Мубталолик – ёмон бало. Бирор зарарли ва қайтарилган ишга берилиб қолишнинг номи – мубталоликдир. Қайси ишдан…
Мубталолик – ёмон бало. Бирор зарарли ва қайтарилган ишга берилиб қолишнинг номи – мубталоликдир. Қайси ишдан Худо ва пайғамбар қайтарган бўлса, қайси ишни оқил ва донишманд, пок ва улуғ инсонлар ёқтирмаса, ўша ишда инсон ва инсоният учун хатар бор. У ишнинг ози ҳам, кўпи ҳам одамболасини оғир аҳволга солади. Бундай ишлардан киши ўзини қўриқлаши учун унга ақл берилган. Ақлни муҳофаза этиш ва ўстириш учун адаб ва хулқ ато қилинган. Адаб ва хулқни ўзлаштириш ва ҳаётга татбиқ этиш билан ақл зиёда бўлади, ақл кўпайса, ривож топса, одам ўзини муҳлик иллатлардан сақлаши осонлашади. Адабни ўзига бош мезон ва қоида қилган халқларнинг пешонаси ёруғ, ҳаётлари қайғудан фориғ. Адабни лозим тутмаганларнинг кеча-ю кундузи вужудида оғриқдир. Энг ёмон ишлардан ҳам инсон адаб воситаси ила қутулиб кетса, не ажаб. Адаб ва ҳаё эгиздир. Адаб – кўплиги одоб – ҳар ким ва ҳар нарсага у муносиб муомалани қилишдир. Ҳаё – номуносиб ишларга изн бермайдиган туйғудир. Ҳаё қалқондир, бу қалқон қўлдан тушса, душманлар ҳужумидан ҳалокат содир бўлади. Адабга айрим мисоллар: ота-она олдида оёқ узатмаслик, чордона қуриб ўтирмаслик; китоб бор хонада яланғоч бўлмаслик; одамлар ичида енги калта кийим киймаслик; китобларни ерга қўймаслик; ҳар қандай жойда ҳам овозни баланд қилиб хохоламаслик; ҳеч ким йўқ бўлса ҳам, ҳаёсиз нарсаларга тикилмаслик; қаерда ёмонлик содир бўлса, ўша ердан тез кетиш. Ёмонликларга фаҳш ва ичкилик мисол бўлади. Эркак ҳам, аёл ҳам ҳаёга муҳтож. Ҳаё кўздан бошланади. Кўзни ножоиз жойларга тикмаслик, ножоиз сўзларни эшитмаслик ва ножоиз сўзларни айтмаслик ҳаёдир. Танани очмаслик ҳаёдир. Ҳаёнинг асл жойи – қалб. Қалбда ножоиз ўйлар келишидан уялиш – ҳаёнинг асли. Ўзининг ва ўзганинг сирини айтмаслик – ҳаё. Ўзининг ва ўзганинг айбларини яшириш – ҳаё. Ўзини мақтамаслик, мақтов талаб қилмаслик, мақтовдан ноқулай ҳолга тушиш – ҳаё. Кимлар биландир айтишмаслик, жанжал қилмаслик – ҳаё. Бошқаларнинг ортидан гапиришдан уялиш – ҳаё. Ҳаё пардаси тезда куяди. Куйгандан сўнг уни қайтариш мумкин эмас. Одамболаси адаб ва ҳаёси текшириб турса, уни йўқотмайди, агар ҳаё лозим ўринларда қалбда уялиш ҳисси бўлмаса, бунинг учун кўп йиғлаш керак. Ажаб эмас, шу йиғи сабабли Худо ҳаё ато айласа. Бугун адаб ва ҳаё гапириш ноқулай. Чунки адаб ва ҳаё бугунги ҳолимиздан уялиб, қочиб кетган бўлур эди. Бизга энг кераги адаб ва ҳаё, аммо оламда уруғи қуриб бораётган ҳаёт дарахти – адаб ва ҳаё.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.