Mumtoz oila
Ҳақиқат ҳамма нарсадан баланд туради.
Яқинда мактабда ўқувчи ўқитувчига қўл кўтарди ва бу жуда катта шов-шув бўлди. Шунда қандай қилиб ўқувчилар бу даражага қадар етиб келди деган савол мени ўйлантирди. Ва мактабларда эркак ўқитувчиларнинг деярли йўқлиги ва қарийб 99,9 фоиз устозларнинг аёллардан иборат эканлигини бош омил сифатида кўрдим. Фарзандни улғайтиришда ота ва онанинг ўрни бирдек муҳим бўлгани каби ўғил болалар тарбиясида эркак муаллимнинг ўрни қанчалик муҳим эканлиги рад этиб бўлмас даражада ойдин ҳақиқатдир. Бола ўзидан катталардан ранг олади. Аёлнинг табиати қандайлиги эсини таниган ҳар бир инсонга маълум: — аёллар ҳиссиётга берилувчандирлар, улар қарор қабул қилишда узоқни кўра олмайдилар; — аёллар шошқалоқдирлар, тезда жанжал қилишлари шундан; — аёллар хатоларини тан олмайдилар, жуда катта машаққат билан хатосини бўйнига олиши мумкин; — аёллар назокатли ва зийнатланишга ўчдирлар; — аёллар меҳрибон ва шафқатли бўлиб, қаттиққўллик ва дағаллик уларга ётдир. Бу уларнинг аёллик сифатидир, бундан бошқача бўлиши мумкин эмас, шу маънода, ушбу сифатлар аёлларга кўрк, эркакларга айбдир. Ўғил бола – бўлажак оила бошлиғи. Ундан ватан ҳимояси, куч-қувват, жиддийлик, барқарорлик, ҳисларини бошқариш, совуққонлик ва бир қанча масъулиятлар талаб этилади. Бу сифат ва хулқлар ўғил болада олти-етти ёшларидан бошлаб шаклланади. Энг муҳими, бу хислатларни аёл эмас, эркак зоти ўргата олади, қолаверса, бу хусусиятлар сўзга қараб эмас, ибратга қараб ўрганилади. Айнан шу муҳим даврда – 7 – 18 ёшлар орасида, ўғил бола шахс сифатида шаклланадиган даврда бизнинг жамиятимизда бола отасини деярли кўрмайди; фақат онаси билан мулоқот қилади; мактабда эса фақат аёллардан иборат устозлар қўлида қолади. Натижада, уни тийиб турадиган, унда қатъият, одоб-ахлоқ, инсоф-диёнат, тафаккур ва мулоҳазакорликни шакллантирадиган куч мутлақо мавжуд эмас. Бола эса енгилтак, хаёлига нима келса, шуни қиладиган; ваъдасида турмайдиган; оила масъулиятини ҳис этмайдиган; қарорлари тез ўзгарувчи; мустақил қарорга ожиз бўлган; қўрқоқ, айни пайтда тажовузкор; ўзига кўп оро берадиган бўлиб катта бўлмоқда. Энди унга эркакларга хос қаттиққўллик қилинса, бемалол устозига қўл кўтаряпти; устоз аёлларни сўкяпти; бу ҳол эса деярли оммавий тус олиб бормоқда. Айрим далиллар: 1-видео 2-видео 3-видео 4-манба 5-манба
Бу ҳақиқатни, ожизона фикримча, ҳар бир оқил инсон тасдиқлайди, шу сабабли, камина мактабларга кучли ва ақлли, илмли ва тадбирли эркак муаллимларни қайтариш чорасини кўриш лозим деб ўйлайман. Ҳозир йигитларимининг масъулиятсиз, текинхўр, оила қуришга тайёр эмаслиги замирида ҳам биз айтиб ўтган сабаблар ётади. Яқинда “Характер” онлине лойиҳасини бошлаган эдик. Мақсад – йигитларда эркакча характерни шакллантириш; ваъдасига вафо қиладиган; оилапарвар; аёлларни қадрлайдиган; ўзига ишонган бир