Mumtoz oila
ЎН УЧИНЧИ БОБ
ЎН УЧИНЧИ БОБ
ОИЛАДА РЎЗҒОР БУЮМЛАРИ, КИЙИНИШ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ
Рўзғор буюмлари ҳар бир оила учун зарурат. Уларни бир неча қисмларга бўлиб ўргансак бўлади: 1. Ошхона буюмлари. Бунга қозон, ўчоқ, тандир, тоғора, челак, чўмич, лаган, товоқ, коса, пиёла, қошиқ, санчқи, пичоқ, мантиқасқон, това, човли, элак, супра, ўқлов-тахта, жўва каби эскидан фойдаланилган нарсаларни киритсак, кейинги вақтда қўлланадиган гўштқиймалагич (мясоробка), иситгич (микроволновка), музлаткич, қоргич (миксер) ва электр билан ишлайдиган бошқа нарсаларни ҳам қўшишимиз лозим. Таомланиш инсон ҳаётининг ажралмас қисми экан, демак, таом тайёрлаш учун керакли нарсаларни шай қилиб қўйиш, уларни озода сақлаш ҳам зарурат. Ҳозир шаҳарларда кўпчилик кўчадан овқат ейишга, кўчадан овқат буюриб, чақиришга ўрганиб кетди. Лекин бу нарсанинг унчалик яхши эмаслигини аввалги бобларда мулоҳаза қилдик. Шу сабабли ошхона анжомларини шай қилиб, ошхонани ҳам ҳавас қиларли шаклга келтириб қўйиш керакки, уйимиз бекалари улардан баҳузур истифода қилсинлар. Фарзандларимизнинг оналари, қизларимиз, опа-сингилларимиз, қўйингки, ошхонани лаззат макони, кўнгил байрами учун баҳона биладиган аёлларимиз учун чиройли шароитлар ҳозирлаб берайлик. Улар нон, сомса ёпадиларми, манти ёки хоним пиширадиларми, ҳасип солиб, шўрва қайнатадиларми, гўшт қовуриб, лағмон чўзадиларми, чучвара тугиб, дўлма ўрайдиларми, мастава-ю ажабсанда, мошхўрда-ю мошкичири, атала-ю ҳолвайтар, ғилминди-ю қатлама, димлама-ю қозон кабоб ва, ниҳоят, паловхонтўра-ю шавла – қайси бирини тайёрлаб, завқланиб, дастурхонга тортишни истасалар, барча “қурол-яроғлар” тайёр турсин-да! Гўшт-у думба ёғлари, сабзи-ю картошка, пиёз-у саримсоқ, булғори-ю гармдори, гуруч-у гречка, нўхот-у ловия, мош-у жўхори, хуллас, таом учун зарур нарсалар ҳам тўкин турсин. Шакар ва новот, оққант-у парварда, асал ва сариёғлар билан ҳам таъминот этайлик. Шунда бекаларнинг вазифаси ошхона анжомларини кўз қорачиғидек авайлаб, масаллиқларни граммлаб, яъни мисқоллаб ишлатсинлар, рўзғор дегани мана шундай тўкин ва фаровон бўлсин! Нонушта-ю тушлик, алвон-у кечкиликларни ҳозирлаш ошхонада ўзига хос маросимга айлансин, бутун оила аъзоларни мазали таомлар билан сийлаб, аёлларимиз ҳузур ва ҳаловатга тўлсинлар, биз ҳам тилимиздан бол томиб уларни мақтайлик! Энг асосий қоидани яна бир такрорлаймиз: ҳар бир нарсани кўз қорачиғидек авайланг, битта бўлса-да, пиёла синмасин! Бир томчи бўлса-да, ёғ ерга томиб увол бўлмасин!
