Тил

Гуноҳкорга мактуб

Гуноҳкорга мактуб — расм

Кел, ҳамдард. Сен билан бир дардлашайлик. Азизим, мен фаришта эмасман. Фаришта бўлишга даъвойим ҳам йўқ. Қоп-қора тупроқдан яралган одамнинг зурриёдиман. Устига-устак, аслим бирам бадбўй ва ёқимсиз сувдан. Бошқаларни айблаш ва гуноҳкорлардан нафратланишни аҳли зуҳдга қолдирамиз. Улар бу ишни қойиллатишади. Улар сен билан мени шармандайи шармисор қилишни, айбу гуноҳларимизни оламга ёйиб, маломат мағзавасини устимиздан ағдариб, иложи бўлса, оломонни тўплаб, аввал ур-калтак, сур калтак қилиб, кейин тошбўрон қилишни жуда хоҳлашади. Пешонада шу бўлса, кўрамиз. Энди биз аҳли зуҳд ва аҳли тақво бўлган ул шариф зотлар сингари аслзодаю соҳиби каромат эмасмиз, улар каби онадан ҳозиргина туғилган гўдакдек пок-покиза эмасмиз, аксинча, усти-бошимиз ахлат, балчиқ, зулм нажосатига қоришган бечоралармиз. Аҳли тақвога минбарларни берайлик, улар қолаллоҳу ва қола Расулуллоҳ деб лаззатлансинлар. Аҳли зуҳдга зиёфатлар тўри ва давралар тахтини топширайлик, ваъзу насиҳатлар қилиб, масту мустағрақ бўлсинлар! Ул соҳиби кароматларга оломоннинг чувиллашиб чопишию, этагу елкаларини тавоф қилишни қолдирайликки, бундан чексиз бир енгиллик ила осмонларда парвоз этсинлар. Бизга оёқости ва остоналар бўлсин, поябзалларга қоришиб ётайлик. Бизга хароботу вайроналар тегсин, ўргимчак тўрларига ўраниб ухлайлик. Кўзимизга кишиларнинг бигиз бармоқлари санчилсин, таънаю дашномлари, юзларини нафрат ила чирт буриб, сен ҳам одаммисан дея ўтишлари бўлсину, биз ғариб бўлган кўйи индамайлик. Зотан, бу оламнинг сохта байрамларию ясама ҳашаматларининг қайси бир ҳақиқатдан дарак беради? Кимнинг савобу тавбасини Худога маъқул деб айта оласану, қайси гуноҳу исённи мардуд дея оласан? Худо саждага қўйилган қайси пешоналарни жаҳаннамга ҳукм қилишию, қайси туғёнкор ва осийларни жаннат ила сийлашидан аниқ хабаринг борми? Сиймоларидан ҳайбату салобат ёғилганнинг ибодатларини рад этиб, борлиқларидан маъсият ловуллаб, ҳар бир кунлари исённинг зулматида ўтган бечораларнинг гуноҳлари раҳмати илоҳий ила сийланса, кимнинг ҳадди сиғадики, бу хато демоққа! Махлуқлар кўзидаги бирор мартаба Ҳақнинг раҳматига кафолатнома бўлмас экан, яратиқларнинг тилидаги қайси таҳқир жаҳаннамнинг йўлланмаси деб айта оласан?! Эй гуноҳкор! Бир гуруҳ одамлар сафарга чиқдилар. Йўллари ажиб гулзору боғлардан ўтдию, иттифоқо, қоп-қора ва сассиқ бир ботқоққа дуч келдилар. Ҳаммалари шу ботқоққа қуладилар. Ботқоқдан бир амаллаб чиқиб, бироз юрардилар-да, яна балчиққа ботардилар. Ботқоқнинг нариги томонидан чиройли кийинган бошқа одамла уларнинг устларидан кулар, ёрдам беришни истамас ва ёрдам берсак, балчиқлари тегади дея жирканардилар. Бу ҳолдан балчиққа чўкканларнинг диллари вайрон бўлур эди.

