Тил

Mumtoz oila

ЎН ИККИНЧИ БОБ

ЎН ИККИНЧИ БОБ — расм

ЎН ИККИНЧИ БОБ ОИЛАДА ТАъЛлМ ВА ИЛМ

Илм ҳақиқатларни бизга англатгувчи воситадир. Илм бўлмаса, илм билан машғул бўлмасак, ҳар биримиз жаҳолат ботқоғига ботамиз. Тасаввур қилинг: ҳар бир оила китобхон, ҳар бир оила илмнинг қийматини чуқур англайди; илмига ихлос билан амал қилади. Илм мақсади ҳамда вазифасига кўра турличадир. Энг аввал илм фойдали ва фойдасиз илмга ажралади. Фойдали илм мушкилотингизни oson қилиб, қалбни ва ақлни зулматдан ёруғликка олиб чиқиб, руҳингизга осойишталик бағишлайди. Фойдасиз илм сизни янада мушкилотга мубтало қилиб, қалб ва ақлингизни ёруғликдан зулматга ташлаб, руҳингизни хавотир ҳамда васвасага мубтало этади. Фойдали илм амалий илмдир. Амалий илм икки қисмга ажралади: ҳаётий муомала ва руҳий ҳаловат учун зарур бўлган илм ҳамда касб ва ҳунарга оид илм. Ҳаётий муомала учун инсонга адаб илми керак. Адаб – ҳар кимга ва ҳар нарсага керак бўлган муомаладир. Адаб илми фаросат ва ақлни ривожлантирувчидир. Адаб илми инсоннинг ботини ва зоҳири учун керак. Зоҳирий адаб сўзлаш, сўз танлаш, ён-атрофдаги ҳар бир инсонга мос шаклда юзланмоқдир. Зоҳирий адабнинг энг биринчиси бу сўзни камайтиришдир, кўп гапириш орқали барча бало келади. Гапирганда фақат яхши сўзни сўзлаш иккинчи қоидадир. Ибодатлар ҳақидаги илм фойдали илм ҳисобланиб, бу ҳақда “Оилада ибодатлар” бўлимида тўхталамиз. Ботиний адаб қалбни ва хаёлни ёмон хаёллардан поклаш илмидир. Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилиш, шаҳвоний ва ҳайвоний ўйлар суриш кабилардан халос бўлиш учун бу илм зарур ҳисобланади. Касб ва ҳунарга оид илмлар шундан иборатки, инсон қайси касб ёки ҳунар билан машғул бўлса, шу соҳанинг илмини чуқур ва атрофлича билиши шарт, шунингдек, бу бобда ўз маҳорати ва маълумотларини кенгайтиришдан асло тўхтамаслиги лозим. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа қандай соҳа бўлмасин, киши унинг илмларини пухта ўзлаштириб, амалиётга жорий қилсинки, бу унинг учун мажбурийдир. Касб ва ҳунарга оид илмлар инсоннинг моддий тириклиги учун зарурдир, шу сабабли аксар инсонлар бу масалада жуда жиддий машаққатларга учрамайдилар, лекин қалб ва ички дунёни покиза ва ҳаловатли ҳолда сақлаб туриш, ақлни доимий фойдали тафаккур билан банд қилиш кўпчилик одамлар учун жуда катта қийинчилик туғдиради. Одамзод ҳар куни таом ва сувга, шунингдек, жисмоний покланишга эҳтиёжманд бўлгани каби руҳини ҳам озиқлантиришга муҳтожлиги бор. Руҳнинг муҳтожлиги илм ва маърифат билан қондирилади. Шунинг учун одамзод доимий равишда инсонийлик ва эзгуликка чорлайдиган, ваҳшийлик ва ёвузликдан қайтарадиган илмларга, китобларга, мутолаа ва суҳбатларга юзланиб турмоғи лозим. Ҳар куни камида уч марта таомга, икки марта ювинишга зарурат бор экан, илм олиш ва маърифат суҳбатларига ҳам бундан кам бўлмаган даражада таважжуҳ кўрсатмоғи керак. Тананинг қуввати ва роҳати учун покиза ва ҳалол таом, ширин ва зилол сув тутқазамиз, агар нопок ва ифлос емакни жисмимизга киритсак, албатта, касалликка чалинамиз. Энг қизиғи, инсоннинг вужудидан у еган нарсаларнинг ҳиди чиқади. Чўчқа еса, чўчқанинг ҳиди, ит еса, итнинг ҳиди; ароқ ичса, ароқнинг ҳиди; гулоб ичса, гулобнинг ҳиди чиқади. Қўйнинг асл ҳиди хушбўйдир, фақат унинг таглари тозаланмаса, ахлат кўпайиб, ахлат устида ётавериб, тирик қўйнинг гўшти ҳидланиб қолади. Шу сабабдан қўй гўштини еган одамнинг терисидан ҳам яхши ҳидлар таралади. Илм ва маърифат, китоб ва мутолаа, суҳбат ва дийдор қалбнинг озуқаси экан, бу озуқанинг ҳам пок ва ҳалоллиги эътиборлидир. Таом оғиздан томоққа, томоқдан бўғизга, бўғиздан ичкарига тушар экан, илм ва маърифат кўз ва қулоқ орқали қалбга йўл олади. Оғизга ҳар нарсани тиқавериш мумкин эмас, кўз ва қулоқдан ҳам ҳар нарсани қуявериш яхши эмас. Нопок таом ошқозонга тушиши билан инсон танасини оғир ва лоҳас аҳволга солгани сингари нопок сўз ва нопок тасвирлар қалбни ана шундай қийноққа ташлайди.

