Тил

Mumtoz oila

ЕТТИНЧИ БОБ

ЕТТИНЧИ БОБ — расм

ЕТТИНЧИ БОБ

ЭР-ХОТИН

Иккинчи фасл

Умумий қоидалар

Эр ва хотиннинг оилада алоҳида вазифалари, хулқлари бўлиши билан бир қаторда иккиси учун ҳам умумий бўлган қоидалар мавжуд. Бу қоидаларни ҳар бир оилада ўрганилиши, фарзандларга устозлар воситасида таълим берилиши керак. Агар бу қоидаларни икки тарафдан бири билмаса ва амал қилмаса, муаммолар тугамайди. Энг биринчи қоида шуки, эр хотиннинг, хотин эрнинг мулки эмас. Эр хотиннинг қули ёки хотин эрнинг чўриси эмас. Иккиси ҳам Худонинг ҳузурида ўз амаллари учун жавоб беради. Эр ўз нафсидан келиб чиқиб хотинни азобламаслиги, зулм қилмаслиги, хорламаслиги қанчалар шарт бўлса, хотин ҳам ўз ақли ва нафсига таяниб, эрга паст назар ва беписандлик билан қараши мумкин эмас. Иккинчдан, оилада эр раҳбардир. Бу ўзбек халқининг эски қадрият ва дунёқарашидаги ўзгармас ҳақиқатдир. Бу ҳақиқатни эр ҳам, хотин ҳам бирдек идрок этиши ва қабул қилишга мажбур. Эр ҳамиша сўнгги қарор унга оидлигини, хотин доимо эрга ҳамма жиҳатдан бўйсуниши кераклигини ёдда сақламоғи лозим. Учинчидан, оиладан мақсад – кимнингдир ҳокимиятини таъминлаш эмас, балки оилани боқий сақлаш, инсон каби ҳаловатда пок ҳолда яшашдир. Ҳар қандай жамоада раҳбарга сўзсиз итоат этилгани каби оилада ҳам раҳбарга сўзсиз итоат этилади. Эр ва хотин ҳар қандай ҳолда ҳам оилани сақлаб қолиш учун курашадилар. Мақсад – оила доимо мустаҳкам бўлсин. Тўртинчидан, ҳар бир оиланинг муаммоси унинг ўзига тегишлидир. Ҳеч ким – ота-оналар ҳам, ака-укалар ҳам, устоз-мураббийлар ҳам, имом-у султонлар ҳам оила муаммосининг асл сабабини била олмайдилар. Яъни эр ва хотин ўзаро муаммоларини зинҳор ташқари чиқаришлари мумкин эмас. Иккиси ҳам бирдек оила сирларини муҳофаза этсинлар, келишмовчилик ва низоларини оламга ёймасинлар. Чунки ташқари сизган сир ва муаммо оиланинг – эр ва хотиннинг обрўсига жуда салбий таъсир этади, бу заҳматни кейин кетказиб бўлмайди. Бешинчидан, эр-хотин бир-бирини авайлаши ва тушуниши даркор. Ҳар қандай ҳолда бир-бирларини озорлашдан чекланмоққа уринсинлар. Хоҳ тил билан, хоҳ қўл билан – икки томон бундан тийилишни ўзига олий шиор этиб олсин. “Мен хотинимни урмайман! Унга зулм қилмайман!” – “Мен эримга зулм қилмайман! Уни эҳтиёт қиламан!” Олтинчидан, эр ҳам, хотин ҳам ҳаётга тараллабедод қилишга келмаганликларини, ҳаёт қийинчилик ва роҳатдан иборат эканлигини англаши керак. Эр ва хотин бир-бирига сабр қилиши шарт. Хатоларини кечиришлари гўзал. “Бу – менинг эрим!” – “Бу – менинг хотиним!” – етарли, бир-бирининг қусурларига чиройли сабр қилмоқ ва кечирмоқ учун кифоя. Еттинчидан, оиланинг ўз ички қонунлари бўлиши ва унга икки томон ҳам риоя этиши талаб этилади. Эр-хотин бир-бирига ишонсин. Бир-бирининг шаъни ва обрўсини сақласин. Ташқаридан оила ишига аралашганларнинг тўқсон тўққиз фоизи оилани бузувчилар ҳисобланади. Агар эр хотинни ёмонласа, хотин эрни ёмонласа, уларнинг гаплари рост ёки ёлғон эканлиги фарқсиз – дунёга ёйилади, ҳатто имом бир киши шундай деди дея жумада жамоатга айтиб беради.

