Тил

Mumtoz oila

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БОБ

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БОБ — расм

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БОБ

ҲАММАГА ЗАРУР НАСИҲАТЛАР

Одам ҳайвон эмас. Барибир, ҳайвон эмас. Унинг руҳи ва ҳайвоннинг руҳида фарқ бор. Ҳайвон шаҳвати ҳамда ваҳшийлигига эргашади. Инсон ақли ва қалбига эргашади. Ҳайвон жисмининг ташвишида, инсон руҳининг ташвишида.

Руҳининг ташвишини қилганлар ҳайвондан фарқланадилар. Инсон танасига озуқани тирик қолиши учун едирса, кифоя. У, асосан, руҳи ҳақида қайғуриши лозим.

Руҳ – осмонийдир. Унинг озуқаси ҳам осмондан туширилган. Ер тупроқдандир, унинг емиши шу сабабли ердан чиқарилган.

Ҳар бир инсон ақлини таниган онидан бошлаб бу ҳақиқатларни идрок этмоғи керак. Агар буни теран тушунмаса, унинг ҳаракатлари ҳайвоннинг ҳаракатларидан фарқ қилмайди: ейди, ичади, ухлайди, жимо қилади. Албатта, гуруҳлашади, гуруҳланиб жонини сақлашга уринади, тажовуз қилади, ҳимояланади, ўз жуфтини қизғанади ва болаларини ҳаётга – овга тайёрлайди. Лекин у руҳининг озуқаси осмондан тушганлигини билса, англаб етса, ҳаётини ана шунга қараб режалаштиради, шунга қараб қуради.

Китобимизнинг сўнгги бобида ҳаммага зарур бўлган насиҳатларимиз шулардан иборатдир:

1. Худонинг олдига қайтмоқ ҳақдир. Қандай яшаганимиз ҳақида ҳисоб беришимиз шубҳасиз ҳақиқатдир. Шу эсдан чиқмасин.

2. Ризқ бобида қаттиқ ўртанманг. Худонинг бир исми – Мусаббиб. Яъни оламларни сабаб устига қурган Зот. Яшаш учун сабабларнинг барчасини муҳайё қил – ишла, куч сарфла, дуо қил, лекин натижани худди ҳеч қандай сабабни қойим қилмагандек кут. Сабабларни бажо айла, лекин Ҳаққа суян. Ризқим камаяди деб қўрқсанг, эртага ризқсиз қоламан деб ташвиш қилсанг, ҳаётингда бахт ва хотиржамлик нималигини билмай ўлиб кетасан.

3. Бундан кейин хатар фақат инсонийликка эмас, балки эр ва хотингадир. Бунинг маъноси шуки, энди эрнинг эрлиги, хотиннинг хотинлиги унуттириладиган давр бошланди. Буни хоҳ дажжол даври, хоҳ дижитал даври деб аташ мумкин, моҳият ўзгармайди. Энди ҳужум динга эмас, инсоннинг фитратига қаратилади. Фитрат бузиш бошланади, балки аллақачон бошланди.

Дунёнинг мутафаккирлари бу ҳақиқатни англаб, жар солмоқдалар, афсуслар бўлсинки, ўзбек жамияти тафаккурида ҳали бу хатарнинг тажаллийси мавжуд эмас. Ўзбек тилли тафаккур эгалари ҳамон ибтидоий масалаларда баҳс этмоқдалар ва бу баҳсларнинг моҳиятида эркинлик, инсон ҳуррияти ниқоби остида оилани ва жинсни барбод этиш ҳаракати кўзга ташланмоқда.

Миллатни уйғотиш ёки сиёсий фаоллик ҳақида эмас, балки инсонийликни сақлаб қолиш, адаб ва ахлоқ қўрғони билан фитратни асраш бош масалага айланганидан гўдак зеҳниятли нотиқлар хабарсиз ёки хабарлари бўлса ҳам ҳали масаланинг ҳайбатини тўла тасаввур этмаяптилар. Шу сабабли эр бўлган эрлигини, хотинлар хотинлигини иҳотага олсин, яъни эрлар эркакка хос адабни ўрганиб, шу асосида яшамоқлари лозим. Аёллар аёлга хос ожизаликни зиммаларига олмоқлари, аёлликка хос хусусиятлардан воз кечмасинлар.

