зеҳниятида бўлмаган элларда чўчқа гўштими, ит гўштими, овқат қилиб берилаверадики, бу каби нарсалардан ҳалқумни салқаш жуда катта муаммо. Кейинчалик ҳам келгиндилик тамғаси одамга иззат топиш эшигини ёпади. Барибир, ёт юртда бўйин қисиб яшашга мажбурсан. Халққа ўзинг қанчалик бой-у бадавлат, тўкин-у тўкис кўрсатма, ёт улусда бошинг эгик, бўйнинг қисиқ, даминг ичингда эканлигини ўзинг биласан. Бегона давлатнинг нонини еб, сувини ичгач, ҳамма нарсасига чидайсан. Шу сабабли ўз юртинг ва ўз маҳаллангдан қўймасин. Қарз масаласи ҳам бор – имкон қадар қарздан сақланмоқ жоиз. Қарз инсонни қул қилади. Қарз берганнинг олдида эгилишга мажбурмиз. Худо ҳамма қарздорларга нажот берсин! Энг катта огоҳлантириш – бир қатра ҳам ҳаромни уйга киритмангиз! Бир тийин ҳам ҳаром пулни сарфламангиз! Ҳаром икки дунёмизни хароб қилади. Сўзимиз сўнгида энг биринчи гапга қайтамиз – ризқ ташвишига қул бўлмаган, исроф қилмаган, тамадан, қарздан сақланган, режа билан сарфлаган, керак бўлса, харажат дафтари тутган, эҳсон ва садақани, қаноат ва шукурни лозим тутган оила бой бўлади, ҳеч кимга қарам бўлмайди.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.