Инсонлар билан муносабатларни узмаслик маъқул. Одамлар билан узоқ вақт алоқаларни сақлаб қолган яхши ёки узоқ…
Инсонлар билан муносабатларни узмаслик маъқул. Одамлар билан узоқ вақт алоқаларни сақлаб қолган яхши ёки узоқ вақт салом-алик қиладиганингиз кишилар билан муомала ўрнатмоқ мақсадга мос келади. Шаклланган инсон янги дўстлар ортидан югурмайди ёки эски танишлари билан ришталарни кесишга ишқибоз бўлмайди. Оқил киши қадрдонлар қадрини билади. Ҳамма гап ана шу эски қадрдонларга эга бўлишдадир. Атрофдаги одамлар билан илиқ ва самимий алоқаларни сақлаб қолишнинг илми бор. Чунки ҳозир аксар ёшларда, ҳатто катталарда ҳам бир пайтлар қалин бўлиб, кейин совуб кетган дўстлар билан боғлиқ аччиқ тарихлар кўп учрайди. Бу тарихлар юракнинг ярасидир. Ана шундай яра ва жароҳатлардан киши ўзини саломат сақлаши керак, акс ҳолда, ҳузун ва ғам киши истеъдодини ўлдиради, қалбини қорайтиради, ақлини ўтмаслаштиради, ишларини орқага кетказади. Одам ўзидаги поклик ва сафонинг қийматини билиши лозим. Ҳамиша ҳам фикрар қуйилиб келавермайди, ҳамиша ҳам атроф дўстлар билан гавжум бўлавермайди, ҳурмат ва эҳтиром, севги ва садоқат доимий сақланиб турмайди, булар ўзгаришларга юз тутади, ларзалар рўй беради, йўқотишлар содир бўлади. Лекин бундай маънавий зилзилаларнинг олдини олиш имкони бор. Ана шунинг илмини Худо қодир қилганча баҳоли қудрат бугун ўрганамиз. Алишер Навоий ҳазратларининг “Ҳайратул аброр” достони олтинчи мақолати адаб ҳақида. Буюк бобомизнинг айтишича, адабнинг намоён бўлиш ўринлари бундай: 1. Оила: хотин, бола ва ота-онага адаб. 2. Хизматкорларга адаб. 3. Кичикларга адаб. 4. Катталарга адаб. 5. Тенгдошларга адаб. 6. Давлат хизмати одоби. Буларнинг ҳар бири алоҳида шарҳ талаб қилади, ушбу ўринда икки нуқтага эътибор бермоқчимиз: болалар учун ҳурмат дея ўриндан туришни улуғлар адаб деб санамайди, чунки бунинг оқибатида бола такаббур, сен обрўсиз бўласан. Бу ҳазрат Алишер Навоийнинг ўгити. Биз иқтибос қилишни истаган яна бири бу: ким сенга тенгдош бўлса, унга шунга яраша муомала қил: ошириб ҳам юборма, тушириб ҳам юборма. Бизнингча, бу ҳикматлар олтин ўрталиқни сақла деган қоидага эслатмадир. Яъни ўртача бўл дегани. Мана шу сўзлар орасида бобомиз ишларнинг яхшиси – ўртачасидир деган буюк сўзни ҳам айтиб ўтган. Инсонлар орасидаги муносабатларнинг бузилишига энг катта сабаблардан бири олтин ўрталиқнинг бой берилишидир. Ҳаддан ташқари яқинлашиб кетиш бегоналашмоққа олиб келади. Узоқда бўлсанг, кишнашасан, яқинда бўлсанг, тишлашасан. “Назмул жавоҳир”да ҳазрат Алишер Навоий таъкидлаган яна бир ҳикмат: “Дўстларни оралатиб зиёрат қил, муҳаббат зиёда бўлади”. Одам севганини йўқотиб қўйишни истамаса, вақти-вақти билан ўзидан севгилисини халос қилиб турмоғи керак. Буюк ҳақиқат ила таъкидланганидек, “Кимнидир севсанг, ҳаддан ошиб севма, бир кун ёмон кўриб қолишинг мумкин. Кимнидир ёмон кўрсанг, бунда ҳам ҳаддан ошма, бир куни яхши кўриб қолишинг мумкин”. Ўта яқинлашиб кетиш аксар одамларни безор қилади. Шунингдек, изҳорларни ҳам яширин сақлаган мақбул. Кўпайса, қадри кетади, таъсир қилмай қўяди. Бу омматан хос бўлган қоидадир. Ҳеч қачон бир-биридан зерикмайдиганлар Шамс ва Румийдирлар. Шамс ва Румий бўлишга кўзи етмаганлар орани шамоллатиб туришлари керак. Лекин қалби ишқ оловида куйганларга бу насиҳат фойда қилмайди, у барибир севганига эргашаверади, натижада, бир куни севгилисини мутлақо йўқотиб, кейин ичи муздай бўлиб, ушбу битилган ҳикмат қаршисига келади ва бу қоидани маҳкам ўзлаштиради. Яхшироғи, аввалдан ўртача бўлишни тутган маъқулки, бу оғриқ ва азоблардан, ажралиш ва зорланишлардан ҳимоя ва зирҳ бўлади. Умуман, ҳамма бундан фойда топади ва ҳаммаси равон кечади. Ҳалокатлар эҳтимоли ҳам камаяди.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.