Тил

Mumtoz oila

САККИЗИНЧИ БОБ

САККИЗИНЧИ БОБ — расм

САККИЗИНЧИ БОБ

ҚАЙИНЮРТ

Биринчи фасл

Умумий масалалар

Совет даврида эски қадриятларни чил-парчин қилиш учун тизимли ва мақсадли ишлар олиб борилди. Энг биринчи нишон оила эди. Оила пароканда қилинса, бас, шайтон муродига эришмоғи аниқ. Бунинг учун ушбу ишларга зўр берилди: 1. Болани ота-онадан ажратиб олиш. Имкон бўлса, болани ота-онага қарши, беписанд руҳда улғайтириш. Бунинг учун хотинларга озодлик, шарқ аёлларига ҳуррият берамиз деган шиор билан уларни гўё “занжирдан қутқардилар” ва далаларга ташлашди, заводларда чўридек ишлатишди, тракторлар ҳайдатишди ва аёлларни саратон ва бошқа тузалмас касалликларга мубтало қилиб ўлдиришди. Буларнинг ҳаммасини қаҳрамонлик деб кўрсатишди. Туққан хотинларни далада ишлатиб ўлдиришаркан, гўдакларини ясли деб аталган жойларда сақлашди. Аслида, хотин туққан заҳоти боласини алоҳида олиб, ҳамма оналарнинг соғилган сутларини аралаштириб бериб, чақалоқларни эмизикли опа-ука, ака-сингил ҳам қилишган. Ўз онаси сутини эммаган гўдак яслида совуқ муомала остида онасиз ўсди; хонликлар даврида бўлмаган етимхона ва болалар қамоқлари пайдо бўлди; сўнг бола мактабда ота-онадан айро “ўқиди”, яъни куз ва баҳорда болалар қул сифатида далада пахтага юборилди; мактабда худосизлик ва бундан ташқари бир қанча инсонийликка ёт ғоялар сингдирилди ва ҳоказо. Шундай қилиб, аста-секин болалар ота-оналарига бўйсунмайдиган бўлдилар. Улар замонанинг билимдони, ота-оналар эса қолоқ кўрсатилди; хусусан, бу ғоялар адабий асарларда, спектакл ва киноларда асосий планда тақдим этилди. Ўзаро севишган ёшлар илғор қатлам, уларни тушунмайдиган ота-оналар гўё онгсиз эди, хусусан, бу ҳолатнинг элементлари “Маҳаллада дув-дув гап” филмларида кўзга ташланади. 2. Янги оилаларни қайнота ва қайнонасиз яшатиш, келин ва қайнона ўртасига адоват солиб, абадий душманлик кайфиятини шакллантириш. “Келинлар қўзғолони” спектаклида бу ҳолат акс эттирилди; муаллиф масалага ниҳоятда эҳтиёткор ёндашган, буюк адиб қадриятларга бўлган ҳужумни афсус ва надомат билан аччиқ кулгу, кўзёшли кулгу ила кўрсатгандек туюлади менга. Хусусан, газеталарда қайноналар золим дея аталиб, оилаларнинг шахсий ишига аралашилиши, ўғилларнинг ҳаммаси хотинларининг гапларига кириб, ўзларин ўстирган оналарига исён қилишлари, Фармонбибидек донишманд онанинг, оиласи, фарзандлари бирлиги учун жон фидо қиладиган онанинг қалбида уйғонган оғриқ кулгу қиёфасида чизилган фожиадек кўринади менга. Озарбайжонликларнинг “Қайнона” филмида эсақайнона золим ва қўрқоқ кўрсатилиши, келин томонидан ўйин қилиниши ва ҳоказолар аслида эски қадриятлар илдизи билан қўпорилаётганининг манзараси эди. Бу кинолардаги детал ва ғоялар кейинчалик мустақиллик даврида ёзилган “Суперқайнона” каби саҳна асарларида ҳам айланди. 3. Ота-оналар ва қайнота-қайноналарнинг ўз фарзанд ва келинларига бефарқ ва лоқайд бўлишларига эришиш. Кўплаб адабий асарларда, масалан, “Виждон дориси” каби песаларда замонавий ота-оналар болаларининг эркин қарорларини “ҳурмат қилишади”, аммо эътиборли жиҳати шуки, ёзувчиларимиз ота-она тарбияси ва лоқайдлиги оқибатида болаларнинг маънавий таянчсиз қолаётганларини турли шаклларда кўрсатиб бера олдилар. Замонавийлик ниқоби остида катталарни кичиклардан ажратишнинг оқибати яхши бўлаётгани йўқ – мақсадсизлик, ғоясизлик, маъносизлик натижасида одамларни чуқур тушкунлик, қайғу, васваса қамраб олмоқда; қандай яшаш керак деган саволнинг жўяли жавоби ақллардан кўтарилди; мумтоз шакллар, хусусан, келиннинг қайнона билан яшаши гўё ақлсизлик, зулм деб тушунилмоқда. Ҳолбуки, келиннинг қайнона хизматида яшаши бу мисли кўрилмаган ҳаётий бир яшаш тизимидир.

