Тил

Mumtoz oila

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ — расм

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

МЕҲМОНГА БОРИШ ВА МЕҲМОННАВОЗЛИК ҲАМДА ҚЎШНИЧИЛИК

Бора-бора халқимизнинг зеҳниятидан меҳмон ва мезбон тушунчаси чиқиб кетяпти. Айрим худбинлар одамларни меҳмон қилма деб тарғибот ҳам қилмоқда. Лекин биз бундай худбин ва хоин, ватангадо ва кафангадоларнинг сўзи билан ишимиз йўқ. Улар фитна ва фасод қилишда давом этаверишади, биз эса меҳмондорчилик ва меҳмоннавозлик моҳияти, унинг адаб-ахлоқи ва урфларидан сўзлаймиз. Чунки инсонларнинг бир-бирлари учун махсус тайёргарлик кўриб овқат пиширишлари ва бу овқатларни дастурхонга тортиб, ўша инсонларни меҳмонга чақиришлари ўта муҳим амалиётлардан бўлиб, унинг ҳам ижтимоий, ҳам маънавий аҳамияти беқиёсдир. Аввало, бу одамлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлайди. Бу меҳр-оқибат, қалбларнинг яқинлиги асоси демакдир. Иккинчидан, инсонларда жўмардлик, саховат ва яхшилик қилиш хислатларини тарбиялайди. Бу худбинликдан қутқаради. Одамларгина топган таомларини бўлишиб, жамланиб, шукур ва очиқ юз ила танаввул қиладилар. Ҳайвонлар топган овқатини тагига босиб, ириллаб, пала-партиш ямламай ютади. Қорни тўйгач, ундан қолган сарқитга бошқа заиф ҳайвонлар келишади. Инсонлар меҳмоннавозлик сабабли ҳайвондан фарқланадилар. Меҳмоннавозлик бу кўчада бирор ошхона ёки ресторанга бир гуруҳ кишини чақириб тўйдириш эмас, бу уйга чақириш ва уйда тайёрланган таомлар билан икром қилмоқдир. Ушбу бобда меҳмонга бориш ва меҳмонга чақиришнинг одоблари ҳақида сўз юритамиз. Халқимизда бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер, чақирилмаган жойга борма, чақирилган жойдан қолма, эр тилаган жойда азиз деган мақоллар бор. Шу ва бошқа ҳикматлардан келиб чиқиб меҳмонга боришнинг энг муҳим қоидаларини келтирамиз: 1. Чақирилган жойга, албатта, бориш керак. Боролмаган тақдирда бу ҳақда мезбонга узр айиб қўйилиши лозим. 2. Чақирилмаган жойга бормаслик даркор. Кўпчилик айтилган бўлса-ю, сиз айтилмасангиз, буни тўғри қабул қилган ҳолда меҳмонга борилмайди. 3. Ҳар қандай хоҳ зиёрат учун, хоҳ зиёфат учун борар экансиз, ҳеч бўлмаса, қўлингизда иккита нон ёки бир ҳовуч қуруқ чой бўлиши тавсия қилинади. Агар имконият бўлса, яхшигина бозорлик кўтариб олиш лозим, халқда эшикни тепиб очиш деган ибора бор, яъни қўйни-қўнжи тўлиб келган одам қўли банд бўлгани сабабли келгани ҳовли ёки хонадон эшигини тепиб очишга мажбур бўлади. 4. Мезбон кўрсатган жойга ўтириш, уй ичига кўз ташламаслик, дастурхонга қўйилган ноз-неъматлардан олиб ўтириш керак. 5. Мезбонни малоллантирмаслик учун кеч тушмай кетишга изн сўраш лозим. Агар мезбоннинг уйи тор ва кичик бўлса, ётиб қолиш мумкин эмас. Муҳим нукта шуки, келиш ихтиёр билан, кетиш ижозат билан деган нақл бор. Бунинг маъноси шуки, меҳмонга борган одам бироз ўтмай қандайдир режам бор, кетаман деб питирламаган маъқул. Балки меъёрдаги миқдорда ўтириш, сўнг одоб билан изн сўраш лозим. 6. Овқатланаркан, дастурхонни тоза тутиш, писта-бодомларни чақиб еса, пўстларини тартибли қилиб уйиб қўйиш, таомдан сўнг коса ва идишларни суннатга мувофиқ ёғларини ялаб, ҳатто чой қуйиб ичиш керак.