Таомларни аралаштириб еб бўлмагани каби бир-бирига маъноси зид бўлган нарсаларни ўқиш, эшитиш ва кўриш ҳам қалб ва хаёлни чалғитиб юбориши табиийдир. Танамиз жисм бўлгани сабабли ундаги заҳар тезда ўзини кўрсатади, лекин қалбимиз латиф ва кўзга кўринмас бўлгани учун заҳарли илм ва фойдасиз маълумот бизга дафъатан сезилмайди, лекин шубҳа йўқки, бу нарсаларнинг хуружи ўзини кўп куттирмайди: тушкунлик, сабабсиз ғам, ҳасад, васваса, хавотир, дангасалик, зеҳннинг пастлиги, хаёлни жамлай олмаслик, паришонхотирлик ва бир қанча маънавий иллатлар айнан ана шу оғуларнинг натижасидир. Ҳатто бу оғулар вужудга таъсир кўрсатади, чунки руҳ вужуднинг ҳар бир ерида жойлашган, руҳга тушган заҳар бутун вужудни эзиб юборади. Руҳ бу заҳардан қутула олмай, қафасдаги қуш ўзини панжарага ургани каби ҳар тарафга уради, шу чоғда, инсон тушкунлик ва кайфиятсизликка мубтало бўлади. Бундан келиб чиқадики, бизнинг қалбимиз ва ақлимиз учун заҳарли бўлган ҳар қандай сўз ва тасвирлардан парҳез қилмоғимиз шарт. Бу сўзларимизнинг ҳаммаси илмнинг аҳамияти ва унинг моҳияти, инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида бўлди, энди оилада қандай қилиб илмни йўлга қўйиш ҳақида гаплашамиз. Илм аҳллари жамиятнинг умумий миқдорига нисбатан ўта камдир. Афсуски, одамлар илм аҳлларини ҳеч қачон муносиб қадрламаган, аксинча, уларга озор ва азият етказишади. Шу сабабли оиланинг биринчи иши – илм аҳлларини қадрлаш ва ҳурматлашдир. Иккинчи иш, масалан, ойда бир марта ишончли ва амали гўзал илм аҳлини уйга чақириб, фарзандлар билан биргаликда ундан илм олишдир. Устоздан бизнинг тарбиямиз, ақл-у фаросатимиз учун зарур, адаб ва инсонийликни ўргатадиган илмлардан улашинг деб сўралади, устоз уйга чақирилади, меҳмон ва икром қилинади, сўнг ота ва фарзандлар жамланиб ўтирадилар, устоз уларга бирор соат китоб ўқиб беради ва савол-жавоблар қилади. Бу хизмати учун устозга яхшигина ҳадя бериш ва яхш сўзлар билан кўнглини хурсанд қилиш керак бўлади. Учинчи иш шуки, албатта, уйда кутубхона бўлиши лозим. Яхши ва янги китоблардан сотиб олиш, ўқиш ва ҳамда устоз ҳузурида уни муҳокама қилиб, маъносини чақиш керак. Албатта, фарзандларнинг ўқишлари, мактаб дарсларига ҳам қараб турилади, мушкуллари бўлса, oson қилинади. Болани репититор ёки ўқув марказига бериш билан иш битмайди, шу сабабли биз бераётган тавсия, иншаАллоҳ, амалий ҳосила берадиган пухта тавсиядир. Бундан ташқари шаҳарда бўладиган яхши илмий тадбир ва суҳбатларга бориш керак. Қаерда илмдан сўзланса, албатта, баҳраманд бўлмоқ лозим. Шубҳасиз, бу ерда фойдали илмлар ҳақида гапиряпмиз. Агар шундай иш тутилса, ҳар бир оила бунга одатланса, албатта, илм инсонларни азиз қилади, ахлоқлини гўзаллаштиради ва инсоф-диёнатли, сабр-у матонатли бўлишлари учун хизмат қилади.

Акром МАЛИК

1 910марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ЎН БИРИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА ТАОМЛАНИШ, САЛОМАТЛИК ВА ТОЗАЛИК Саломатлик ва поклик ҳамиша ёнма-ён. Оилада поклик ва саломатликни сақлаш бир-бирига узвий боғлиқдир. Табиийки, саломатликнинг яна бир…

    7 дақиқаMumtoz oila

    ЎНИНЧИ БОБ

    ОИЛА ИҚТИСОДИ Ҳар бир оила ўз молиясини ўзи ҳал қилиши керак. Бу оламда ҳалол меҳнат орқали ризқ топишдек ҳаловат йўқ. Ризқ билан боғлиқ икки масалани ҳал қилиб олишга зарурат…

    6 дақиқаMumtoz oila

    ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

    Учинчи фасл Улғайиш поғоналари Икки ёшдан кейин боланинг улғайиши тезлашади – тугамайдиган саволлар, чақнаб турган кўзлар, ўйинқароқлик. Бола ўз номи билан бол! Бол-а?! Яъни…

    6 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.