Тил

Mumtoz oila

САККИЗИНЧИ БОБ

САККИЗИНЧИ БОБ — расм

САККИЗИНЧИ БОБ

Учинчи фасл

Қайнона

Қайнона дер эканмиз, биз бу ерда келиннинг қайин онаси ҳақида гапирамиз, куёвнинг қайнонаси кейинги фасллардан бирининг мавзуси бўлади. Қайнона аёл киши бўлгани учун аёлларга хос айрим нуқсонлардан холи бўлмайди, лекин унинг орқада камида 20 йиллик оила ҳаёти тажрибаси бор. Шу тажриба қайнонани донишманд, оқила ва дадил онага айлантирган. Қайнона келинга онадан яқиндир. Чунки она қизини узатди, энди қиз унга тегишли эмас; энди қиз умри охиригача қайнона хизматида бўлади ва унинг учун бу аёл онасидан яқинроқ аёлга айланади. Келин – қиз эмас, у қайнонага қиздан яқинроқдир. Қиз онанинг бағрида узоғи 20 йил нари-бери бўлар, аммо Худо умр берса, қайнона қўлида 30 – 40 йил тарбия кўради. Ўз-ўзидан қизнинг ҳаётида қайнонанинг ўрни ўта муҳим ўрин ҳисобланади. Қайнона келин оларкан, келин уйига кириб келмасидан аввал муомаланинг барча қоидаларни ишлаб чиқиши керак. Бунинг учун ниятни тўғри қилиши, келинга холислик ила меҳр ва шафқат кўзи ила қарайди. Уни ўғлининг йўлдоши сифатида билади. Келинга қилинган яхшилик – ўғилга қилинган яхшилик. Келинга кўрсатилган ҳурмат – ўғилга кўрсатилган ҳурмат. Келиннинг қадри – ўғилнинг қадри. Келиннинг офияти – ўғилнинг ҳаловати. Қолаверса, халқнинг гапи гап: ўғлингга ёқай десанг, хотинини мақта. Шундан келиб чиқиб, қайнона қалбидаги ниятни қайта-қайта текширсин: “Келинимни эҳтиёт қиламан, унга яхши гапираман, унга нисбатан адолатли ва шафқатли бўламан”. Қайнона келин билан дугона эмас – бу бош қоида. Айримлар келин туширишдан аввал номзод билан яқинлашиб кетар эмиш, бу фақат зиён келтиради. Қайнона ва келин муомаласи муайян даврларга қараб фарқ қилади. Янги келинга жиддий, оҳиста, мулойим муомала керак. Чунки унинг ҳаётий тажрибаси кам, ёш, хом ва хато қилиб қўйиши табиий. Дастлабки ўн йил қайнона келинни бироз узоқда тутиши жоиз, яъни келин билан кам гаплашади, у билан ҳазил-ҳузул қилмайди, сирлашмайди, пичинг ва киноялар қилмайди, битта айби учун дарҳол танбеҳламайди, балки икки марта қатъий ва юмшоқ огоҳлантиради, кейин танбеҳга ўтиши мумкин, лекин ҳаммасидан аввал ҳар бир ишни ўзи қилиб кўрсатиши керак, чунки келиннинг уйидаги тартиб ва у олган таълим қайнона истагандек бўлмаслиги, унинг диди ва хоҳишига мос келмаслиги мумкин.

