Фарзанд тарбияси инсон ҳаётидаги энг асосий масалалардан бири. Ҳар бир халқнинг ўзига хос тафаккури, зеҳнияти…
Фарзанд тарбияси инсон ҳаётидаги энг асосий масалалардан бири. Ҳар бир халқнинг ўзига хос тафаккури, зеҳнияти бор. Ўзбек халқи учун ҳаё, одоб, катталарга ҳурмат, отага итоат, фарзандга шафқат, ўзини кўз-кўз қилмаслик, хусусан, оила ичини элнинг кўзига кўрсатмаслик каби қоидалар жуда муҳимдир. Ўзининг қадимий илдизларига эга, авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъаналари бўлган оилалар, яъни аждодларидан, ота-онасидан тарбия олган оилалар учун бу тамойиллар энг асосий масала саналади. Бу оилалар сирли ва ҳайбатли оилалардир. Бу оилаларда отанинг гапи гап, сўзи сўз. Ака укаларга бош. Ука акага итоатда. Кенгфикрли ёндашув, оиладан ташқаридаги бировга, чет элда яшайдими у, катта мансаб эгасими, модомики, ишончга кирмаган экан, ҳатто ишончга кирган тақдрида ҳам унга эргашмаслик, муомала-муносабатда ётларга тақлид қилмаслик бундай оилаларнинг бош мезонидир. Бундай оилаларда тарбиянинг янги усуллари қидирилмайди; ота-она боламга қандай муомала қилай, қандай тарбия берай деб бош қотирмайди, унда сулоланинг ички қоидаси ва намунаси бор – шу шаклда ишлайверади. Бундай оила болаларини ёутубега олиб чиқмайди, хотини билан эр-хотин подкаст қилмайди, байрам совғалари ҳақида оламга жар солмайди, турли шахсий масалаларни ижтимоий тармоққа жойлаб, хоҳ ибрат бўлсин, хоҳ иллат бўлсин – шармандалик қилмайди; туркий халқлар эски замонларда оилани аврат деб атаган экан, айнан шундай сўз Сайфи Саройининг 1392-йил ёзилган “Туркий Гулистон” китобида ҳам келган – бир сўз билан айтганда, шарафли оилалар аврати билан шон-шуҳрат қозонмайди, сабаби аврат бегоналар кўзидан берк туриши керак. Айримлар сиёсий қочқин, кейин фуқаролик олиб қайсидир бегона давлатга жойлашган экан, улар ўша ердаги зеҳниятдан таъсирланиб, хотин-бола-чақасидан жамоатчиликка маърифий спектакл қўйиш учун истифода айласа, бу театрларга қараб анграймаслик ва алданмаслик керак. Улар ўша ердаги муҳит ва таъсир ичидадирлар. Улар ўша ернинг жўғрофияси асосида фикрлайди. Улар учун қизнинг бетгачопарлиги ўта табиий ҳол, бизда эса оталар турмушга чиққан қизига тик қарамайди. Уларда ўғил отага қараб фалон ишингиз хато дейиши мумкин, лекин бизда хўп бўлади ота дейилади. Ота кўнгли биз учун улуғ, улар эса ота кўнглини ҳам, ҳайбатини ҳам назарга илмасликлари oson. Улар бундай мулойим сувратда адабсизликни тарғиб қилишса, ёғли сўзлар билан эски ахлоққа зимдан зарба беришса, индамай қараб ўтирайликми? Четда туриб оила ҳақида юрт ичидагиларга таълим бериш – бу маънавий бир ҳужумдир. Улар бизнинг оиламиз ички руҳияти ва шаклини қуриб беришга асло ҳақли эмаслар. Марҳамат қилиб, Ватанга келиб яшасинлар, халқ билан бирга аччиқ-чучукни тотсинлар, шу ерда одамларга яхшилик қилиб қўйсинлар, ўзининг қандай яхши одамлигини ҳаммага кўрсатсин, исботласин; кейин кўрамиз – бундай одамлар гапиришга ҳақлими, йўқми?! Худди шу гап ўзидан сиёсий мухолифат ясаб олган хоинларга ҳам тегишли. Шунингдек, қандайдир сайт ва ахборот манбаларига ҳам. Бу каминанинг ёндашуви, хулосаси, агар сизлар шундай одамларга оилангиз тарбиясини ишонсангиз, бу сизнинг танловингиз. Агар йўқ, кимдан чора сўрай десангиз, энг аввал оилангиз улуғларидан маслаҳат олинг, агар ундай одамлар бўлмаса, маҳаллангиздаги илмли, диёнатли, ишончли инсонлардан, хусусан, аҳли илм имомлардан йўл сўранг, интернетдаги сохта мулойим шайх-у шайхнисолардан эмас.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.