Келин, агар шароит кўтарса, ўзи невара кўргунича ҳам қайнона ҳузурида бўлса, мақсадга эришилган бўлур эди. Бу шаклнинг бундай аъло жиҳатлари бор: 1. Қайнона умри давомида йиққан тажрибаларини келинга қолдиради. 2. Келин аниқ кун тартибига эга бўлиб, аниқ ва шаклланган қоидаларни ўзлаштиради, бу эрта уйғониш; оила учун нонушта, тушлик, кечкилик тайёрлаш; бир вақтда оиланинг жамланиб овқатланиши; пазандалик, озодалик, тикиш-бичиш сирларини қайнонадан ўзлаштириш; эрининг бошини қотиришга вақти қолмай, улғайиб, ҳаётнинг юзига тик қараб, ақл ҳосил қилиш – буларнинг барчаси қайнона хизматида қўлга киритилади. 3. Болалар бобо ва бувининг тарбиясини олишади. Улар жисмоний меҳнатдан анча қўллари бўшагани учун болаларнинг илми, маърифати, дунёқараши билан шуғулланадилар. 4. Ҳаммада нафс бор, хусусан, аёлнинг нафси исённи кўпроқ севади; қайнонага эгилиш келиннинг нафсини тарбиялайди; қайнонанинг кўнглига йўл топиш унинг учун ҳаёт дарси бўлади. Келин нафсига тескари боришни ўрганади; унга қайнона ҳукмронлиги ёқмаса ҳам, эртага бунинг мевасини кўради. Қайнонали келин – қарқара келин; қайнонасиз келин – масхара келин. 5. Қайнонали уй – баракали уйдир. Ўғил топганини отасига берса, ота ва она келишиб тақсимот қиладилар, бу энг яхши тақсимот бўлиб, фақат керакли нарсаларга харажат қилинади, натижада, оиланинг жамғармаси бақувват туради. Чунки ёши улғайган қайнота-қайнона молиявий йирик тажрибага эга, улар ҳар нарсага ўч эмас; фақат керакли нарсаларни харид қилишади, демак, ортиқча пул йиғилади, керакли ўринларга режа билан йўналтирилади – уйлар қурилади, аравалар олинади ва ҳоказо. Умуман олганда, битта ҳовлида бир неча ўғил ва келинлар – овсинларнинг яшаши бир қанча фойдалар келтиради. Одатда, келинлар эрига айтиб, бўлак чиқайлик деб қулоқ-миясини ейиши мумкин. Ўғил ҳам хотиннинг ҳийласига учиб, аста-секин минғирлаб бўлак чиқиш учун ота-онадан рухсат олиши ҳам эҳтимол. Лекин бу унчалик оқланадиган иш эмас. Вақти етса, ота-она энди чиқингизлар дейди. Ҳолбуки, ота-она бағрида яшаш энг мақбул ечимдир. Албатта, ёшларнинг алоҳида яшайлик, мустақил бўлайлик дейишларида ҳам ўзига яраша асослар бор. Баъзан қайнота-қайнона тарафидан ҳаддан ошишлар содир бўлишини истисно қилиб бўлмайди. Аммо ҳамма сабр ва шукур ҳаммасидан яхши. Алоҳида бўлиниб чиқиб топиладиган ҳамма нарса – йўқотишдир. Қайнона билан бирга яшаб, гўё йўқотиладиган ҳамма нарса – топишдир. Бугун зурриёдларимизни асраб қолишни истасак, ана шу қўрғонга қайтишимиз шарт. Ҳамма бу қўрғонда ўз вазифасини бажарсин. Акс ҳолда, бутун ер юзини ютаётган ҳаёсизлик ва зулм, насабсизлик ва тушкунлик аждаҳосига ем бўлиб кетамиз. Хулоса қилсак, бизнинг айтмоқчи бўлган гапимиз шу – комил оила қайнота-қайнона, ўғиллар ва келинлар жам бўлиб яшаган оиладир. Бу оила ҳақиқатан комил бўлиши учун айрим ахлоқий қоидаларга амал қилиш лозим, бу ҳақида кейинги фаслларда тўхталамиз.

Акром МАЛИК

1 650марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Инсон ҳаётида сўз ўта аҳамиятлидир. Ютган одамларнинг ҳар бири сўзига эътиборли бўлганлардир. Ютқазганларнинг…

    Сўзлашнинг айрим қоидаларини зикр қиламиз. Биринчидан, киши билган нарсаси ҳақида сўзламоғи матлуб. Билмагани ҳақида айтиш одамнинг обрўсини туширади. Иккинчидан, киши билган…

    2 дақиқа

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Тўртинчи фасл Хотиннинг ахлоқи Ҳозир айрим "доно"лар хотинлар кўпинча эрларининг зулмига учрайдилар, эй аёллар, зулмга чидамангизлар деб оғиз кўпиртирмоқдалар. Уларнинг…

    6 дақиқаMumtoz oila

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Учинчи фасл Эрнинг ахлоқи Эркак учун энг биринчи масала – нима учун яшаётганини ҳал қилиб олишдан иборат. Агар бу масала ишончли ва қатъий ҳал қилинмаса, ҳар қандай…

    10 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.