Тил

Mumtoz oila

ОЛТИНЧИ БОБ

ОЛТИНЧИ БОБ — расм

ОЛТИНЧИ БОБ

ОИЛА ҚУРИШ

Учинчи фасл

Совчилик

Эски замонларда совчилар: “Остонангизни супургани келдик”, “Қулчиликка келдик”, – дер эдилар. Қизи борнинг нози бор дея қизли уйнинг шартлари, димоқ-фироқига чидашган. Албатта, ҳамма ишнинг ўз йўл-йўриғи бор. Бундан ўн беш йил олдин бўлса керак, “Ўзи уйланмаган совчи” деган сериал чиққан эди. Яна бир аллақайси киноларда совчилик масхара қилинди. Гоҳ-гоҳ ҳар хил саҳналарда бу каби иллатлар ҳамон кўзга ташланади. Совчилик деб аталган иш тури ва совчи номли инсонлар мақомига ҳам путур етгандек туюлади. Бир оиланинг кўз қорачиғи каби ўстирган қизини бориб, олиб келиш oson ёки ўз-ўзидан бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун, замонавий тилда айтилса, дипломатия зарур. Оила кичик ва қудратли давлат, қиз олиш мана шу давлат билан мангуга ришта боғламоқдир. Бунинг учун, даставвал, совчилик дипломатияси ҳаракатга тушади. Совчилар ҳамда совчилик – бу қизли хонадоннинг эҳтироми, қизнинг қадр ва қиймати саналади. Совчилик бу гапташир (телефон) орқали битадиган иш эмас, жараённи бу шаклда ҳал қилишга уриниш айни нодонликдир. Совчиликнинг биринчи босқичи – кимни келин қилиш масаласида қатъий тўхтамга келишдир. Фалон маҳаллада қиз бор экан, расмини кўр; бир бориб келайлик; ўқишига бориб келайлик ва ҳоказо гаплар ва усуллар тўғри эмас. Келин, яъни ўғил учун умр йўлдош – бир умрлик, балки охиратда, жаннат уйларида бирга бўлиши лозим бўлган бир ҳамроҳ танланмоқда. Бу иш мол бозорида мол сотиб олишдан ер ва осмондек фарқ қиладиган ишдир. Номзод ҳақида қатъий қарор олингани яхши: “Шу қизни келин қиламиз”. Ўғилга ҳам шу қизни олиш мақсадга мувофиқлиги асослаб берилмоғи керак. Қиз билан учрашишга боришдан аввал йигит уйланаман деган собит бир фикрда бўлса, тайинсизлик ва қарорсизликдан узоқлашилади. Учрашув деган жараёнда йигит қизга маъқул келдими, йўқми – шунга кўпроқ эътибор берилиши керак. Ҳали бу масалага сўзимиз давомида яна тўхталамиз. Иккинчи босқичда қизнинг уйига кимнинг совчи бўлиб бориши ҳал этилади. Совчиликка ота-онанинг дарҳол бормаслиги мақсадга мувофиқ. Чунки қиз тарафнинг радди ё қабули мавҳум, агар рад этилса, ота-онанинг ҳайбатига унчалик яхши ҳолат бўлмайдигандек; биттада қабул бўлиши эса ҳақиқатдан жуда йироқдир. Амаки-тоға каби жўяли қариндошлар, шунингдек, маҳалланинг ва оиланинг яқини бўлмиш эл орасида эҳтиромли бир киши ҳам совчи сифатида танлангани яхши. Учинчи босқичда совчилар қизи бор эшикни тақиллатишади. Масала жиддий экан, эркакларнинг совчилиги биринчи боришда, аёлларнинг совчилигидан афзал турса керак. Умр савдоси оила бошлиқлари томонидан ҳал этилгани маъқул. Табиийки, тезда розимиз, қизимни берамиз деган гап илк сўрашдаёқ айтилмайди. Бу жуда камдан-кам ҳолларда рўй беради. Қиз томонга совчиларнинг гап-сўзи, номзоднинг ўзи ҳақидаги маълумотлар илиқ туюлса, яна бир келингизлар, маслаҳат қиламиз дейишлари лозим. Халқ орасидаги айрим урфларга кўра совчилар келтирган ҳадяларнинг қабул этилиши мана шунга ишора саналади. Аслида, келингизлар, кўрамиз дейишнинг ўзи ишнинг жиддий равишда олдинга силжиганидан далолатдир. Мабодо, қизимиз ёш деб ҳеч қандай ройиш берилмаса ҳам, қуда бўлиш қарорига келган йигит томон келгуси сафар яна худди биринчи марта келгандек қайта бориши мумкин. Тўртинчи босқичда аввалги совчилар яна келишади. Бу оралиқда қиз томон куёвликка номзодни диққат билан ўрганади. Шу сафарги ташрифда йигитни бир кўрайлик деган таклиф берилади. Йигитнинг қиз хонадонига келиши масаланинг деярли битганига ўхшайди, лекин бу ҳолда ҳам қиз томонда рад жавобини бериш ҳаққи тўлиқ сақланиб туради.

