Mumtoz oila
Нега баъзан аввал кучли севги, кейин нафрат пайдо бўлади? Севги – бир томоннинг иккинчи тарафга талпиниши. Бу…
Нега баъзан аввал кучли севги, кейин нафрат пайдо бўлади? Севги – бир томоннинг иккинчи тарафга талпиниши. Бу ҳирс ёки шаҳват қасдидаги талпиниш эмас, балки мазкур тамаъдан озод бўлган туйғу ушбу матнимизнинг бош мавзусидир. Севгининг пайдо бўлиши таҳқиқида шундай гаплар бор экан: севги камол сабабли уйғонади, яъни бир инсоннинг муайян масалада маҳорати, илми, хулқи қалбда унга нисбатан илиқлик уйғотади. Севги навол боис тажаллий этади, яъни бир одамдан беминнат яхшилик кўрган одам унга қаттиқ боғланади. Бу ҳолдан айрим тузумлар ғараз билан фойдаланган: етим болаларга аввал қаттиқ зулм қилишган; сўнг кимдир уни қутқарган, ўша қутқарганига бечора етим қаттиқ муҳаббат қўяди. Севги жамол туфайли келади – кўз-қоши чиройли, қомати ҳипча бўлганларга ҳам одамнинг ихтиёрсиз равишда ишқи тушиб қолиши мумкин. Севгининг ҳаддан ошиши хатарга олиб боради. Камол ва яхшилик ҳосили бўлган севгидан кўра жамол – чирой уйғотган севгида хавф кучли. Бу қандай хатар? Севгининг, ёки ошиқнинг юрадиган йўли харитаси бундай: аввал қалбда милтиллаган ёқтириш сезилади; агар бу севгининг уруғи бўлса, бир деганда гувиллаб бутун қалбни аланга каби қамраб олади. Бензин сепиб, устидан гугурт чақилганда олов қандай кўтарилса, ишқнинг олови ҳам дилнинг ичида шундай кўтарилади. Севги бобида инсон икки босқичдан ўтади: биринчи босқичда у севгининг табиати ва моҳиятини билмайди; бу ҳақида на илми, на тажрибаси бўлади. Бу кўпроқ ёшларга тегишли. Шу сабабли ишқ ошиқни илк ҳужуми вақтида телба қилиб қўяди. У севгилини ҳадсиз соғинади; юрса ҳам, турса ҳам уни ўйлаб, ақлдан озиб қолай дейди. Севгисини изҳор қилай деса, журъат йўқ. Журъат қилай деса, севгилидан бир йўла айрилиб қолишидан ҳадиксирайди. Шу тариқа ошиқ ёниб-куйиб юраверади. Аммо бу ишқ секин сокинлашади. Бу босқичдан эсон-омон ўтса, ошиқ зиён-захматсиз қутулади. Лекин ишқнинг илк ҳужумидан ҳам, такрор ҳужумидан ҳам зиён чекмай халос бўлганлар жуда кам.
Севгининг иккинчи босқичи – ошиқ ишқнинг бир келиб, бир кетгани ҳақида тасаввурга эга бўлгач, унинг ҳужумини олдиндан сезиш қобилиятини қўлга киритади. Яна кимгадир нисбатан ичида талпиниш пайдо бўлса, бошига нималар тушажагини билиб, тўфонга ёки оловга киришга тайёрлангандек тайёрланади; ишқ унинг бошига не мусибатлар солишини аниқ тушунади. Жуда ҳам ақлли инсонлар бу балодан қутулиб қолишлари мумкин, бунда ҳам ўша севгилидан қочишдан бошқа йўл қолмайди. Агар илк учқун вақтида ошиқ қочиб қолса, ютди. Қоча олмаса, иккинчи учрашувда аланга кўтарилади; кейингисида севгили унга бирор лутф қилса, тамом, энди у маъшуқнинг қулидир; кейинги сафар маъшуқ унга эътибор бермай, бошқалар билан бироз машғул бўлса, ана энди томошани кўринг – ошиқ учун бутун жаҳон зимистонга чўмади; гўё қиёмат қўпади. Бу чинакам ишқ ва унинг шифоси йўқ. Мана шу оралиқда қизиқ нарсалар содир бўлади – агар ишқ чин бўлса, бу ёнди-куйдилардан сўнг ҳаммаси бир маромда кетади; лекин хом бир севги бўлса, ошиқ севгилини ёмон кўриб қолиши мумкин. Хомлиги унга нафс аралашиб, нафс истаклари ва севгининг қоришганидир. Бу аралашма жуда хавфли заҳардир. Нафснинг жисмоний ва маънавий шаҳвати бор. Жисмоний шаҳвати тана лаззати сувратида кўринса, маънавий шаҳват кибр ва иззатталаблик ила намоён бўлади. Нафс севгига аралашса, икки офатдан бири юзага чиқади. Бунинг оқибатида севги аталган туйғу нафратга айланади. Ошиқ севгилиси учун жиддий душманга айланиб, унга ёмонлик қилишга тутинади. Ориф ва оқил одам шу сабабли севги хатарини сезса, унга изн бермайди. Чунки унинг оқибати маълум эмас. Севдим дея оламга жар солишдан тийилмоқ маъқул. Башарти, севгидан сўнг нафрат пайдо бўлса, тавба қилиш ва ҳамма ишни Худога топшириб, ибодат билан кўпроқ банд бўлганнинг нажотига умид бор. Бу севган тарафнинг муаммоси эди. Севилган тараф мабодо оқил бўлса, ўзини севиб қолишларидан асрайди. Севилса ҳам, бу севгининг оқибати нафрат бўлмаслиги учун бечора ошиққа ҳикмат ва тадбир ила муомала қилади. Лекин бунинг учун у жуда ҳимматли бўлиши керак, акс ҳолда, биров учун жон куйдириб нима қилади?! Лекин чин ишқ, чин пок бир муҳаббат ҳам борки, бу мақомда икки тараф бир-бирини тушунади, бир-бирининг олдида тупроқ бўлади, бу ерда нафснинг на шаҳват-у иззатпарастлиги бор! Аксинча, бу муҳаббат дунёни жаннатга айлантириб, охиратда жаҳаннам уқубатларини унуттирадиган ва қалбга чексиз хотиржамлик берадиган, жаннатни ҳам абадий ва тасаввурга сиғмас бир маконга эвирадиган бир муҳаббатдир. Уни ҳавас қилиш мумкин, холос.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.