Энди эса меҳмоннавозлик адабларини баён қилсак. 1. Мезбонни очиқ чеҳра билан кутиб олинади, меҳмон келганда уйда болалардан кимдир хато қилса, ҳеч кимга танбеҳ берилмайди. 2. Дастурхонга меҳмонлар учун энг сара неъматларни қўйиш лозим. Кейинги пайтларда ўзбек халқининг энг яхши нарсаларни меҳмон учун, ҳатто болаларнинг қўли етмайдиган жойда сақлашини танқид қилувчилар кўпайган. Аслида, бу меҳмоннинг иззатидир. Бу боладан нарсани қизғаниш эмас, балки болага меҳмоннинг қадр ва қийматини кўрсатиш ҳисобланади. Энг яхши нарсани ўзи эмас, балки бошқаларга илиниш ҳақидаги ҳимматнинг амалий ўрнагидир бу. Хулоса шуки, меҳмонга сара таомлар тайёрлашда бахиллик қилиш уятдир. Меҳмоннинг ҳурмати ҳам тўкин дастурхон орқали изҳор қилинади. 3. Кутилмаган меҳмон келиб қолса, унга кутилгандан кўра яхшироқ иззат қилинади. Токи у огоҳлантирмай, чақирилмаган ҳолда келганида хижолатда қолиб кетмасин. 4. Меҳмоннинг ҳолати, кайфиятига қараб, уни ушлаб қолмаслик керак. Агар мезбон кечқурун келган бўлса, ётиб қолиши учун шароит ҳозирлаш, ибодатлари учун қулайлик яратиб бериш даркор. 5. Меҳмон келганда уйда дастурхонга қўйиш учун нарсалар бўлмаса, овқат учун масаллиқ тугаган бўлса, қўшнидан қарз олиб бўлса-да, мезбонлик шартларини бажо келтириш талаб этилади. Меҳмонга дастурхон ёзиб, бир пиёла чой қўймаслик ҳимматга зиддир. Аввал чой қўйиб, нон ушатиб, сўнг мезбоннинг муддаосига қулоқ бериш тўғри иш. 6. Мезбон кетаркан, қўлига кичик бўлса-да, ҳадя бериш эски удумлардан саналади. Ҳадянинг афзали – пул. Меҳмон мусофир ва бироз қўли калта бўлса, йўлкира қилади. Йўқса, дастрўмол ёки тасбеҳ, дўппи ёки мушк ва ҳоказо нарсаларни ҳадя қилиб, меҳмоннинг дуосини олиш лозим. 7. Энг асосий қоидалардан бири – меҳмоннинг уч кунгача мезбонда ҳаққи бор. Мезбон кетаман демаса, уч кунгача оғринмай икром қилинади. Нега келдинг дейилмайди. Тўртинчи кун тонгдан кейин очиқ шаклда сўровга ўтиш мумкин. Шундай қилиб, меҳмондорчилик билан боғлиқ масалаларни қисқача мулоҳаза қилдик, энди эса қўшничилик ҳақлари ҳақида ҳам сўзлаймиз. Бугун қўшнилар эски замоннинг қўшнилари каби эмас. Бурунги вақтларда қўшнилар қариндошдан яқин бўлишган. Ҳозир шаҳарларда ён қўшнилар бир-бирларини танимайдилар. Бир-бирларига хавотир ва ишончсизлик билан қараш ҳисси ҳам бор. Қўшничиликнинг бир қанча одоблари бор. Хусусан, уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз: 1. Бирор жойдан ҳовли ёки уй олишдан аввал қўни-қўшниларни суриштириш керак. Яхши одамлар билан қўшни бўлган яхши. Агар қариндошингиз қўшнингиз бўлса ёки қўшнингиз қариндош бўлса, нур устига нур. 2. Янги кўчиб келган қўшнини дарҳол йўқлаб чиқиб, ёрдам таклиф қилиш лозим: “Ассалому алайкум! Қўшни, мен фалончиман, мана бу жойда яшайман. Сиз янги келибсиз. Танишиб олсак. Ташаккур. Сизга қандай ёрдам бера оламан? Бирор ёрдам керак бўлса, иккиланманг!” Мабодо ўзингиз кўчиб