Тил

Mumtoz oila

ЎН БЕШИНЧИ БОБ

ЎН БЕШИНЧИ БОБ — расм

ЎН БЕШИНЧИ БОБ

ОИЛАДА ИБОДАТ

Ибодат инсон руҳининг қуввати манбаидир. Ибодатсиз инсоннинг руҳи заифдир. Ибодат Эгаси ҳузурида банданинг бош эгиши, ўзини хатарсиз ва хотиржам ҳис қиладиган лаҳзасидир. Ҳар қандай инсон ибодатга муҳтож. Ибодат учун намуна кўчадан эмас, оиладан олинса; ибодат бегонадан эмас, отадан ўрганилса, бу энг тўғри иш бўлур эди. Ибодат бу, энг аввало, шахсий масала. У билан бировга миннат қилинмайди, мақтанилмайди, ибодат қиляпман деб бошқалардан ўзини инсон устун тутмайди, ибодати учун ҳеч кимдан ҳеч қандай имтиёз кутмайди. Бу ишларнинг барчаси ибодатнинг моҳиятига зиддир. Ким ибодати учун ўзини бошқалардан ажратса, бошқаларга берилмаган алоҳида мақомни кутса, ибодатни фахр воситасига айлантирса, унинг ҳолати ҳар қандай ҳолда ҳам хатарли тус олади. Ўзбек жамияти ибодат бобида илмсизлик ва чорасизлик чангалида қолган. Холис ибодат қилгувчилар инсонларнинг энг яхшилари бўлгани ҳолда улардан қўрқиш, уларни мардуд, қолоқ ва хавфли тоифа деб билиш кайфияти шаклланган. Бунинг бош сабаби – ибодат бобида одамларнинг жуда катта қисми пойдеворий тамал илмларга эга эмаслигидир. Яъни инсонлар ибодат нима ва нега керак деган саволнинг жавобидан хабарлари йўқ. Натижада, кишилар ибодат ишига кўпинча кўр-кўрона ёндашадилар ва ибодат қилаётганларнинг тирикчилик ва хулқ билан боғлиқ ишлари бир-бирга қарама-қарши бўлиб қолади. Масалан, ибодатли одам пул топаман дея ёлғон гапириши, қўпол ва дилозор бўлиши, кибрли ва ҳамма нарсани инкор этгувчи бўлиши ҳам кузатиладики, оқибатда, ибодатга бўлган муносабат янада мураккаблашади. Инсон жисми тупроқдан яратилган бўлса-да, унинг тирик бўлиши учун танасининг 70 фоизи сувдан иборатдир. Сув бошқарилиши қийин бўлган бир моддадир, шу сабабли бўлса керак, инсон ахлоқи ва ишларини бир хил сифатда ушлаб туриш машаққатлидир. Одам ҳар куни ва ҳар доим ҳам тўғри ишларни қила олмайди; ҳар доим ҳам кайфияти яхши ва курашчан юра олмайди; ҳар доим ҳам мулойим ва одобли бўла олмайди – у тез-тез ҳаракатларида издан чиқиб, ҳолати ўзгаришларга юз тутиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун у ибодат қилса, Худога боғланиб, ўзига файз ва қувват ҳосил этади ҳамда хатоларини идрок этади, ҳаётга шавқи ошади, кўплаб ёмонликлардан тийилишга ҳеч йўқса, уринади, ундай бўлмаса ҳам, ёмонликлари учун надомат қилади. Бундан келиб чиқадики, одамларнинг ибодатларига тўсқинлик қилиш, уларнинг ибодатлари учун шароит ҳозирламаслик жамиятнинг умумий руҳий хотиржамлиги ва бахтиёрлигига путур етказади; жамиятда руҳий таранглик ва ўзаро келишмовчиликларни кучайтиради.

Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони шуки, ибодат маърифат билан бирга тирикдир. Бу дегани инсон ибодат билан бир қаторда унинг моҳияти ва заруратини ўрганиб бориши, билганларини такрорлаши, ориф инсонлар суҳбатидан баҳра олиши керак дегани. Маърифат бу энг аввал фойдали илм, балки Ҳақни таниш, одамларни тушуниш, сабрли бўлиш, шукурни севиш, яхшиликка интилиш, ёмонликдан қочиш, камтарлик, хатоларни тан олиш, кечиримли бўлиш, меҳр-муҳаббатни лозим тутиш демакдир. Бундай сифатлар Худони таниган одамда камолотга етади. Маърифат устида пайдо бўладиган ибодат инсонни икки дунёга оид мақсадларга етиши учун восита бўла олади. Демак, ҳар бир оила ўз болаларини маърифатга ошно қилиб, ибодатда собит турадиган инсонлар бўлиб улғайишларига диққат қаратмоқлари керак. Унутмаслик даркорки, маърифатсиз ибодат жаҳолат; ибодатсиз маърифат ёлғончиликдир. Ибодатларни адо қилишдан аввал уларни кўрсатилганидек бажаришни тўғри манбадан ўрганмоқ зарур. Бунинг учун имомлардан ёрдам сўраш керак, астойдил сўралса, ҳеч ким бундан бўйин товламайди. Қонунда ўн саккиз ёшгача диний таълим олиш ёки хусусий диний таълимни тақиқлаш каби бандлар ёки унга муайян жазолар мавжуд. Бундай бандлар, бундай жазолар ибодат ва маърифатнинг уйғунлашуви бўлмагани ҳамда инсонларнинг ибодатларига, иймонларига оид туйғуларидан фойдаланиб, сиёсий мақсадларга эришишга уринишлар бўлгани учун мажбуран қонунга киритилган деб ўйлаймиз. Лекин ҳеч ким инсоннинг Худо билан бўладиган мулоқотига ва унга оид илмга талпиниши йўлига тўсиқ бўлолмаслиги очиқ ҳақиқатдир. Ибодат илмлари ҳосил этилгач, уларни ўз вақтида кечикмай бажариш керак. Шунингдек, оилада турли дуоларни ёддан маънолари билан билиш, ҳамиша бу дуолар билан ишларни бошлаш ҳам тавсия этилади. Чунки дуолар Худонинг изни билан инсонни турли кутилмаган мусибатлардан қалқон каби сақлайди. Одам ҳар бир қадамида овоз чиқармаган ҳолда – шуниси афзал дейилади – дуо ўқиса, ҳар бир ишида Худодан ёрдам сўраса, шайтон ва жинларнинг ёмонликларидан омонда бўлади. Ота-оналар болаларига ибодат ўргатарканлар, бола ибодатдан безиб, уни мажбурий ва ёқимсиз иш деб тасаввур қилиб қолишларидан эҳтиёт бўлишлари керак. Балки ибодатга чиройли сўз билан чорланадики, бу ихтиёрий, севиб бажариладиган амалга айлансин. Айримлар ёшим улғайса, ибодат қиламан дер экан. Ёки ёшим катта бўлиб қолди, уяламан дер экан. Ёки болалари намоз ўқий бошласа, дўппи кийиб қолса, хавотирга тушиб, қандайдир оқимларга қўшилиб қолдингми дер экан. Одам неча ёшга кирмасин, ибодат қилмай юрган бўлса, бошласин, уялмасин. Боласи ўз ихтиёри билан қизиқаётган бўлса, бундан хурсанд бўлиши керак, лекин қайси манбалардан илм ўрганаётганлигини текшириш, маҳалла ёки шаҳар имомлари билан учраштириш, рухсат асосида чиққан китобларни олиб бериб, уни қўллаб-қувватлаш оқил ва босиқ одамларнинг иши саналади. Агар ўзлари хорижий давлатларга қочиб чиқиб, кейин тирикчилик қиламан дея динни сиёсат воситасига айлантирган хоинларни боласи эшитаётган бўлса, буни ҳам қаттиққўллик ёки зулм билан бостириш қийин. Аксинча, уларнинг хато эканлигини таҳдидларсиз ҳолда маърифат билан англатиш йўлидан бормоқ керак. Зотан, ҳар қандай онгсиз эргашиш замирида жаҳолат ётади, жаҳолат зулматини илм қуёши билан ёритмоқ лозим. Ота-она – улуғ. Унинг ақли кўп ва тажрибаси катта, шундан келиб чиқиб, боласига бақириши, уни зўрлик билан нимадандир қайтариши ёки ундаши умуман ярашиқли иш эмас. Боласи билан эркин ва дўстона оҳангда, уни эзмасдан, бошини букмасдан, шаштини синдирмасдан гаплашиш керак. Ҳар бир хонадонда, агар имконият бўлса, ибодат учун алоҳида хона бўлиши мақсадга мувофиқ ва бу хона ибодатлар учун назр қилингач, уни бошқа мақсадда фойдаланмаслик керак. Шунда у хонада файз ва сакийнат пайдо бўлади.

Акром МАЛИК

2 020марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

    МЕҲМОНГА БОРИШ ВА МЕҲМОННАВОЗЛИК ҲАМДА ҚЎШНИЧИЛИК Бора-бора халқимизнинг зеҳниятидан меҳмон ва мезбон тушунчаси чиқиб кетяпти. Айрим худбинлар одамларни меҳмон қилма деб тарғибот…

    6 дақиқаMumtoz oila

    ЎН УЧИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА РЎЗҒОР БУЮМЛАРИ, КИЙИНИШ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ Рўзғор буюмлари ҳар бир оила учун зарурат. Уларни бир неча қисмларга бўлиб ўргансак бўлади: 1. Ошхона буюмлари. Бунга қозон,…

    5 дақиқаMumtoz oila

    ЎН ИККИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА ТАъЛлМ ВА ИЛМ Илм ҳақиқатларни бизга англатгувчи воситадир. Илм бўлмаса, илм билан машғул бўлмасак, ҳар биримиз жаҳолат ботқоғига ботамиз. Тасаввур қилинг: ҳар бир оила…

    5 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.