Тил

Mumtoz oila

ЎН БИРИНЧИ БОБ

ЎН БИРИНЧИ БОБ — расм

ЎН БИРИНЧИ БОБ

ОИЛАДА ТАОМЛАНИШ, САЛОМАТЛИК ВА ТОЗАЛИК

Саломатлик ва поклик ҳамиша ёнма-ён. Оилада поклик ва саломатликни сақлаш бир-бирига узвий боғлиқдир. Табиийки, саломатликнинг яна бир асоси – таомдир. Поклик ва таом талаб этилганидек бўлса, бутун оила соғ ва саломат бўлади, Худо хоҳласа. Таомланишда ҳалоллик ва поклик қоидасига – тамойилларига суянмоқ керак. Ҳалоллик дер эканмиз, ҳалқумга тушиб, ошқозонга борадиган ва қувватга айланиб, танага сўриладиган, сўнг ортиқча қисми ташқарига чиқиб кетадиган емакнинг пешона теридан топилган пулга тайёрлаш ҳақида гапиряпмиз. Овқат учун ёғ, ун, пиёз, картошка, сабзи ва ҳоказо сабзавот ва маҳсулотларни пулга сотиб оламиз, ана шу пул ўзимизнинг она сутидек ҳалол, ишлаб топган пулимиз бўлсин. Бировни қон қақшатиб, қарғишига учраб, пора сифатида ёки ўғирлаб, алдаб ундирилган пулга нон олмайлик. Ундай пул ҳаром дейилади. Инсон давлат ишида ишлайди. Давлат унга ишлагани учун ойлик беради, лекин киши бу маошга қаноат қилмайди, балки ўзига муҳтож одамлардан қўшимча пул талаб қилади, бу пулнинг номи ришва ёки пора дейилади, уни олиш – ҳаром. Бунга шубҳа йўқ. Иши битиши лозим бўлган ҳар қандай бечора ва мазлум ҳатто садақа деб ҳам шу пулни беради. Лекин пул бермагани учун одамларни даволамайдиган дўхтир, илмий ишни тасдиқламайдиган валломат, ҳужжатларни имзоламай айб топадиган корчолон, айбсизни айбдор деб ҳукм қиладиган, ҳатто туҳмат уюштирадиган миршаб ва қозилар, умуман, мана шу ишни қиладиган барча одамлар ҳаром луқма емоқдалар ва улар устидан одамларнинг қарғиши ёғилиб турибди. Инсон давлатнинг ишига кирдими, у ойликка қаноат қиламан деб кирди, қаноат қилмаса, борсин ва бошқа иш қилсин, лекин давлат номидан ҳам халқнинг, ҳам давлатнинг ҳаққини емасин. Ўзи еса ҳам, майли, бола-чақага едиришига нима дейсиз?