2. Хўжалик асбоблари. Ошхона буюмлари аёлларнинг қуроли бўлса, эркаклар учун хўжалик асбоблари хизмат қилади: кетмон, белкурак, бурагич (отвертка), омбир (плосткагупса), арра, болта, болға, теша, андава, ранда, михсуғиргич ва шу каби нарсалар. Бу қаторга темирарра, тоққайчи, пойтеша, дрел, болгарка, тунукақайчи, арава клучлариларини ҳам киритиш мумкин. Эркак киши уйидаги носозликларни – деворларни суваш, кранларни тузатиш, кўчган, синган, узилган нарсаларни тузата олиши шарт. Буларнинг бари, аслида, oson, фақат бироз қунт ва эътибор талаб қилинади, холос. Албатта, ҳовлида яшайдиган оила ернинг ҳар бир қаричини кўкартириб, яшнатиб қўяди, бу ишга бош бўлиш ҳам эркакнинг вазифасидир. Ошхона буюмлари ўз жавонида тургани каби хўжалик асбоблари ҳам алоҳида хонада сақланмоғи лозимки, ҳар бир хизматчи ускунани эҳтиётлаш унинг хизматини мукофотлашдир. Шунингдек, қассоблик, яъни ҳайвон бўғизлаш бобида ҳам эркакда тажриба бўлса, яхши, шундай тажриба орттирилса, ҳайвон сўядиган пичоқ ва қайроқларга ҳам эга бўлиш тавсия этилади. Оилада зарур бўладиган асбоблар ҳақида гаплашдик, энди эса кийиниш масаласига тўхталамиз. Ақл улғайган одам тор ва ёрқин ранглардан парҳез қилади. Яъни енги узун, жуда ҳам кенг бўлмаган, салобатли либослар кияди. Аёллар эмас, эркаклар ҳам ўзларининг билаклари ва болдирларини очиқ тутишдан сақланишлари одобдан саналади. Шу маънода ёз-у қиш енгли либослар, ранги жиддий ва очиқ либослар ҳар бир кишига ярашади, шубҳасиз, либос бу дид масаласи, лекин унинг ҳаво ўтказувчи бўлиши мақсадга мувофиқ. Вафо ҳар бир инсонга зарур хислатдир, аммо у жуда кам инсонда бўлади. Вафодор инсон, ҳатто либосларига ҳам вафо сақлайди. Сифатли либос олиб, уни узоқ муддат кийиш қаноат ва вафодандир. Ҳар мавсумда янги кийим олиш унча тўғри эмас. Бунинг икки сабаби бўлади: сифатсиз либос танлангани учун у хизмат қила олмайди; иккинчиси, либос сифатли бўлса-да, янги нарсага ўчлик ҳали ҳой-у ҳаваслардан зафар қозонилмаганига далилдир. Шубҳасиз, уй ва кўча учун алоҳида либослар бўлади. Инсон уйда кийган либосини кўп уринтиради ва уй либоси тез эскиради. Агар кўча либосини ҳам уйга кияверилса, у оҳори ва янгилигини йўқотади. Ҳолбуки, кўчага чиққан одам чиройли ва янги кийим кийса, мақбул. Бу билан инсонлар кўзига яхшилик қилади, инсонлар кўз орқали чиройли либосдаги одамни кўрсалар, қалбларига ихтиёрсиз бир илиқлик киради. Шунингдек, байрам ва тўйлар учун ҳам ўзгача бир либос сақланса, яхши. Чунки кишилар байрам ва тўйларда хурсандчилик қиладилар, чиройли ва янги кийимлар кайфиятни кўтаради. Албатта, кийимпарастлик, ўзига жило ва зийнат беришда ҳаддан ошиш қанчалик хунук бўлса, ўзини эътиборсиз ташлаш, кир ва йиртиқ кийимлар кийиш, ўзини фақир ва бечора кўрсатиш ҳам шунчалик ёқимсиздир. Соч ва соқолларни тартиблаш, мушк каби хушбўйлардан фойдаланиш заруратдир. Янги либослар кийилаётганда кичик ювиниш, яъни бўйин ва қўлларни сув билан поклаш муҳим, бу либосни пок тутишга ёрдам бериш билан бирга одамдан нохуш ҳид чиқишининг олдини олади. Очиқ-сочиқ, ялтир-юлтур, тор-тирриқ кийиниш шармандаликка яқин, ҳурматли одам кенг-мўл, сидирға ва жиддий, ёпиқ ва узун кийинади. Спорт учун чиқарилган кийимларини спорт ва уй учун, кўчага эса енгли кўйлак ва шимлар кийган мақбул. Аёлларнинг либосига келсак, бу маълум масала – ўзини ҳурмат қилган аёл бегона кўзларга ўзининг кўрсатиш мумкин бўлмаган жойларини кўрсатмайди; ярим яланғоч юриб, бундан фахрланадиган аҳмоқлар қаторида турмайди, ўз эркинлиги ёки фикрининг ҳурлигини танасини очиқ кўрсатиш билан исботлайдиган даражада нодонлик қилмайди. Шунингдек, бошига рўмол ўраб, унга ҳижоб номини бериб, белдан пастини кўз-кўзлашдек иллатдан узоқ туради. Қисқа қилиб айтганда, либос инсон ички оламининг ташқаридаги кўриниши ҳамдир. Энди эса ижтимоий тармоқ ҳақида тўхталсак. Оилада заруратсиз тармоқларда фаол бўлмаслик, ҳар хил материаллар тагига ҳисбелгилар қўйиб, ҳар хил гапларни ёзишдан сақланиш бош қоида бўлиши керак. Умуман олганда, ижтимоий тармоқда йироқ туриш, ундан фақатгина аниқ мақсадлар билан фойдаланиш тавсия этилади. Ота-оналар болалари қўлига гапташир бермасликлари, берсалар, доимий равишда текшириб туришлари шарт. Асосийси, болангиз вайнер ёки шунга ўхшаш тоифа сафига кириб, бекор ишлар билан машғул бўлиб қолмасин. “Мумтоз оила” рисоласида оилада учраши мумкин бўлган барча масалаларни қамраб олишга уринмоқдамиз. Бунда ўзаро яқин мавзуларни жамлаяпмиз. Ушбу бобда рўзғор буюмлари, кийиниш ва ижтимоий тармоқ мавзуларини бир жойда зикр қилдик. Чунки бу мавзулар оиланинг ички ёки маънавий эмас, балки моддий-жисмоний масалалари билан боғлиқ кўринди.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.