Неваралар туғилади, оила турли тадбир-маросимлар, мотам-у байрамлар ўтади - ўн йил давомида қайнона-келин секинлик билан қадрдонлашиб боради. Қайнона ўзини дарров ёмон ва жаҳлдор сувратда кўрсатмайди, зотан, бунинг ҳожати йўқ; лекин рўғор тутишнинг қонунларига оғишмай риоя қилади: қайнона уйқу вақтларини назорат қилади – аввал ўзи эрта уйғониши керак; бомдод намозига туради; келинга шуни тайинлайди; зикр ва дуолардан сўнг уй ва ҳовлида тонгги тозалаш ишлари бўлади – ёзда сувлар сепилади, супурилади, чанглар артилади; қишда қорлар куралади, уй ичлари супурилади ва ҳоказо; оилага нонушта тайёрланади – уйда қилинган қиём-у қаймоқлар, сут-у сарёғлар, асал-у новвотлар, парварда-ю оққантлар, нон-у кулчалар, хандон писта-ю бодомлар, ерёнғоғ-у осмонёнғоқлар, майиз-у туршаклар, қайноқ қора чой-у кўк чойлар билан гулдор дастурхон устида нонушта қилинади. Нонуштадан аввал ва сўнг дуо ўқилади. Ҳар бир куннинг режаси бўлиши шарт – нонуштадан кейин неваралар мактабга, эркаклар ишга жўнатилади; кўплаб қишлоқ оилаларида аёллар далага ишга олиб чиқилади, имкон бўлса, аёлларни катта миқёсдаги кетмон ишига жалб қилмаган маъқул кўринади, уйда – ҳовлида шундай иш қилишса, ўзлари исташса, мумкин, албатта. Ора-орада жисмоний меҳнат зарурат бўлади, лекин деҳқончилик каби ишларни уларнинг кучига таяниб қилмаслик керак. Қайнона ҳар бир кун учун ҳовлида аниқ мақсадли иш ташкиллашитириши керак: бир кун банка ёпиш, бир кун палос ювиш, бир кун кўрпалар жилдини ювиш, бир кун пардаларни ювиш, бир кун ҳовлидаги гулларни парваришлар, бир кун нон ёпиш ва ҳоказо. Ҳовлида келинлар неча нафар бўлмасинлар, албатта, иш билан банд бўлганлари яхши. Пешиндан кейин асргача бўлган оралиқда келинларга истироҳат берилади. Аммо яна соат нечада чиқишлари ва қайси ишни қилишлари белгиланади. Кечкиликдан сўнг, хуфтонни ўқиб, келинлар қайнонага: “Яхши ётиб туринг, ойижон!” – деб, ўзларига берилган маконга чиқадилар. Иккинчи ўн йилликда қайнона келинга бироз имтиёз беради, уни ўзи билан меҳмонга олиб бориши мумкин, оиланинг айрим масалаларида маслаҳат сўрайди. Учинчи ўн йилда келинга энди анча эркинлик берилади. Лекин қайнона ҳеч қачон ўз ҳукмфармо мақомини қўлдан чиқариши мумкин эмас. Бу мақом оила мустаҳкамлиги учун ҳам шарт. Қайнона келинларни ўғилларнинг ёшига қараб фарқлаши керак – катта ўғилнинг хотини кичик ўғилнинг хотинига нисбатан тафовутли даражада мавқега эга бўлиши яхши. Кичиклар ҳад ва чегараларини билишлари учун бу зарур. Қайнона ҳеч қачон қудаларини ғийбат қилмайди, келинга отанг бундоқ, онанг бундоқ дейиши ақлга сиғмайди. Келиннинг шахсияти, нафсониятига тегмайди. Келин қайнонадан ҳам чўчиб, ҳам ҳурмат қилиши керак. Қайнона келинга шундай шаклда хизмат айтиши керакки, келин хизматни шараф деб билсин, қайнона хизмат айтмаса, келин сиқилиб қолсин. Қайнона келин билан айтишмайди, бақиришмайди, бу оила ахлоқига жиддий зарар етказади. Мулойимлик ва юмшоқ сўз бош мезон саналади. Оқила қайнона ҳеч қачон келиндан ҳеч кимга шикоят қилмайди. Балки келинда учрайдиган камчиликларни тадбир ва ақл билан ҳал қилишга уринади. Бу борада шошмайди, улуғворлигини сақлайди. Хулоса қилиб айтсак, қайнона келиндан масофа сақлаши, унга ҳам юмшоқ, ҳам қатъий гапириши, жиддийлик ва раҳматини бирдек кўрсатиши, босқичма-босқич келиннинг мақомини кўтариб бориши мақсадга мувофиқ кўринади.

Акром МАЛИК

1 510марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Фарзанд тарбияси инсон ҳаётидаги энг асосий масалалардан бири. Ҳар бир халқнинг ўзига хос тафаккури, зеҳнияти…

    Бундай оилаларда тарбиянинг янги усуллари қидирилмайди; ота-она боламга қандай муомала қилай, қандай тарбия берай деб бош қотирмайди, унда сулоланинг ички қоидаси ва намунаси бор…

    2 дақиқа

    Нега баъзан аввал кучли севги, кейин нафрат пайдо бўлади? Севги – бир томоннинг иккинчи тарафга талпиниши. Бу…

    Севгининг пайдо бўлиши таҳқиқида шундай гаплар бор экан: севги камол сабабли уйғонади, яъни бир инсоннинг муайян масалада маҳорати, илми, хулқи қалбда унга нисбатан илиқлик…

    4 дақиқаMumtoz oila

    Саккизинчи боб

    ҚАЙИНЮРТ Иккинчи фасл Қайнота Қайнота келинлар билан деярли мулоқот қилмайди. Унинг мақоми жуда баланд бўлгани сабабли у ва келинлар орасида парда бор. Бу парда ҳеч қачон…

    2 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.