Ҳар кун тонгда бирор матн эълон қилиб турилган эди, лекин айрим ишларга вақт ажратилиши заруратидан бу…
Ҳар кун тонгда бирор матн эълон қилиб турилган эди, лекин айрим ишларга вақт ажратилиши заруратидан бу матнларга сарфланадиган дақиқаларни тежашга ҳаракат қилинди, аммо бугун бир фикр келиб қолдики, Аллоҳдан ёрдам сўраб ёзишга киришилди. Ўлим келмасидан аввал ўлингиз дейдилар. Бу дегани ўлим келмасидан аввал ўлимга тайёр туринг: яхши амалларни кўпайтирингиз, ёмон ишларни тўхтатингиз дегани. Ирфоний маъноси Ҳақ таоло йўлига чиқдингми, бу йўлда келадиган азиятларни ўлик каби қабул қил, дод-вой қилма демакдир. Ўлган одамни кўмишади. Қабрга жойлаб, дўст-у душман тупроқ тортиб қайтадилар. Энг севган одам ҳам қабрга сен билан бирга кўмила олмайди. Ўлган одам ҳам ўзини шундай ҳис қилиши керак экан: фарзандлар, дўст-у ёронлари индамай, балки айрилиқдан ҳеч қандай азоб чекмай кетиб қолишаётганлигини билиб, ўлик гўрдан бош кўтариб, кетмангизлар дея оладими? Ё кимнингдир этагидан тута оладими? Албатта, йўқ. Ўлимдан аввал ўлсанг, қабрга киришдан аввал кирсанг, сени ким тарк этса ҳам, шундай бўласан. Бўлди. Тамом. Куйинма. Кетган одам сени қабрга қўйди. Энди ортга қайтмайди. Қабрни ҳеч қачон очиб, сени тирилтириб оламан деб ўйламайди. Ўлик уни кўмганларни маломат қилмагани каби кетганларни сен ҳам маломат қилма. Тирикларни ўз ҳолига қўй. Сен ўз ҳисобингни kut... Кетганлардан рози бўл. Ҳаётни кўрдинг-ку, қанчалик изтиробли, ҳеч кимга бу изтиробларни раво кўрма. Билдингки, гуноҳкорлар бисёр, кетганларни гуноҳкор бўлишини эмас, савобдор бўлишини хоҳла. Билдингки, олам ғофилларга тўлиб тошган, кетганларни ҳушёр бўлишини иста. Билдингки, дунёда шайтоннинг дўстлари беҳад кўп, кетганларга Аллоҳнинг дўстлиги насиб айласин! Сендаги гуноҳ сабабли улар кетган бўлсалар, шодлан, қандай ҳам покиза одамлар экан улар! Наздингда, улар янглишаётган бўлсалар, у ҳолда куйинмоқ нечун?! Ягона айблари сени тарк этганларими? Бу айблари учун уларни қайси маҳкамага тортмоқчисан? Астағфируллоҳ! Улар очиқ юз ила кетмасалар-да, сен очиқ юз-ла қол. Улар ширин сўз ила тарк этмаган бўлсалар, сен ширин сўз айт. Дунё бундай адоватларнинг жойи эмас ва умр бундай ғамларга совуриш учун берилмаган. Эй азизларим! Кўнглингиз кенг, хотирингиз жам, яхшиликлар дўст, бахтингиз бекам-у кўст бўлсин! Сиз энг тўғри танловни қилдингиз. Энг тўғри ишни қилдингиз. Сиз яхшисига лойиқсиз. Аллоҳга омонат бўлингиз!
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.