Таниқли бўламан деган ўй қалбдаги касалликдандир. Таниқли бўлмоқ, шон-шуҳрат – бир кишини кўпчилик билишидир.…
Таниқли бўламан деган ўй қалбдаги касалликдандир. Таниқли бўлмоқ, шон-шуҳрат – бир кишини кўпчилик билишидир. Албатта, яхши сифатлар билан билса, яна ҳам ёқимли: жуда ақлли, илмли, меҳнаткаш, чиройли, бақувват ва ҳоказо. Ҳаммамиз ўзимиз ҳақимиздаги яхши сўзларни эшитишни севамиз, айниқса, биз йўқ жойларда айтилса, кўпчилик исмимизни шарафлаб айтса, теримизга сиғмаймиз. Ёмон гап ҳеч кимга ёқмайди, одатда, тўғри гаплар. Бизни биз ҳақимиздаги туҳматлардан кўра айни ҳақиқатлар кўпинча жазавага солади. Ортимиздан гапирилса-ку, гапирган одам билан тезда адоватлашамиз. Гапни таниқли бўлмоқ ҳақида бошлаган эдик. Минг йил аввал ёзилган китобларимизга кўра, масалан, Рабғузий ҳазратларининг “Пайғамбарлар тарихи”дан маълум бўлишича, Худо айтадики: “Мен бир хазина эдим ва билинмоқни истадим, кейин одамни яратдим”. Худонинг иродаси – Ўзини танитиш эди. Масала ҳақида чуқурлашмай, имом Ғаззолий ҳазратлари китобида келган бир маънога диққат қаратамиз: “Одамзодда рубубийлик, ҳайвонийлик, шайтонийлик ва раҳмонийлик сифатлари бор”. Бу ўринда рубубийликни шарҳлашимиз керак, чунки мавзумизга кўпроқ алоқадор – инсоннинг ўзини Худога ўхшатиши бу рубубийликдир. Худо Ўзини мақтайди, Ўзини мақташга буюради, Ўзини мақтаганларни яхши кўради, Ўзини танишга амр қилади. Одам ҳам ўзини мақтаса, мақташларини севса, ўзини билдиришга уринса, Худо бўламан деган истакнинг тажаллийси шу бўлади. Ана шу истакни буткул ичидан сидириб ташлаш билан инсон Худога маҳбуб келади. Бу бошқа масала, биз айтмоқчи гап таниқли бўлиш ҳақида эди ва биз унинг илдизи тўғрисида айтиб ўтдик, буни араб тилида “ҳуббуз зуҳур” – зуҳур этишни севмоқ ҳам дейишади. Таниқлилик Худога хос. Ҳамма банда Худони танишга мажбур. Танимаса, ўзига жабр. Одам бу ишни қўйиб, ўзини танитиш билан машғул бўлса, аста-секин бахтсизлик чангалига тушаверади. Одамда шуҳратга ўчлик нақадар улкан бўлса, нафс шу қадар улкандир. “Қандай танилсам экан?” – бу дард ила одам ўзини ҳар кўйга солаверади. Унинг ёзгани, айтгани, сипо қиёфаси – барча-барчаси танилмоққа йўналади. Ижод дея тақдим қилинган ишнинг ичида ғоя эмас, мен деган даъво янграб туради. Шон-шуҳратга ўч одамлар бошқаларининг қийматини ҳам шон-шуҳрат миқдорига қараб ўлчайди. Таниқли бўлмоқ – хатар. Энг аввал, одам кибр ва манманликка учрайди. Уни эътиборсиз қолдирсалар, яъни ҳеч ким уни кузатмай қўйса, хафа бўлади. Бугунги кунда – лайк ва ҳар хил эътирофлар йўқлигидан қийналади. Кейин шон-шуҳрат тахтини қайтариб олиш учун ўзини ҳар кўйга солади. Шу тариқа одамда ахлоқий синиш – ўз-ўзини хорлаш, шарманда қилиш босқичи бошланади. Шон-шуҳрат шароби шу қадар кучлики, унга тобе одам ҳеч қачон унга тўймайди; бу шаробдан кучланади ва маст ҳолда уринаверади, ишлайверади. Таниқлилик орқали бошқалардан устун бўламан деган кимса оқибат инсонлар кўзининг ва сўзининг қарамига айланади. Кишиларнинг қарсагидан маст бўлиб, ўзини жуда кулгили ва ачинарли тутади. Ақли камайиб кетади. Лекин одамзодга томоша керак, холос. Кишиларнинг жуда катта қисми машҳурларга томоша учун қарайдилар. Зерикмаслик учун. Эртага бу машҳур эсдан чиқса, бошқасига маҳлиё бўлади. Шунчаки, оч кўзлар ва бетайин сўзлар. Бошқа ҳеч. Қалб ва ақл эгалари оздир. Асл илмни қадрлайдиган, ирфон ва маърифат, ихлос ва самимият соҳиблари ҳаддан ташқари кам. Улар кимнидир олим деб билсалар, манфаат олиш истагида қулоқ берадилар. Авом эса бу гапни ривоят қилиш, камчилигини топиш, мақташ ё ҳақоратлаш учун тинглайди. Шу сабабли бир воиз жон куйдиради, тингловчилар ғоянинг моҳиятига қарамайди, гапирувчи ва гапни ғийбат қилиб тарқалади.
Одамларнинг диққати, уларнинг кўплиги билан мақсадга эришилмайди. Асл инсонларни, асл қалб соҳибларини топиб, улар ила розлашмоқдан мақсад ҳосил бўлади. Қирқ тонна тупроқдан тўрт грам тилло чиққани каби миллионлаб одамлар ичидан асл зотлар ҳам топилади. Ҳақиқатда, нидо уларгадир. Авом ҳам сафсата билан машғул бўлишидан кўра маърифатли сўзга қулоқ солгани авло кўринади. Гап кўпайиб, мақсад четда қолди, шекилли. Айтилмоқчи хулоса шулки, пишмай туриб ўртага чиқма. Қанотинг чиқмай, қичқирма. Ҳақиқатларни англаб етганингда гапирмасликка куч етмайди. Кейин эса гапиришга куч етмайди. Ҳаммага ҳамма нарсани тушунтираман деган увол бўлади. Чин ҳақиқат кишини босиб қўяди ва лол этади. Яъни сукут сақлаганлар энг кучлилардир. Қолаверса, чин сўз мўтабар бўлса-да, айтувчи учун лаззат эмас, азоб келтиради, холос. Озгина оғриқ бермайдиган ва жуда ҳам ёқадиган жумла қип-қизил ёлғондан иборат бўлиши жуда катта эҳтимолдир.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.