Тил

Mumtoz oila

ЎН ЕТТИНЧИ БОБ

ЎН ЕТТИНЧИ БОБ — расм

ЎН ЕТТИНЧИ БОБ

ЕТИМЛАР

Тасаввур қилинг: бир гуруҳ болалар чуғурлашиб ўйнамоқда. Овозлари билан оламни бошига кўтарадилар. Нималарнидир талашадилар, ўз-ўзидан сакрайдилар ва ҳоказо. Аммо улар орасида бир бола жим бошини эгади, йўқ, у ҳам ўйнайди, лекин табассуми синиқ. Журъати паст. Нимадир унга етмаяпти.

Кейин бирдан болалар: “Дадажон! Дада!” – деб югурадилар. Лекин ўша бола ҳеч қаёққа югурмайди. Яраланган палапондек мўлтирайди. Чунки у югургани билан фойдасиз эканлигини билади. Чунки у дадаси келмаганлигини яхши тушунади. Чунки унинг дадаси йўқ. Чиндан дадаси бўлмаса, майли, унинг ойиси ва дадаси ажрашиб кетишган. Аввал бақир-чақир қилишган, эҳтимол, дадаси ойисини ургандир, эҳтимол, урмагандир, кейин ойиси йиғлаб-сиқтаб кимгадир қўнғироқ қилган. Бироздан сўнг бобо-бувиси келиб, “Кўчада қолган қизимиз йўқ!” – деб невараси билан қизини мошнага солиб опкетишган. Шу билан у хонадонда боланинг дадасини ғийбати бошланган. Суҳбатлар фақат унинг зулми ва ёмонлиги ҳақида бўлган.

Бола буларни эсламас, балки эслар. Лекин у ақлини таниганида дадаси йўқ эди. Уйида тоғаси бор, бобоси бор, бувиси бор, лекин дадаси йўқ. Қизиқ, ҳамманинг дадаси бор, унинг дадаси йўқ эди.

Бола катта бўлди. Мактабга борди. Дадаси йўқ, онаси ажрашган деб гапиришарди. Мактабдан болаларнинг дадалари келиб опкетишарди, лекин унинг дадаси ҳечам келмас эди. Ойиси тирикчилик қиламан деб ишлар, шу сабабли боласига вақт ажрата олмас эди, чунки унинг иши кўп эди.

Ёлғизлик ёмон экан – онасининг боши очиқлиги сабабли унга эркаклар гап ота-ота, охири биттаси уйланди ҳам. Бола янги “дада”никига боришга жуда қўрқди. Истар-истамас борди. Янги “дада”нинг қовоғи сабабли онаси уни тез ухлатар ва янги “дада”ни ранжитмаслик учун тиришар эди.

Бола эса бўйнини қисиб ўсарди. Охири бўлмади, у қачонгача шундай юраман деб ўзини эркин қўйди. Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган бўлди. Хоҳлаган жойига бориб, хоҳлаган жойига келар, онасининг гапига умуман кирмасди. Аста-секин дадаси ҳақида соғинчлар ҳам сўнди. У энди асло дада деган одамнинг меҳри борлигини билмас эди.

Охирги гапларга кўра, у қандайдир жанжалга аралашиб қолибди, пичоқ ебди, аммо тузалгач, барибир айблаб қамаб юборишибди, ўшанда у энди ўн саккиз ёшда эди. Деярли ҳамма унинг отасиз ўсганлиги ва тарбиясизлигини гапирди, лекин ҳеч ким оила машаққатига чидамаган ота-она ҳамда қизи ва неварасини мошнага қаҳрамонлик қилиб солиб кетган ва айни пайтда кўкариб чиққан чол-кампирни эсламади. Ҳеч ким ўшанда: “Эй, болаларим, урушманглар, ярашинглар, аҳил бўлиб яшанглар!” – деб айтмаган эди ва бу гапнинг айтилмагани сабабли шу оила ажралиб кетганлигини ҳеч ким мулоҳаза қилмади.

Етим икки турлидир: чин етим ва тирик етим. Чин етимни Худонинг ўзи паноҳида сақлайди, лекин тирик етим хор етимдир. Тирик етим худбин ва тарбиясиз, сабрсиз ва мулоҳазасиз катталарнинг жинояти қурбонидир.

Чин етим – тақдир. Етим билан муомала қилиш қийин. Чунки унинг кўнгли нозик. У битта гапга кўнмайди, яримта гап унга етмайди. У деярли доим кўнглида ўксиниш билан яшайди. Йиллар давомида унинг яраси уни меҳрсиз бир одамга айлантириши ҳам мумкин. Етимнинг иссиқ овқати, юмшоқ нони, тоза кийими, кенг тўшаги бўлмайди. Унинг ёшли кўзи, ўксик дили, букик елкаси, эгик боши ва аччиқ кечмиши бўлади.

Етимни боққан, уни ўқитган, тарбиялаган одам жаннатидир. Чунки етим ўстиришдек машаққат оламда йўқ.

Бу бобдаги ягона сўзимиз: болани тирик етим қилманг! Фарзандингизга раҳм қилинг!

Акром МАЛИК

2 040марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Дунёнинг оғир юки – ғамдир. У юракни чарчатади, руҳни толиқтиради, ҳатто ҳориган руҳ ўзини ташлаб юборади,…

    Энг яхши дўст – сен учун ғам юта оладиган дўстдир. Аслида, сенинг ғамингни кўтаришадиган одам дўст дейилади. Инсон учун ғамнинг сабаблари кўп. Энг оғир сабаблардан бири –…

    1 дақиқа

    Эртак

    (Ҳикоя) Бир инсон қирқ ёшга кирибди. Жисми кучга тўлиб, ақли камолга етибди. Қўлидан келмайдиган иш йўқ экан: тоғни урса талқон қилар эмиш. Чунки у асилзода оилада туғилиб…

    2 дақиқа

    Ҳақиқатнинг бадали

    Бу дунё ёлғонга тўлиб-тошганини биласанми? Чунки ёлғон ширин. Ҳақиқат – аччиқ. Ёлғон нафснинг талаби, ҳақиқат Ҳақнинг талаби. Банда дунёга Ҳақни севмоқ учун келди. Ҳаққа эса…

    1 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.