борсангиз, жойлашиб олгач, қўшниларнинг ҳаммасининг уйига кириб бирма-бир танишиб, уларга кичик эҳсон зиёфати қилиб берилади. Бу орқали улар билан яқиндан танишилади. Табиийки, янги қўшни уйига зарур нарсалар ёки пул ҳадяси билан борилади. Қўшни хушхулқ ва инсофли бўлса, Худонинг раҳмати. Агар бадфеъл ва ахлоқсиз бўлса сабр қилинади ва яхши муомала билан кўнглини олиш керак. Ҳеч қачон қўшни ҳақида ёмон гапирмаслик лозим. Ёмон қўшни ҳақида сукут қилинади. Қўшни тўй қилса, хизматда турилади, қўшни уйида аза бўлса, бел елка тутилади. Зарурат туғилса, қўшни учун, қўшнининг меҳмонлари учун ўз уйингиздан хона ажратиб ҳам берасиз. Қўшни нимадир сўраб чиқса, албатта, сўровини бажо қилиш керак. Қўшни муҳтожроқ бўлса, доим ёрдам қўлини узатиш, агар сиз бой бўлсангиз, сиз ҳам ундан нимадир нарса сўраб туришингиз лозим. Бу билан сизга ҳам у кераклигини билдирасиз. Қўшни уйига таом чиқариш эски удумларимиздан. Бунинг учун сабаб бўлиши шарт эмас. Лекин байрамларда, албатта, қўшнига ҳам совға ва ош чиқариш керак. Мақсад – қўшни билан аҳил яшамоқдир. Яхши қўшни билан мусибатлар енгил ўтади. Қўшни билан қадриятларингиз тескари бўлган тақдирда, масофа сақлайсиз, лекин ҳолидан хабар олиб, яхшилик қилаверасиз. Сир бермайсиз ва ёмонлиги, хиёнати етишидан эҳтиёт бўласиз. Қўшни алдаса, кечириш; қўшнини алдамаслик; ёмонлик қилса, сабр кўрсатиш; яхшиликда бардавом бўлиш; қўшни болаларини тарбия қилиш учун назорат этиш керак. Яхши қўшничилик билан одамзод жуда кўп мусибат ва балолардан қутулади. Яхши қўшни кетганингизда уйингизга қоровуллик қилади; шаънингизни ҳимоялайди; оғир кунингизда қўллайди. Қўшниси бор одам ёлғиз ва бахтсиз бўлмаслиги керак. Қўшни қўшнига хиёнат қилмаслиги шарт. Ҳар бир оилага яхши қўшнилар насиб қилсин ва яхши қўшни бўлиш насиб этсин! Бу бобда меҳмонлар ва қўшнилар ҳақида гаплашдик, бу икки тоифа ҳам кишилардан кенглик ва мардлик талаб қилади, меҳмон ва қўшнини бошга кўтариш инсонийликдандир.

Акром МАЛИК

2 030марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ЎН УЧИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА РЎЗҒОР БУЮМЛАРИ, КИЙИНИШ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ Рўзғор буюмлари ҳар бир оила учун зарурат. Уларни бир неча қисмларга бўлиб ўргансак бўлади: 1. Ошхона буюмлари. Бунга қозон,…

    5 дақиқаMumtoz oila

    ЎН ИККИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА ТАъЛлМ ВА ИЛМ Илм ҳақиқатларни бизга англатгувчи воситадир. Илм бўлмаса, илм билан машғул бўлмасак, ҳар биримиз жаҳолат ботқоғига ботамиз. Тасаввур қилинг: ҳар бир оила…

    5 дақиқаMumtoz oila

    ЎН БИРИНЧИ БОБ

    ОИЛАДА ТАОМЛАНИШ, САЛОМАТЛИК ВА ТОЗАЛИК Саломатлик ва поклик ҳамиша ёнма-ён. Оилада поклик ва саломатликни сақлаш бир-бирига узвий боғлиқдир. Табиийки, саломатликнинг яна бир…

    7 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.