Шундай қилиб, емак учун ҳалол пул сарфлаш кераклигини эсладик, энди картошка, пиёз-у сабзини арчиб, овқатга солишдан аввал уларнинг ҳар бирини уч марта устида сув оқизиб ишқалаб ювмоқ керак. Ҳа, шундай: сабзавотга сув қуясиз, ишқаб ювасиз, сувни узасиз, яна шу шаклда уни ювасиз. Тухумга жиддий қараш керак. Тухум товуқнинг ахлат чиқадиган жойидан чиқади ва унинг қаттиқ юзаси товуқнинг шилимшиқ ва шаффоф ахлати билан қопланади, уни камида кул ёки махсус гел билан ювмасангиз, кетмайди, уни чақиб товага солар экансиз, ўша шилимшиқ эриб, биргаликда овқатга, овқат орқали сизнинг қимматли танангизга кириб боради, шу сабабли тухумни куллаб ёки геллаб уч марталаб ювмоқ лозим ва лобуддир. Идишларни ҳам ахлат ёки нопокликдан тозалаш кифоя эмас, уларни яна уч марта алоҳида сув оқизиб ювиб олиш талаб этилади. Қўл ювишга ҳам жуда эътиборли бўлинг: хожатхонадан чиққач, албатта, совунлаб ювинг. Ювганда ҳам бутун панжангизни ва қўлингизнинг бўғимларигача, бармоқлар орасини ҳам уч мартадан алоҳида ювинг. Овқатга кирли сувлар томчиламаслигига диққат қилингиз. Бундай ишларга эътиборсизлик натижасида таомингизга ифлослик, кир аралашади. Бу нарсалар таом таъмини бузмаса ҳам, вужудингизга кириб, қонингизга қувват ўлароқ аралашиб, таъбингиз хира бўлишига, безбет, сурбет, қалби қаттиқ, ақли фалаж одам бўлишингизга етаклайди. Қўл ювмай нопок идишларда чап қўлда овқат ейдиган одамлар, албатта, кир қалблидир, албатта, уларнинг ақли калтадир. Демак, таомни энг покиза маҳсулотларни пок бўлгунча ювгач, ишлатишга келишиб олдик. Покиза маҳсулот дер эканмиз, биз учун ҳалол саналган гўшт ва нарсаларни назарда тутяпмиз. Бисмиллоҳсиз сўйилган эт, чўчқанинг гўшти, итнинг гўшти ва умуман ҳаром нарсаларни умуман емаймиз, зотан, уларни ювсангиз ҳам поклаб бўлмайди. Таомлар фасл ва об-ҳавога кўра суюқ ва қуюқ ҳамда қувватбахш бўлиши аҳамиятли. Хамиртурушли хамирдан бўлган нонни ейиш керак. Имкон қадар шкалат, печение, умуман, кўчадан пиширилган ҳар қандай турдаги пишириқлардан четланган яхши, сабаби аввало поклик тамойилларига қанчалик риоя этилганлиги бизга қоронғу, иккинчидан, уларнинг таркибига айнишга қарши қўшиладиган кимёвий сунъий моддаларни камина секин таъсир этувчи заҳар деб билади. Шу сабабли ҳар бир оила ейдиган ҳамма нарсасини ўзи қўлда тайёрлагани энг мақбул ишдир. Ҳатто ишхонада қилинадиган тушликни ҳам уйдан олиб кетиш яхши одат. Қолаверса, уйда тайёрланган овқат кўчада пишган шубҳали овқатдан бир қанча марта арзонга тушади. Дастурхонда рангли ҳар қандай ичимлик, рангли ҳар қандай ширинлик турмаслиги керак. Балки туршак, қоқи, майиз, ёнғоқ, хандон писта, новот, асал, сариёғ ва уйда тайёрланган нарсалар билан дастурхонимиз тўлиши гўзал ва оқилона бўлур эди. Оилада тўрт маҳал таомланиш тавсия этилади. Эрталаб нонушта, тушлик, асрдан аввалги кичик таомланиш (буни айрим ҳудудларда алвон дейишади), сўнг кечкилик. Энг муҳим қоида шулки, таом вақтида уйда бўлган ҳамма мажбурий-ихтиёрий дастурхонга келсин. Ҳеч ким хафаман, вақтим йўқ, бандман дея четда қолмасин. Албатта, ҳамма бир вақтда дастурхонга келсин, бир вақтда овқатланишни бошласин, табиий, оиланинг катталари овқатни бошлаб берадилар; ҳамма бир вақтда овқатдан турсин, ҳеч ким бор неъматлардан четда қолмасин, ҳамма Аллоҳ берган ризқдан баҳраманд бўлсин, барака дегани шудир. Яна муҳими шуки, бир вақтда овқатланганда ҳамманинг қорни тўйсин, шунда бевақт овқат излашга ҳожат қолмайди, тартибли таомланиш билан семириш ёки ошқозон касали ҳам бўлмайди. Камина ўз оиламиз тажрибасидан келиб чиқиб айтсам, амаки-аммаларим орасида ошқозон касали йўқ, чунки у хонадонда ҳамиша ҳамма бир вақтда белгиланган соатда яхши ва чиройли овқатланади. Қорин яхши тўйса, одамнинг хаёли чалғимайди ва яхши ишлайди, яхши илм олади, яхши ибодат қилади. Чимдиб овқатланиб, кейин ҳар ярим соатда тўйиш билмай тимирскиланиш ахлоқ жиҳатдан ҳам, соғлик талаби жиҳатдан ҳам тўғри эмас. Овқатланиш ҳақидаги умумий ва муҳим гапларни айтдик. Овқатланганда