4. Ақлга суянинг. Туйғуларни четга суринг. Чунки ҳозир туйғуларнинг поклиги йўқолган. Шу сабабли ҳамиша хотиржам бўлиш учун ақлни илгари қўймоқ мақбул кўринади. Ақл орқали фойда ва зиённи фарқланг: бирор ишга қарор беришдан аввал унинг моддий ва маънавий зиёни ҳамда фойдаларини ўлчаб чиқинг. Дунё ва охиратни куйдирадиган зарарли ишлардан қочинг.

5. Узоқни ўйланг. Бугун қилинадиган иш ва қилинмайдиган ишнинг ҳосиласини тасаввур этинг. Қайсидир ишни кечиктириш эртага катта йўқотишга олиб боришини равшан ҳолда кўра олинг. Сабр-тоқат талаб қиладиган ишларнинг меваси ширин бўлади. Меҳнатдан қўрқманг. Тезда бой бўлишни истаманг. Шошилмай бир иш устида узоқ йиллар бўлинг, шу ишдан барака топасиз.

6. Сабр ва ҳилмни маҳкам ушланг. Ҳар қандай ҳолда ҳам тез гапириб жавоб берманг, сабр қилинг. Сизга жуда қаттиқ гапирсалар ҳам, оғир ҳамда вазмин туринг, имкон қадар табассум қилинг, асло ютқазмайсиз. Ҳаётда кимнингдир устунлигини исботлаш шарт эмас, зарар ва хўрланишдан йироқ бўлмоқ муҳим. Кимдир ўзини устун ва баланд тутиши жуда кулгили. Кулгили ҳолга тушманг.

7. Инсоф ва қаноатга суянинг. Кимгадир иш ҳақи берсангиз, инсоф қилинг. Борига қаноат қилинг. Кўпини истайман деб югурманг. Оз нарса билан ҳам яшаса бўлади. Бошқаларнинг соясига қараб, ўзингизга тўн бичманг.

8. Худонинг бандаларидан қўрқманг. Сизни қўрқитишларига изн берманг. Ҳаққингизни тортиб олишларига рози бўлманг, шартларни бузиб, ҳийлалар билан сизнинг ҳаққингизни ейишларига асло йўл қўйманг. Ҳалол ҳаққи учун курашганга Худо ёр бўлади. Ҳалол ҳаққини олдирган қўрқоқни хорлик кутади.

9. Кам гапиринг. Кўп гапирган фақат обрў йўқотади, ҳатто энг чиройли ва энг ҳақ гапларни ҳам камроқ гапириш лозим. Танангизни очиб юришдан қанчалик ҳаё қилсангиз, кўп гапдан ҳам ҳаё қилинг.

Акром МАЛИК

1 820марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Баъзан илм олишга қобилияти ва салоҳияти бор, лекин шароити йўқ ёшларни кўриб, уларга ёрдам беришни истайсан.

    Ёрдам берай дейсан-у, имконинг ҳаминқадар бўлади. Шунда бу юртнинг бойлари пулларини нима қилишар экан деган тамагир бир ўй мияда айланади. Балки улар ҳаммадан яширинча тинимсиз…

    1 дақиқа

    Дўстлик илми

    Дўстлик инсонийликдандир. Кўзингга ёққан ҳар ким ҳам дўст чиқмайди. Дўстлик нелигини билмайдиган бахтсизлар билан бу жаҳон тўлиб-тошган. Ҳа, дўстлик нималигини билмаслик –…

    1 дақиқа

    ЙИГИРМАНЧИ БОБ

    ОИЛАДА БАЙРАМЛАР Байрам ҳаётнинг ажралмас қисми. Худонинг Ўзи инсонлар хурсандчилик қилишлари учун муайян кунларни ажратиб берган. Бу кунларда жисм мутлақо озор чекмаслиги учун…

    2 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.