Йигит билан қиз тарафнинг отаси, амаки-тоғалари, бошқа жиддий одамлар яхши суҳбат қиладилар. Куёвликка номзодга ҳаддан ташқари босим ўтказмай, эркинлик берилади; қандай саволларнинг жавоби қизиқ бўлса, ўша саволлар айтилади; куёвнинг ҳар бир ҳолати кузатилиб, таҳлилга тортилади. Бу учрашув куёвнинг жиддий хотираларидан бирига айлангани яхши. Яъни хотин олиш ўйин эмаслигини йигитча бутун вужуди ила тушунсин. Уйланиш мутлақо бошқа одамга айланишдир. Уйланиш сени аҳамиятли шахсга айлантиради. Йигит маъқул топилгач, қиз билан учрашуви ташкилланади. Бу икки номаҳрамни, кинолардаги каби масхара бир тадбирга жалб қилиш эмас, албатта. Учрашув қизнинг хонадонида икки ёш бир-бирининг юзини, ташқи қиёфасини кўриши, жоиз бўлса, овозини бирор оддий савол орқали эшитиб кўришдан ва шунга кетган қисқа дақиқадан иборат жараёндир. Чунки қиз ва йигитнинг қандайлиги – сифати ва ахлоқи ота-она томонидан текшириб бўлинган ва ижобий тўхтамга келинган, энди ёшларнинг кўзи бир-бирга тушиб, юраги бироз жизиллаши керак эди, холос. “Ўткан кунлар”да Отабекнинг Кумушга уйланиш жараёнига қарасак, тарихимизда, ҳатто шу ҳам бўлмаган экан. Итоатли ўғил ва итоатли қиз ҳеч қачон ота-она раъйига қарши бормайди. Улар ота-онанинг оқилона қарорларини қабул қиладилар. Биз бу ўринда тўғри оилалар ҳақида айтаётибмиз. Боласига яхшилик қилишни ўйламайдиган худбин ота-оналар ёки жоҳил ва кўр болалар ҳақида эмас. Шу тариқа, қиздан йигит ҳақида сўралади, ҳаё қиз бола учун бирламчидир; у ҳа, ёқди, тегаман дея ота-онасига айтиши бу жуда ғайритабиийдир. Агар бу кимлар учундир бугун табиий бўлса ҳам, ҳақиқат ўзгармайди: ота-онага бақрайиб ёки бошқага бўлсин, эрга тегаман ёки тегмайман дейиш безбетлик, холос. Шу боис, қиз бундай нозик саволга сукут сақлаши, қизарган ҳолда уялиб кетиб қолиши – буларнинг ҳаммаси қиз болада табиий кечади, уюштириш имконсиз – шу ризолик аломатидир. Йигит ва қизнинг бугун оммалашгани каби соатлаб гаплашиши, аслида, аҳамиятсиз ҳодисадир. Чунки бу гаплашиш ҳеч нарсани ҳал қилмайди: йигит ва қиз бир-бирига сузилиб нима деб қасам ичмасин, нима деб келишмасин, бу гаплар ҳаёт давомида ҳеч қачон амалга ошмай қолиб кетиш эҳтимоли тўқсон тўққиз ва вергул, яна тўққиз фоиз ҳақиқатдир. Зотан, шаҳватга асир ёшлар бу ўринда ўзларини бир-бирига кўз-кўз қилиш билан банд бўлиб, ёлғон гапларни қалаштираверадилар. Эртага турмуш вақтида жамики сафсаталари эсдан чиқиб кетиб, бир-бирини бўғишни бошлаб юборадилар. Зотан, тарбия ва наслнинг сифатлари тилдан чиққан чиройли сўзларга аксар ҳолларда мос келмайди: тарбия ва насабнинг сифатлари ўзини турмуш жараёнида кўрсатаверади. “Уммат учун бола туғаман!” – деган қиз туққан боласини эмизишни истамаслиги ёки ўзинг қара деб эрига тутқазиши мумкин. “Сени бошимда кўтараман”, – деган йигитча эртага хотинини оёқости қилиши ҳеч гап эмас. “Мен покликни севаман! Мен тозалик билан эгиз туғилганман!” – деган қиз исқирт хона ва ис босган ошхоналарда ҳам ухлайверадиган бўлиб чиқиш эҳтимоли йўқ эмас. Ва ҳоказо. Онаси бир неча болани дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараганини кўрган, ёғ тушса ялагудек бўлган уйда ўсган қиз ҳар хил гапларсиз ҳам уммат учун туғади ва покиза яшайди. Отаси онасини эҳтиром этганини кўрган йигит баландпарвоз ваъдаларсиз хотинига қандай меъёрда муомала қилишни билади. Бу масалада хулоса қиладиган бўлсак, ёш йигит-қизларнинг оила қуриш мақсадидаги ўзбошимча учрашувлари, кераксиз ёзишмалари, узоқдан узоқ “романтика”га бой валақлашишлари бир тийинга қиммат ишлардир. Аксинча, бу уларга фақат зиён келтиради: тўйдан кейин на ҳаяжон бор; на бир-бирига энтикиш ила талпиниш. Зотан, улар тўйгача аксар ҳаёларини совуриб, деярли барча покиза туйғуларни куйдириб йўқ қилиб бўлганлар. Энди бир-биридан зерикиш ёки бошқа ахлоққа зид ишлар, адабсизликлар ила машғул қолишлари ҳам ҳеч гап эмас.

