Mumtoz oila
БИРИНЧИ БОБ
ОИЛА ҲУКМДОРИ — ОТА
Учинчи фасл Отанинг оиладаги сиёсати
Ота оилада аксар ҳолатларда жиддий ва табассумли одамдир. У хотиржам ва осойишта, вазмин ва оғир-босиқдир. Ота ҳар бир боласини жуда чуқур билади. У боласининг тарбиясини олий ўринга қўяди. Ота ҳали фарзандлари мактабда ўқир экан, улар билан ҳар ҳафта умумий суҳбат ўтказади. Суҳбатнинг маъноси – бу ҳафта ким нималар қилди, нималар қила олмади? Болалардан дўстона шаклда мактаби, устозлари, ўртоқлари ҳақида сўралади. Тингланади. Уларга муайян рағбат маъносида ҳиссий муносабатлар билдирилади: “Ия, шундай эканми? Ҳаа… Вооой. Қойил! Қани, кўрсат-чи?” Хато гапирса ҳам, дарҳол танбеҳ бермайди, суҳбат сўнггида мана шу жойи тўғри бўлмади деб айтади. Муҳим нуқта шулки, оламда фарзанд дунёқарашига таъсир қиладиган энг кучли қувват — отанинг сўзи ва амалидир. Фарзанд отадан эшитган сўзини умрбод қўйиб юбормайди, қулоғига дурдек осиб олади, қалбидан чиқармайди. Отадан кўрганига умрбод тақлид қилади. Фарзанд бугун бўлмаса, эртага; эрта бўлмаса, индинга отанинг насиҳатига, ўгитларига суяниб қолади. Балки даставвал насиҳатлар қийматини тезда англамас, лекин бора-бора тушунади, ҳис қилади, яъни фарзандда ота сўзини унуттирмайдиган фитрий сифат мавжуд, буни ота чуқур билади ва боласига насиҳат қилишдан, ўз сўзларини ҳаётий воқеа ва ҳикоятлар билан зийнатлашдан асло тўхтамайди. Ота илмга ғайратли инсондир. У ҳамиша ўқиш, изланишда бўлиб, бу жараёндан ҳеч тўхтамайди, унинг илмсеварлиги, маърифати оилага, болаларига таъсир қилмай қолмайди. Ота ҳафталик оила мажлисига имкон қадар ўзи шай туради, телефонлар унутилади, ҳамма қизғин суҳбат қилади. Ота болаларини тингларкан, болалар ҳам аввало, ота-онани, сўнг бир-бирини тинглашни ўрганади. Ота ҳамиша она мақомини оилада юқори қўяди, буни амалда ҳам, сўзда ҳам намоён этади, онадан маслаҳат сўрайди, у билан айрим масалаларни муҳокама қилади, болалар онанинг мўтабар ва ҳурматга сазовор эканлигини кўзлари билан кўриб улғайишади. Ота тозаликка қаттиқ эътибор беради: уй, ҳовли, либослар, идиш-товоқларгача тоза бўлишини назорат қилади. Ҳеч бир фарзандининг кир ҳолда юришига изн бермайди. Ота буюрган иши бажарилган ё бажарилмаганини текширади. Яхши бажарилган бўлса, боласини баракалла деб мақтайди; агар камчилиги бўлса, яна мақтаб тузатади. Ота болаларига уларга оғир ва бажариш қийин, имконсиз ишни буюрмасин, бола бажаролмаса, ёки ота амри уйда адо қилинмаса, бунинг сабаб ва оқибати тафтиш қилинмаса, отанинг маънавий қувватига хонадонда путур етади. Ота оилада ўз шаъни ва ҳурматини сақлаб туриш учун курашади, яъни ҳеч қачон ўзига доғ бўладиган амални қилмайди, чунки болалар олдида шарманда бўлиш оғир. Ота боланинг чин маънода соҳиби, ҳамма жиҳатдан боласига эгалик қилади: болага эркинликни, мустақилликни ҳам ҳис эттиради; ҳам назоратда эканини билдиради; бу назорат болага бўлган эътибордан эканлигини сездиради. Ота ҳеч қачон фарзанд олдида тили қисиқ эмас. Фарзанддан ўзини паст ҳолда тутмасин. Бола ўсмирликка яқинлашгдан сиёсат жиддийлашади, бола масъулият нима эканини сезишни бошлайди.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.