Тил

ҲАҚИҚАТДАН ЧАЛҒИМА

ҲАҚИҚАТДАН ЧАЛҒИМА — расм

Ҳаётда энг тўғри йўлни танлашга интилиш инсонга хосдир. Қилаётган ишларининг қайсидир жиҳати хато ва нуқсонли эканлигини ҳис қилиб яшаш оғир. Аслида, ўз амалларини тафтиш қилиш, уларни ақл тарозиси ила ўлчаб, қалб кўзгусига солиб, мантиқ қуввати ила текшириб, шунга яраша иш тутмоқ инсонлар ичидан жуда камчиликка насиб этади. Аксар одамлар қилаётган ишим ва яшаш тарзим тўғрими деб савол беришдан маҳрумдирлар. Одамўғиллари шундай саволлар билан бирга умр кечиради. Гоҳида саволига аниқ жавоб топа олмаса ҳам, равшан бир ечимни идрок эта олмаса ҳам, қалбининг тубидан бир нидо: “Хато қиляпсан! Хато қиляпсан! Хато қиляпсан!” – дея сасланиб туради. Киши ўз ишларига назар солади, лекин нима хатолигини англамайди, қалби эса тинчланмайди, хотиржамлик ҳис этмайди. Ана шу ҳолда одамболаси ҳақиқатни излаши керак, нима учун бу азоб-у изтироб дея изланмоғи керак. Излаган, албатта, жавобини топади, асосийси, ёлғонга рози бўлмаслик шарт. Дейлик, энди киши ўз йўлини топди. Бир ҳақиқатни кашф қилдики, бу ҳақиқат унга хотиржамлик берди. Бу ҳақиқат иймонни куфрдан афзал кўради, инсонийликни ваҳшийликдан устун билади, раҳматни адолатдан улуғ деб ишонади, адолатнинг зулмдан буюклигига амин, афвни жазолашдан гўзаллигини аниқ ва равшан, очиқ ва ойдин англайди, ҳикматнинг илмдан нурли эканлигига гувоҳдир, шафқат ва қаҳр уйғунлигини кашф этгандир. Ҳақиқат дейилган нарса куфрга оид бўлса; инсонийлик ва ваҳшийликни аралаштирса; адолат дея раҳматни поймол қилса; адолат ва зулмни фарқламаса; жазолаш дея афвни унутса; илмга уриниб, ҳикматни англамаса; шафқат ва қаҳр орасидаги уйғунликни тушунмаса; ақлдан фаросат аввал юрмаса, у ҳақиқат эмас, балки ноаниқ бир тушунчалар аралашмасидир. Шундай ҳақиқатни кашф этмоқ қасди йигитлик давридан бошлаб, инсон ҳимматининг марказидан турмоғи керак. Нафақат ҳимматнинг марказида турсин, балки барча ҳаракатлари шу ҳимматнинг турткиси билан илгари юрсин, шунда мақсад ҳосил бўлмоғига умид қилмоқ мумкин. Инсон бу ҳақиқатни кашф этганлигини баъзан англамаслиги эҳтимол, чунки ҳақиқат ўз тасдиғини кўрсатмоғи учун вақт ҳам лозим бўлиши мумкин. Башарти, шундай ҳақиқатга учраган одам бу ҳақиқатга содиқ қолиши шартдир. Ҳақиқат уни гуноҳ ва маъсиятдан, хато ва нуқсондан қутқармайди, балки бу нарсалардан нур ва ёруғликка бориши учун йўллайди. Зулмат ва зимистондан қутқариб, асл мақсадга чорлайверади. Башарти, шу ҳақиқат аҳли бўлиб кўринганлардан содир бўлган камчиликларга қараб ҳақиқатдан юз ўгирилмайди. Балки шу ҳақиқатга содиқ ҳолда яшалади. Сени ҳақиқат аҳли деб билсак, сен бунчалар ҳам хатокор ва гуноҳкорсан, сенинг сўзинг ва йўлинг нима бўларди демасин, чунки бундай дейиш кўрлар ва авом кишиларнинг хусусиятидир; иккинчидан, сенга зуҳур қилган нарсанинг ҳақиқати Ҳаққа аёндир. Сен бандалик кўзи билан кўрган нарсангни Ҳақ Ўз басийр сифати ила муттасил кўриб турибди. Сен ул банда ишини Ҳаққа топшир, аммо Ўзинг ҳақиқат устида тур. Ҳақдан ва ҳақиқат талаб қилган ишлардан юз бурма.

Акром МАЛИК

2 350марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ЎН БЕШИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА ИБОДАТ Ибодат инсон руҳининг қуввати манбаидир. Ибодатсиз инсоннинг руҳи заифдир. Ибодат Эгаси ҳузурида банданинг бош эгиши, ўзини хатарсиз ва хотиржам ҳис қиладиган…

    5 дақиқаMumtoz oila

    ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

    МЕҲМОНГА БОРИШ ВА МЕҲМОННАВОЗЛИК ҲАМДА ҚЎШНИЧИЛИК Бора-бора халқимизнинг зеҳниятидан меҳмон ва мезбон тушунчаси чиқиб кетяпти. Айрим худбинлар одамларни меҳмон қилма деб тарғибот…

    6 дақиқаMumtoz oila

    ЎН УЧИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА РЎЗҒОР БУЮМЛАРИ, КИЙИНИШ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ Рўзғор буюмлари ҳар бир оила учун зарурат. Уларни бир неча қисмларга бўлиб ўргансак бўлади: 1. Ошхона буюмлари. Бунга қозон,…

    5 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.