Уларнинг ғийбатларини қилиш ҳамма одамларга ёқади – бир гуруҳ эрни, бир гуруҳ хотинни ёмонотлиқ қилади. Аслида, икки гуруҳ ҳам айни шу онда шайтоннинг лашкаридир – шайтон уларнинг тиллари билан оилани бузишга уринади. Улар гўё эр ёки хотин учун қайғурсалар-да, оила бузилиб кетмагунча тинчимайдилар. Гўё бир тараф нобоп ва аҳмоқ хотиндан йигитни қутқармоқчи; иккинчи тараф эса золим эрдан аёлни озод этмоқчи. Икки тараф ҳам эр-хотиннинг ич-ичдан бир-бирига талпинишини ҳис этишдан ожиздир. Бир ҳайбатли одам чиқиб, икки томонни яраштириш ҳақида ўйламайди. Натижада, эр-хотин орқаси очилган масхарабоздек хор-у залил, шармандайи шармисор бўлганлари қолади. Энди қайси даврада гап кетса, албатта, иккисидан бирининг шаънига лой чапланади. Ҳужжат сифатида ўзларининг гаплари келтирилади. Бечора гўдаклар учун ота-она ҳақида таҳқирли сўз эшитишдан оғири йўқ, аммо айрим бефаросатлар ўша гўдакларга ота ёки онани ёмонлашдан ҳам тап тортмайдилар, бу ишлари билан гўдакнинг покиза қалбини товонлари билан топтайдилар. Шу сабабли турмуш қурадиган йигит ва қиз икки қулоғига қуйиб олишлари жоизки, “Ҳеч қачон оиламнинг сирини сотмайман!” “Ҳеч қачон эримнинг сирини сотмайман!” “Ҳеч қачон хотинимни ёмонламайман!” “Ҳеч қачон эримнинг шаънига ёмон гапирмайман!” Билиш керакки, эр-хотинни бир-бирига ёмонлайдиган одам катта эҳтимол билан шайтондир. Шайтон учун эр-хотин жанжали ва оила бузилишидан катта бахт йўқ. Эр-хотин орасига низо ва душманлик уруғини сепиш шайтоннинг ишидир, бу ишни қиладиган инсонлар энг жирканч одамлардир. Улар одам эмас, улар ҳайвон ҳам эмас, улар чиркин табиатли яратиқдирлар, холос. Билиш керакки, эр-хотин бир-бирини ҳеч қаерда мақташи мумкин эмас. Хотин эрини мақтаса, унинг сўзини эшитган тарбияси суст ва хаёли паришон хотинларнинг хаёллари чувалашди; ўз эри қолиб, дугонаси, опа ёки синглисининг эрини комил шаклда кўришни бошлайди. Эр ўз хотинини ҳеч қаерда мадҳ билан зикр қилмасинки, бегона бошқа эр ўз хотини қолиб, дўстининг, ака ёки укасининг хотинига кўнгли суст кетади. Ҳатто аҳмоқларча ўз хотинига келиб, бошқа бировнинг хотинини мақташи ҳам мумкин. Эр ҳам, хотин ҳам оила унинг комил бахти эканлигини тушуниши керак. Оила унинг учун энг қимматлисидир. Бойликнинг қимматлиси яширилади. Одамлар тилида оиланг ҳақида дув-дув гап қилиб юришидан кўра хижолатли ҳолат бўлмаса керак. Пинҳон бир шаклда – ҳар бир одам ўз оиласи билан бахтиёр яшаса, қандай ҳам гўзал! Бахтли одам бахти ҳақида дунёга кўз-кўз қилмасинки, тезда айрилиб қолади. Оиласи бор одамнинг бахтсиз бўлиши ақлга сиғмайди, оиласи бор эркак ёки аёл ўзини бахтсизман деб ўйлаётган бўлса, нонкўр ва нокас экан, аҳмоқ ва фаросатсиз экан. Оиладек бахтни кўрмаган махлуқ, оиласини гулзор-у баҳористон қилиб қўймаган яратиқ, албатта, бахтсизликка, балки бундан беш баттарига маҳкумдир.

Акром МАЛИК

1 960марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Ушбу матн тамагирликни ўзига касб қилган каслар ҳақида эмас, иффатли ва шарафли, инсофли ва диёнатли…

    Муҳтожлик – инсон учун неъмат. Ғафлатга тушган бўлса, уйғонади. Худони унутган бўлса, эслайди. Кўплаб мусибатлар қаторида муҳтожлик шундай яхши сифатларга эга. Бундан ташқари…

    2 дақиқа

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Биринчи фасл Чимилдиқ ва нозик масалалар Oson пул топишни истаган ва ҳаё, иффат ва уятни йиғиштириб қўйган инсонлар учун бугун эр-хотинларнинг нозик муносабатлари яхши…

    2 дақиқаMumtoz oila

    Сиёсат ҳақида ҳар бир одамда аниқ ва мухтасар илм бўлса, яхши бўлади. Сиёсат илмидан хабардорлик инсонни дунё…

    Сиёсат сайислик сўзидан олинган. Отбоқар араб тилида сайис дейилади. Отбоқар отларни комил тушунадиган шахс, от тилини билиши лозим. Сиёсатчи ҳам одамларни – халқни биладиган ва…

    4 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.