шошмаслик, чапиллатмаслик, кекирмаслик, ўз олдидан олиш, шошмай чайнаш ва шу каби одоблар ҳар кимга маълум бўлса керак, албатта. Яна муҳим қоида шуки, овқатни етарли тайёрлаш керак – ортиб ёки етмай қолмасин, ортган овқатни музлатиб, иситиб ейишдан қочиш, балки доим янги овқат тайёрлашга интилиш керак. Бу масалада дангасалик қилмаслик керак, ҳар сафар янги овқат тайёрлаш камида овқатдан заҳарланишнинг олдини олади. Бу оила саломатлиги учун зарур бўлган таомланиш одоби ҳақидаги сўзлар эди, энди эса ҳовли, уй, кийимларнинг тозалиги ҳақида бироз тўхталамиз. Оилада кунда икки маҳал тозалаш ишлари бўлиши тавсия қилинади. Яъни уй бекалари, қизлар эринмай ишни аниқ тақсимлаган ҳолда ҳовли ва хоналарни эрталаб ва кечга яқин тозалаб чиқишлари шарт, бу супуриш, пол ва чангларни артиш дегани. Бу иш йил ўн икки ой, ҳафтадан етти кун одатий бўлмоғи керак. Тозалик табни соф ва покиза тутади, инсонни соғлом ва хушчақчақ кайфиятда бўлишини таъминлайди, бундай оила болалари ҳам покиза зотлар бўлиб улғаядилар. Тозаликка ўрганган одам озгина кирликка чидай олмайди. Тоза-ку деб тозалашдан қочиш оқибатда исқиртликка ўрганиб, ифлосликни одатий деб қабул қилишга етаклаб боради. Покизаларга шарафлар бўлсин! Уйда кир кийим уюлиб ётмасин, кир бўлган кийимларни тезда ювиш, айниқса, ич кийимлар поклиги бирламчи назоратда бўлиши шарт. Иссиқ кунларда ич кийимлар ҳар куни покланса, мақсадга мувофиқ. Жисмнинг поклигига ҳар бир киши жуда қаттиқ қараши, ота-оналар болаларнинг тоза юришига жуда эътиборли бўлишлари керак. Аёлларнинг ва эркакларнинг ич кийимлари бегоналар тугул, ҳатто оила аъзоларининг кўзига тушмаслиги керак. Ҳовли ва хоналар хушбўй туриши учун райҳон ва атиргуллар ҳамда бошқа турдаги гуллар экилиши лозим. Хоналарга ҳар куни янги узилган гуллардан сув солинган гулдонларга солиб қўйиш тавсия этилади. Оила бу ишлардан эринмаслиги керак. Ҳар куни бу ишларни қилиши лозим. Тозалик ишларидан кейин чиройли гулдор дастурхон устида иссиққина чой ва қаҳва ичиш қандай ҳам ажойиб, шундай эмасми? Масалан, пашмак, ҳолва, шафтоли ёки ўрик ёки нокдан тайёрланган мураббо ёки хурмо билан? Зўр-а? Бундай ҳаловатни фақат покизаликни севганлар билади ва улар бунга муносибдирлар! Дарвоқе, тозалаш бу фақат аёллар иши дегани эмас, эркаклар ҳам эшик тагларини, уй ичларини супур-сидир қилишда, артиб-суртишда имкониятларига қараб ёрдам берсалар, фазл бўлади. Мабодо кўчани тозалаш керак бўлса, бу иш фақат эркакнинг зиммасидадир. Эркак ўз маҳрам аёлларини кўча тозалашга чиқариб қўймайди. Шундай қилиб, сўзимини якунласак: ўз вақтида шундай ҳалол, покиза таомланадиган, покиза яшайдиган, ичмайдиган, чекмайдиган, асабийлашмайдиган, ҳеч бақирмайдиган, зулм қилмайдиган хонадонда бирор киши касал бўлиши мумкинми? Ахир, ақл ва фаросат билан касалликлар эшигини ёпиш мумкин экан-ку! Кутилмаган мусибатлар ва балолар-чи дейсизми? Бировнинг бурини қонатмасангиз, ҳалол яшасангиз, балолар сиздан йироқ туради, қолаверса, ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келаётган дуоларни ўқиб юрсангиз, сизга ҳеч қандай кутилмаган бирор мусибат шикаст бермайди Худонинг изни ила.

Акром МАЛИК

1 840марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ЎНИНЧИ БОБ

    ОИЛА ИҚТИСОДИ Ҳар бир оила ўз молиясини ўзи ҳал қилиши керак. Бу оламда ҳалол меҳнат орқали ризқ топишдек ҳаловат йўқ. Ризқ билан боғлиқ икки масалани ҳал қилиб олишга зарурат…

    6 дақиқаMumtoz oila

    ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

    Учинчи фасл Улғайиш поғоналари Икки ёшдан кейин боланинг улғайиши тезлашади – тугамайдиган саволлар, чақнаб турган кўзлар, ўйинқароқлик. Бола ўз номи билан бол! Бол-а?! Яъни…

    6 дақиқаMumtoz oila

    Тўққизинчи боб

    ЮКЛИ БЎЛМОҚ, БОЛА ПАРВАРИШИ ВА ТАРБИЯСИ Иккинчи фасл Чақалоқ Чақалоқнинг туғилиши – катта бахт. Бу ўринда ёш онани ҳамма қўллаб-қувватлаши лозим: кўпроқ қайнона бу ўринда…

    6 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.