Mumtoz oila
ОЛТИНЧИ БОБ
ОЛТИНЧИ БОБ
ОИЛА ҚУРИШ
Иккинчи фасл Келин танлаш
Аввал саҳифаларда айтилган сўзларни қайта такрорлаймиз: ўғил учун жуфти ҳалолни танлаш ва олиб бериш ота-онанинг бурчидир. Оила қуриш, яъни хотин олишнинг бир неча йўллари бор: биринчи йўл шуки, эркакнинг ўзи ўзига хотин топади. Иккинчи йўл бошқа бирор киши, унинг устози, дўсти ёки ҳурматли одамлар хотин топиб беришади. Учинчи йўл ота-она топиб беради. Эркакнинг, яъни илк марта уйланаётган йигитнинг ўзига ўзи хотин топиши киндигини ўзи кесишидир. Бундай ҳол икки шароитдан бирида содир бўлади: ё йигит етим ўсган бўлиши лозим, токи у бу ишни қилишга мажбур қолсин. Ё ота-она эскилар йўлини эсдан чиқариб, бефарқлик қилиб, ўзингга ўзинг хотин топ ёки кўз остингга бирортасини олиб юр деб тайинлайди. Уйланиш ёшига етган йигит, борингки, 25, ҳатто 30 ёш бўлган тақдирда ҳам унда ўзига хотин танлаш илми етарли бўлмаслик эҳтимоли юқори. Агар у кўча-кўйдан ўзига жуфт излайдиган бўлса, хато танлов қилиб қўйиши мумкин. Натижада, ўз хотинидан рози бўлмай яшайди ёки қисқа вақт яшаб, ажрашиб кетиш хатари мавжуд. Бундан ташқари, эр хотинининг барча сифат ва хулқсизликларига кўниб яшаган тақдирда ҳам, туғилажак фарзанд нобоп она қўлида қолиб, қийналади. Масалан, тили ёмон, дунёпараст, рўзғорга уқувсиз, бефаросат, жоҳил ва ҳаддини билмайдиган хотиннинг боласи бўлишдек мусибат оламда йўқ. Аёлнинг хулқи, асосан, онасининг аксидир. Лекин бўйдоқ ва тажрибасиз йигит хотинларнинг хулқи ва фарқи ҳақида қаёқдан билсин? Шу сабабли аксар ҳолларда ота-она келин танлашни ўз зиммаларига олишлари, ўғиллар ҳам бу масалада уларга итоат қилганлари яхши. Келин танлашда ушбу қоидаларга эътиборли бўлиш фойдадан холи эмаслигини ҳаёт тажрибасининг ўзи кўрсатиб келмоқда: 1. Келин қайси ҳудуддан – жойдан эканлиги муҳим. Яхши жойда яхши хулқ ва барака бўлади. Яхши жойда – яхши шаҳар, яхши маҳалла ва яхши қишлоқда улғайган қизда барака бор. Чунки муҳитнинг ўзи асосий тарбия ишини бажаради. 2. Келин яхши оиладан бўлмоғи керак. Яхши оила – ота-она тайинли, касбли, илмли ёки илм аҳлига мухлис; ҳалол касб-ҳунар қилган; ёмон ном қозонмаган оиладир. Бир қизнинг улғаймоғи учун камида 18 йил керак деб олсак, ота-онанинг яхши-ёмонлиги, оиланинг аҳволи мана шу 18 йилда атроф-жавонибга кундай равшан бўлиб қолади. Яъни 18 йил оила ўзини танитмоғи учун етарли. Ҳар қандай оила ҳақида ўша оила яшайдиган маҳалла ишончли маълумотни 18 йилда керагидан ортиқ даражада билиб бўлади. Отаси ёлғончи, ҳаромхўр, золим бўлса; онаси тарбиясиз, чақимчи, ғийбатчи бўлса, буни ҳамма билади. Бундай оиладан яхши бир қизнинг униб-ўсиши маҳол, қиз ҳар қанча актрисалик қилиб, чиройли кийиниб, ўқимишли ва сипо қиёфада ўзини ўқиш ёки ишда кўрсатмасин, оиладаги тарбия унинг ҳеч ким кўрмайдиган тарафида сақланиб, ривожланиб боради. Унинг зоҳирига алданиб, зўр қизга уйландим дея ўйлаган йигит бир аждаҳога учраб қолиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, қиз етишган оилани суриштирмоқ керакки, токи бу ишончли ва яхши умр йўлдоши топишни катта эҳтимол билан кафолатлайди, хотин оилада кўрган тарбиясини эрининг олдида ҳам такрорлайди. Агар уйида онаси ит каби бобиллаб, унинг отасини ерга уриб юрган бўлса; эрни ҳурмат қилмайдиган бир хотиннинг қизи бўлса, бундай қизнинг қалбида ҳеч қачон эрга ҳурмат ва муҳаббат бўлмайди; у ҳам онасининг ишини ўзи қурган оилада улкан бир пасткашлик, чуқур бир тубанлик ила давом эттиради ва ривожлантиради. Демак, қизнинг яхши оиладан эканлиги энг аҳамиятли омил экан. Шунингдек, агар қиз ҳамон келин бўлиб яшаётган онанинг қизи бўлса, яъни уларнинг оиласи ҳамон бутун бўлиб, алоҳида ажралиб чиқмаган бўлса, нур устига нур. Қайнонали хотиннинг болалари, жуда катта эҳтимол билан тилла бўлади. Чунки яхши қайнона-қайнота оила адаб ва хулқининг кафилидир.