1 610марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Ҳаётий тажриба ва илм бойлигига қараб мумтоз матнлар турли ёшларда турли қирраларини кўрсатади.

    Кафканинг “Жараён”ини тугатдим. Сўзбошида асар услуби мижғов, эзма услуб дейилибди, негадир. Аксинча, менга ёқди. Инглизчасини кўрдим. Таржимон Вафо Файзуллоҳга офарин айтдим.…

    4 дақиқа

    Ҳеч қачон қандайдир жамоалар тузишга уринмаган яхши. Ҳар қандай жамоанинг ичида хоинлик яшайди. Одам…

    Икки одамнинг бошини ғоя асосида бириктираман деган хаёл хомдир. Ғоя эмас, оч қорин ва овқат бириктиради. Ғоя ягона одамда бўлади, холос. У жамоанинг илдизидир, лекин ўша жамоа…

    1 дақиқа

    Таниқли бўламан деган ўй қалбдаги касалликдандир. Таниқли бўлмоқ, шон-шуҳрат – бир кишини кўпчилик билишидир.…

    Гапни таниқли бўлмоқ ҳақида бошлаган эдик. Минг йил аввал ёзилган китобларимизга кўра, масалан, Рабғузий ҳазратларининг “Пайғамбарлар тарихи”дан маълум бўлишича, Худо айтадики:…

    3 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.