табиатни тарбиялаш. Бу бир қанча амалий босқичлардан иборат. Ана шу лойиҳа эълони доирасида: “Мактабларда 12 йил хотин ўқитувчилар таълимини олган ўғил болаларда эркак характери шаклланмаяпти. Шу сабабли бугун 18 ёшли йигитчаларда ҳамон дунёқараш мавжуд эмас, ҳаракатлари, ҳиссиёт ва муносабатларида хотинларнинг хусусиятлари кўзга ташланади. Хотин тарбиясининг натижасида ўғил бола эркакка хос қатъият, бирсўзлилик, дағаллик, мардлик ва тадбирли тафаккурдан маҳрум бўлиб улғаяди”, – деб ёзган эдик. Айнан шу қисмига икки нафар аёл муаллимадан эътироз келди. Бирлари: “Мен 20 йиллик ўқитувчи сифатида бу хатни сизга ёзяпман. Охирги ёзган постингиз эркаклар учун бўлса ҳам буни мен каби аёл устозларга ҳақорат деб биламан. Умримизни болалар таълими учун бағишлаб, бу йўлдаги машаққатларни майли, шу болалар келажаги буюк бўлсин дея ўзимизни овутиб энди сиздан бу каби гапларни эшитайликми? Яхши иш қилмабсиз. Аттанг”, – деб ёзибдилар.
Бирлари эса: “...кўпчилик ёши улуғ ва оиласини ҳалол йўл билан бошини тебратаётган устоз аёлларни дилини оғритадиган пост бўлибди. Майли эди, ҳақиқат бўлса ҳам бу тариқа олиб чиқишмаслик керак эди балки”, – дебдилар. Ҳурматли устозларим! Сўзларим қалбингизни оғритгани учун узр сўрайман. Фикр билдириб, хат ёзганингиз учун раҳмат! Бу ерда сизларга ҳеч қандай ҳақорат мавжуд эмас ёки меҳнат ва машаққатингизни инкор этиш ҳам йўқ, балки вазият жиддийлигини баёни бор. Иккингиз ёзган матнда ҳам аёлларга хос таъсирчанлик сезилиб турибди. Аксинча, Акром Малик, тўғри айтасиз мактабларимида эркак устозлар кўпайса, яхши бўларди деган эътироф айни чуқур бир сўз бўлур эди. Шунингдек, хотин сўзидан ранжибдилар, ҳолбуки, хотин сўзи аслида, давлатга раҳбарлик қилувчи аёл дегани. Аёл эса оилага ғамхўрлик қилгувчи деган мазмунга эга. 👉 Қаранг. Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик, ҳаётга назар солайлик ва бугун ўғилларга чинакам эркак тарбияси етишмаётганини тан олайлик ва масалани амалий жиҳатдан ҳал қилиш чорасини кўрайлик. Акс ҳолда, биз бу масалада янада жиддий муаммолар гирдобида қоламиз. Ориэнтатсия бузилишлари ҳолатлари фожиали тарзда кўпайиш хатарини ҳам назардан қочирмайлик. Дунёқараши ҳамон гўдакники каби қолиб кетаётган ўғилларимиз эртага оилани қандай қилиб бошқаришлари ҳақида кўпроқ бош қотирайлик. Шунда бизнинг сўзларимиз сизга ботмайди, балки жуда ҳам маъқул келиб, қўллаб-қувватлашни бошлайсиз. Умид қиламанки, ушбу қарашларимизни муҳтарама опа-сингил муаллималаримиз тўғри тушундилар ҳамда ўз фарзандлари тарбиясида ҳам бу жиҳатни ҳисобга оладилар. Касб танлаётган йигитларга қарата айтамизки, азиз дўстлар! Ўқитувчи бўлинг! Бугун мактаблар эркак устозларга муҳтож, сизларнинг қарорингиз бутун Ватан ва халқ келажаги учун муҳимдир! Мактабларга қайтингизлар, эркак муаллимлар!
Акром МАЛИК


Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.