3. Келинни ўзига тенг мақомли оиладан изламоқ лозим. Яъни илм одамлари ўзлари каби олимлардан келин қилсин, деҳқонлар деҳқондан, савдо аҳли савдогардан, бойлар бойдан, камбағаллар камбағалдан, ўртаҳол ўртаҳолдан қиз олиши эски одат ва қоидалар қаторига киради. Бир қизнинг янги оилага келиб, илдиз отиб кетиши мураккаб ҳодиса. Тенглик қоидасига амал қилинса, қизнинг янги хонадонга мослашиши муаммоли кечмайди, чунки тарбияда, иш-фаолиятда, дунёқарашда умумийлик бор. Бойнинг эрка ўсган қизи камбағалнинг шароитига мослашиб кета олмаслиги ўта аниқ бир ҳаётий ҳақиқатдир. Илм аҳлининг қизи ўқимаганлар оиласига келин бўлиб тушса, бу оиладаги дағалликдан озор чекади. Камбағалнинг қизига уйланиш ҳам икки тарафни қийнайди: аввало, қулайликлар келин бўлмишнинг хулқига салбий таъсир қилиши мумкин; у ўзини бу муҳитда қандай тутишни билмай қолади; бой қайнона унга беписанд қарашдан ўзини сақлашдан ожиздир. Умуман олганда, тенглик энг муҳим масаладир. Тенг бўлмаган оилаларнинг қуда-андачилиги бир умрга икки томонни ноқулай ҳолга солади. Камдан кам ҳолларда бундай муаммо бўлмаслиги мумкин, холос. Дунёқараш ва молиявийлик тенгликни ҳамиша устувор масала сифатида билиш лозим. Шунингдек, насаб омили ҳам бор. Халқ орасида насаби жиҳатдан улуғланадиган оилалар ўзлари каби насабдорни танласалар, шараф ва оилавий меросий урфларини соғлом сақлаб қоладилар. Қизнинг барча сифатлари оила ва насабдандир. Қиз яхши оиладан бўлса, гарчи эрка ўсган бўлса-да, айрим рўзғор ишларини билмаса-да, ҳатто овқат пиширишга нўноқ бўлса-да, янги хонадонида уларни ўрганиб кетишида қийналмайди. Чунки унда зот билан келаётган қобилиятлар бу масалада устунлик беради. Яъни у оилага оид ишларга тезда қўли келишади ва эплаб кетади. Яхши ва соғлом хотиндан яхши ва соғлом болалар туғилади. Хулқли ва адабли хотин хулқли ва адабли болаларни тарбиялаб беради. Хотин ҳатто ўқимишли бўлмаса-да, агар олимнинг қизи бўлса, олимликка лаёқати бор болани дунёга келтира олади. Шу билан келин танлашга оид гапларимизни тугатамиз. Келиннинг маиший ишлари – меҳнаткашлиги, рўзғор тутиш ва бошқа жиҳатлари оилада шакллангани учун уни танлашда асосий омил ҳисобланмайди, учрашувга чиқадиган куёв келиннинг ташқи томонидан кўнгли тўлса, кифоя; яхши оиланинг қизи яхши хотин бўла олади. Куёвлар ҳозирги кундагидек учрашувларга чиқиб номзод билан ҳар қанча валақлашса-да, токи ушбу айтилган қоидаларга мувофиқ келин танланмас экан ҳеч қачон муносиб жуфтни топа олмайдилар. Шу сабабли, ҳурматли ота-оналар эски қоидаларни тирилтирсинлар ва бу масалада жуда жиддий ёндашсинлар.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.