Шунда уларнинг ичидан бири яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Худодандир, эй Худойим, бизни бу ботқоқдан қутқар деб қаттиқ илтижо қилди. Шунда Худо унинг дилига умид ва қувват солди. У барча ботганларга айтдики, ҳаммангиз бир-бирингизнинг қўлларингизни маҳкам ушлангиз! Шу тариқа ботқоқ ичида бир занжир пайдо бўлди. Бир-бирларини маҳкам тутган бечоралар балчиқдан қутулмоққа уринардилару, яна йиқилар эдилар. Бу азобга чидай олмай йиғлардилар, лекин барибир яна дўстининг қўлини тутар эди. Уларнинг йиғлашлари, юзларигача лойга ботгани, оғизлари балчиққа тўлаётганлари сал тепада кетаётган озодаларнинг нафратини қўзир эди. Ўзларинг айбдорсанлар, сенлар шу балчиқхўрликка муносибсанлар деб уларга қараб тупиришар ва ўз йўлларидан қўшиқ айтиб, куйлаб давом этардилар. Ботқоқ ичидагиларга ҳам чексиз азоблардан сўнг бахт кулиб боқди: улар соҳилга етдилар. Бирма-бир балчиқдан чиқдилар. Лекин ҳаммалар жуда сассиқ эдилар. Юз-кўзларига асло қараб бўлмас эди. Шунда осмонни булут қоплади. Ботқоқ четидан ўтиб шу ерга келганларни қайғу босди: ҳозир сел ёғса, йўллар лой бўлиб, биз лойда қоламиз-ку! Ҳа, сел ёғди. Сел балчиққа беланган ҳамма одамни ювди. Уларнинг вужудида бир зарра кир қолмади. Улар ялангоёқ ҳолда манзилга роҳат ва шавқ ила югурдилар. Ботқоқ четидан келганлар эса ёмғир сабабли пайдо бўлган кўлмак ва лойлардан ирганиб, эгнилари улар истамаган шаклда кирланиб кетаверди. Эй гуноҳкор!

Ҳикоя моҳиятини тушундингми? Қўй гулистонда кайф сурганларни ўз ҳолларига! Кўзларини ҳаромдан тийган ул аҳли зуҳдга боқма, сен ўзинг каби гуноҳкорга қара. Мен ҳам сенинг бир турингман. Ул соҳиби кароматлардан бирор ёрдам кутма, сен ўзинг каби харобот аҳлларига ёндаш. Ишон, албатта, бу балчиқдан чиқамиз, ишон, ёғадиган ёмғир бизни топ-тоза қилиб қўяди. Ўзи топ-тоза бўлиш ҳеч нарсани ҳал қилмайди, Худонинг раҳматидан кесилма, Худодан қаҳридан хотиржам бўлма. Худо мени гуноҳлардан покламайди дея умидсиз бўлмоғинг Худонинг раҳматини ўз ишларингдан кичик кўришингдир. Худо гуноҳларим учун жазоламайди дея хотиржам бўлишинг ўз қилмишларингни Худонинг қаҳридан катта билишингдир. Иккисидан ҳам Аллоҳ паноҳ берсин! Мен сени гуноҳдан қутқармайман, фақат эртами, кеч, бу ботқоқдан чиқишингга ишон! Сенга ёрдам берадиган бир қўл узатилади, жуда тез орада! Фақат чекинма, ўша умид сари, ўша умидга етаклайдиган йўллар сари юр.

Акром МАЛИК

3 410марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ҲАҚИҚАТДАН ЧАЛҒИМА

    Ҳаётда энг тўғри йўлни танлашга интилиш инсонга хосдир. Қилаётган ишларининг қайсидир жиҳати хато ва нуқсонли эканлигини ҳис қилиб яшаш оғир. Аслида, ўз амалларини тафтиш қилиш,…

    2 дақиқа

    ЎН БЕШИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА ИБОДАТ Ибодат инсон руҳининг қуввати манбаидир. Ибодатсиз инсоннинг руҳи заифдир. Ибодат Эгаси ҳузурида банданинг бош эгиши, ўзини хатарсиз ва хотиржам ҳис қиладиган…

    5 дақиқаMumtoz oila

    ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

    МЕҲМОНГА БОРИШ ВА МЕҲМОННАВОЗЛИК ҲАМДА ҚЎШНИЧИЛИК Бора-бора халқимизнинг зеҳниятидан меҳмон ва мезбон тушунчаси чиқиб кетяпти. Айрим худбинлар одамларни меҳмон қилма деб тарғибот…

    6 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.