Инсонларнинг аксари ўзлари хоҳлаган нарсаларга ишонадилар. Ўзлари ҳақ деб билган нарса учун далил излайдилар.…
Инсонларнинг аксари ўзлари хоҳлаган нарсаларга ишонадилар. Ўзлари ҳақ деб билган нарса учун далил излайдилар. Қалбида мавжуд шубҳани ҳақиқат деб тасдиқлайдиган исботни ахтарадилар. Шул сабаб, кўринган нарса ва ҳодисаларни қалбларидаги гумоннинг тасдиқи деб қабул қилиб, эргашадилар. Аслида, инсон ўз ўйи, раъйи ва истакларини бир четга йиғиштириб қўйиб, ҳақиқатнинг ўзини топиш ва уни англашга ғайрат қилмоғи лозим. Ҳақиқат инсоннинг нафси, ақли ва қалбидаги нарсаларга терс бўлиши эҳтимоли катта. Кўринган нарса кўрингандек бўлмаслиги, эшитилган нарса эшитилганидек бўлмаслиги мумкин. Яшил япроққа ўранган ва салқинлик бахш этаётган дарахтнинг бағрида олов бор деса, ақл қабул этадими? Ҳолбуки, ҳар бир дарахтнинг танасида олов яшайди. Бунинг икки исботи бор: дарахт сув ичмаса, қурийди, уни қуритган нарса ичидаги оловдир. Иккинчи исбот шулки, қуруқ дарахт шохлари ишқаланса, ундан ўт чиқади. Зоҳиран дарахт оловдан узоқ туюлса-да, ботинан у оловнинг қароргоҳидир. Бу каби мисолларни яна келтирса бўлади: оламдаги барча яратиқлар ичидан олов-у, ҳаво-ю, сувни топса бўлади ва ҳоказо. Айтилмоқчи гап шулки, ҳар нарсанинг зоҳири у ҳақидаги ҳақиқатни англатмаслиги табиийдир. Мақсадга қайтсак. Мақсад – инсонларнинг аксари ҳақиқатни изламасликлари ва нафсларига ёққан нарсани ҳақиқат тасбит этиб, унга атроф-жавонибдан далил ахтариб топишлари ҳақида баён қилмоқ эди. Одам гоҳида тилида дилига зид сўзни айтади. Сабаби – жамият нимани яхши деб билса, шуни яхши; ёмон деб билса, шуни ёмон деб айтиш, яъни тақлид табиатидир. Одам кўпинча оммага эргашади; буни ўзи англамайди, ҳолбуки, у омматан ёғдирилаётган ёлғон ва ҳийла ёмғиридан қониб ичиб, шу ичганларини қусаётган бўлади, холос. Масалан, минбарга чиқиб олганлар биз чўкяпмиз деб ҳайқирса, пастдагилар ҳам жўр бўлиб шундай ҳайқиришади. Биз нажот топяпмиз дейилса ҳам, яна такрорлашади. Ақллари буни тасдиқлагандек туюлади. Ҳолбуки, у ақл минбардаги одамнинг тақдим этган далиллар ва таҳлилларига суяниб турибди, холос. Ўзи ҳеч нарсани топгани, англагани йўқ. Сўз узаймоқда, мақсад четда қоляпти. Мақсад – одамлар нафслари истаган нарсани ҳақиқат деб билишлари ҳақида айтиш эди. Энг қизиғи, одамлар нафслари истаган нарсани қанчалик яширмасинлар, улар бу нарсани икки нуқтада юзага чиқарадилар, бу уларнинг ихтиёри билан бўлмайди. Биринчи зуҳур уларнинг ишларидир. Инсон дилидагина яшириб, ўзини ҳар қанча покдомон тутмасин, амаллари унинг нафсидаги истак ва ҳақиқатни кўрсатади. Иккинчи зуҳур уларга бўлган муносабатдир. Кўп ҳолатларда одамларга улар истаган нарса тақдири орқали келади. Агар унинг гумони яхшиликка бўлса, яхши нарсалар; ёмонликка бўлса, ёмон нарсалар; гуноҳ бўлса, гуноҳлар; савоб бўлса, савоблар келади. Шундай қилиб, инсон нима учун мен бунчалик азият чекяпман демасин, шунчаки, унинг ичидагилар қаршисидан чиқиб келяпти, холос. Яъни нолиш ва кимларнидир айблашдан аввал одамзод ўз қалби дафтарининг варақларига тоза ва покиза сўзларни ёзмоғи керакки, у бу сўзларни тақдир йўлларида ўқиб боришга мажбур. Сўзлар чалкашгандек. Қасд қилинган маъно қаёққадир қочгандек туюляпти. Аралаш таомлар ва нопок овқатлар одамни хаста ва ҳалок этгани каби ҳар хил сўзлар ва текширилмаган, тасдиқланмаган маълумотлар; ҳаёсиз тасвир ва овозлар, умуман шу каби нарсаларнинг ҳаммаси кўз ва қулоқ қувурларидан қалб қудуғига оқиб тушади ва қалбни, алалоқибат бутун вужудни бузади. Қалб бузилса, у ҳаром нарсаларга майл қилади; нафс қутурса, инсон уни бўйсундира олмай қолади; ақл адашса, одам тўғри қарорлардан узоқлашади ва ҳоказо. Энди нима демоқчи эдик, яхшиси, рақамлаб айтайлик, эсимизда яхшироқ сақланмоғи учун: 1. Нафсимизга эмас, ҳақиқатга эргашсак, маъқул. 2. Нолимай ва норози бўлмай, қалбимизни тузатишга, ичимизни тозалашга уринганимиз яхши. 3. Кўз ва қулоқларимизни тийиш билан ичимизни пок тутишга муваффақ бўламиз.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.