Тил

Эртак

Эртак — расм

(Ҳикоя)

Бир инсон қирқ ёшга кирибди. Жисми кучга тўлиб, ақли камолга етибди. Қўлидан келмайдиган иш йўқ экан: тоғни урса талқон қилар эмиш. Чунки у асилзода оилада туғилиб улғайган; меҳнаткаш, доно, виждонли ва оиласевар экан. У ҳаммага меҳрибон, ростгўй ва самимий экан. Сахий экан, карамли экан. Ҳаддан ташқари художўй эканки, ҳамма уни олим, зоҳид ва обид деб чақираркан.

Аммо бир куни ажойиб бўлибди: эрталаб уйғонганида ўтмиши эсидан чиқиб қолган экан. Отаси ким, онаси ким – билмас эмиш. Худони мутлақ унутворган экан. Болалари ва хотинини эслабди-ю, уларга бефарқ қарабди. Ҳамма хавотирга тушибди. Қизиқ жиҳати, у ота-онасини кўрганда қутуриб, тишлашга уринар экан. Ундаги ҳолдан ота-она ҳайрон бўлибди, қўрқибди, табибга кўрсатибдилар. Табиб уни соппа-соғ депти. Аммо у ота-онасини бу иши учун ҳаддан ташқари ёмон кўриб қолибди.

Хотини билан иши йўқ эмиш. Болаларига бепарво экан. Йўқ, у тунги ишларни, кундалик ишларни қойиллатаркан, масалан, тирикчилик учун ҳамма нарсани муҳайё қиларкан. Хотин илгари уйдан чиқмаскан, кейин кўчага чиқипти. Кейин зийнатланиб, бемалол истаган эркаги билан дўстона суҳбатлашадиган ҳам бўпти.

Ўғил ва қизи эса кечаси билан дайдиб, эрталаб қуёш ёйилгунча ухлайдиган бўпти. Аммо у индамаскан. Ҳатто болалари ва хотинидан сўкиш эшитиб ҳам ўтираркан. Ҳа, энди уларнинг сўзлашга ҳаққи бор дер экан.

Охири хотини бошқа эркакни севиб қопти-да, уйдан чиқиб кетибди. Битта ўғли наркаман, битта қизи фоҳиша, битта боласи ўғри бўпти. Кенжаси эса университетга ўқишга кириб, битирибди ва порахўр мулозим бўлиб етишибди. Лекин у буларнинг ҳаммаси хотиржам қарар ва ҳамма ўз ҳаётини ўзи қуради дер экан.

Ниҳоятда мункиллаб қолган ота-онаси бир куни унинг уйига келишибди. Чол-кампир йиғлапти. Не кунларга қолдик депти. Болаларингни қара, не аҳвол, бу не парокандалик депти. Сенинг йигирма йил олдинги ақлинг қани, кимга айланиб қолдинг дейишпти. Нима қилай депти у. Хотининг, бола-чақангга яхши тарбия бермадинг, сал қаттиқ турмадинг депти чол-кампир куйиниб. Нима, уйни уларга зиндон қилайми депти у, ҳамма ўз ҳаётини ўзи қуради, ҳамма эркин депти яна.

Чол-кампир яна ҳиққиллаган экан, айниқса, худонинг олдида эртага нима дейсан деган экан, уйдан болта опчиқиб иккисини ҳам чопиб ўлдирипти. Сизлар одамни шунақа копир деп манипулятися қиласизлар депти. Кейин эса уларни ҳовлидаги бассейн тагига кўмиб, устидан семент қилип қўйибди.

Бу ҳақда пес деган битта хоинга айтибди. Пес уни роса олқишлабди ва чириган ўтмишни шундай қилиш керак, боплабсан депти. Песнинг касби чизмакашлик экан. Энг қизиғи, ҳеч ким уни бу иши учун айбламапти. Чол-кампир бассейннинг тагидаги семонни ёриб чиқмасмикин депти биттаси астойдил хавотирланиб. Йўқ депти у гердайиб. Чиқса, яна киргизвораман депти.

У эврилиш деган ҳикояни ўқиркан севиб, ҳатто манқурт ҳақида ҳам биларкан. Жамиятнинг бефарқлиги ва одамларнинг одамгарчиликдан чиқип кетгани ҳақида эса доим гапириб юраркан.

Шу билан эртак тугапти.

Акром МАЛИК

2 980марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Ҳақиқатнинг бадали

    Бу дунё ёлғонга тўлиб-тошганини биласанми? Чунки ёлғон ширин. Ҳақиқат – аччиқ. Ёлғон нафснинг талаби, ҳақиқат Ҳақнинг талаби. Банда дунёга Ҳақни севмоқ учун келди. Ҳаққа эса…

    1 дақиқа

    Сўзимни Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда кўз тегмасин деб бошлайман.

    Халққа хизмат қиладиганлар ҳақида гапириш бирам мароқли. Чунки улар миллат ҳақидаги ёқимсиз тасаввурларни йўққа чиқарадилар, мукофот ва мақтов тама қилмасдан қилган ишлари билан…

    2 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.