Mumtoz oila
ОЛТИНЧИ БОБ
ОЛТИНЧИ БОБ
Тўртинчи фасл
Нон синдириш ва тўй
Совчилик ишлари битгач, нон синдириш амали бажарилади. “Нон синдириш”ни фотиҳа тўйи ҳам дейилади. Бу урфнинг моҳиятини билиш учун тўйнинг маъно-мақсади, мазмун-моҳиятини билишга эҳтиёж бор. Тўй ҳақида ҳам етарли ва тўғри, тизимли ва асосли илмга муҳтожмиз. Тўй айримлар ўйлагани каби тўртта одам билан ўтадиган тадбирдан фарқ қилади ёки умр бўйи йиққан-терганини тўкиш ҳам тўй эмас. Отарчини давранинг тўрига чиқариб, ярим тунгача бақиртириш; ўйинчилар устидан пул сочиш; Худодан сўралиши керак бўлган тилакларнинг овоздастак тутиб, ҳамманинг олдида хўжакўрсинга, риёкорликка айтиш; мол сувни қандай бош кўтармай ичса, шундай шаклда ароқни ичиш; ит тонгда қандай хор бўлиб ётса, шундай хор бўлиб ётиш; бўкалак чаққан бузоқ қандай шаталоқ отса, худди шундай қилиб шаталоқ отиб даврада сакраб ўйинга тушиш; сохта “лове сторй” суратлар; махсус рақс ўрганиб тўйхонани театр, тўйни спектакл қилиб, меҳмонларга томоша кўрсатиш – буларнинг ҳеч бирининг тўйга мутлақо алоқаси йўқ, ҳатто ақл ва фаросатга, мантиқ ва тафаккурга, соғлом ҳаёт ва тўғри турмуш тарзига бегона бўлган ҳамоқатга тўлиб тошган ишлардир, холос. Тилларда исломий тўй деган атама ҳам пайдо бўлди, ароқ қўймай, отарчи чақирилмаган тўйни исломий деб аташ ҳамда бундай тўй қилишни радикализм деб ҳисоблашдек чалкашликлар ҳам кузатилмоқда. Ўзбекнинг бошини тўй ейди, тўйларни қандай қилиб ихчамлаштирамиз, қандай қилиб маромга соламиз деган ташвишлар ҳам ҳамма ёқни тутган. Амир Олимхон ҳазратлари давридан буён ҳал қилинмаётган муаммолардан бири тўй муаммоси бўлиб турибди. Аслида, тўй нима эканлигини билиш кўп ноаниқликликарни ечган бўлур эди. Тўй сўзи овқат еб, тўй деган маънони ифодалаши зоҳиран кўриниб турибди. Яъни оч-яланғочларга яхшилик қилиш мазмуни намоён. Масалани шу нуқтадан туриб ечиш мумкин. Биринчидан, тўйдан мурод икки ёш – йигит ва қизнинг никоҳ билан ҳалол оила қурганлигининг элга эълонидир: “Ҳаммангиз билингизлар, бизлар юртнинг катта-кичиги йиғилдик, мана шу икки бошни қовуштирдик, улар ҳалол бир оила бўлдилар!” Ушбу мақсаднинг тагида оиланинг аҳамияти ва муқаддаслиги ётади – оила қуриш инсон ҳаёти ва жамият ҳаётида шу қадар муҳимки, у ҳақидаги хабарнинг ўзи мана шундай алоҳида тайёргарлик орқали бутун халққа етказилади. Иккинчидан, шунча одам келдими, уларга янги бир оиланинг дараги билдирилдими, энди уларнинг дуоларини олайлик. Бунинг учун уларнинг қоринларини тўйдирайлик – бу энг муҳим ёндашувлардан бири. Кимнинг дуоси қабул? Улуғларнинг, мазлум-бечоралар, камбағал-муҳтожлар дуоси қабул. Уларни чақирмоқ, ҳаммасига ош-овқат бермоқ, имкони бўлса, яхши либослар ила сийламоқ, сўнг ҳаммасининг қалбига қувонч киргач, дуоларини олмоқ қандай гўзал. Энди улар омин десалар, оила ҳаққига қилинган дуо ижобат. Дуонинг ҳам муроди – оила бақосини таъмин этмоқдир. Яъни оила қурилдими, энди унинг собит ва барқарор бўлиши жамият учун ҳам ўта зарур. Бунинг учун Худодан ёрдам сўраш керак. Худо бир гуруҳ бечора бандалари йиғилса, уларнинг қалби эҳсон ила хушнуд этилса ва ҳамма ёлвориб сўраса, албатта, дуони ижобат қилади – оила мустаҳкам туради, оилани Худо ҳимоя қилади; эр-хотин орасига муҳаббат ва марҳамат солади. Учинчидан, одамлар тирикчилик билан банд, ҳамманинг ҳам илм ва маърифат олишга вақти ва шароити йўқ. Тўйхонага иззат ва шараф, илм ва тақво соҳиби бўлган бир уламо чақирилса, ул зот инсонларнинг тоқатидан келиб чиқиб, маъноли бир ваъз қиларкан, одамлар уни тинглайди; қалблар юмшаб, унутилган ҳақиқатлар ёдга келади. Тўртинчидан, инсонлар турмуш ташвишлари билан овора эканлар, бир-бирлари билан учрашишга вақтлари йўқ. Тўйда улар дийдорлашадилар, кайфиятлар кўтарилади, қалблар сурурга тўлади.
Бешинчидан, тўйда кичиклар хизмат қилади, катталар тўйни бошқаради, тўй эгасига ёрдам бўлсин дея ҳадялар берилади, айнан тўйда бўлгани учун бу тўёна дейилади – шу тариқа хизмат, одоб-ахлоқ, саховат каби хислатлар ўзини кўрсатади. Баъзи пайтлари тўёнага ҳам қарши чиқувчилар учрайди. Тўёна мажбурият эмас, балки фазилатдир, тўйнинг харажати ва ҳаракати одамни толиқтиради; ҳа деган туяга мадад – тўй эгасига чин дилдан ёрдам дея беғараз ҳолда, Худо учун ҳадя бериш энг яхши ишлардан биридир. Шунчаки, тўёнани кўз-кўз қилиш, қанча берган бўлса, шунча жавобини кутиш; қарз сифатида ёзиб қўйишлар тўғри эмас, шу иллатлардан воз кечилса, бас. Ҳар бир меҳмон тўйга тўёна билан бориши жуда ҳам яхши одатдир. Тўй ҳақидаги умумий илм шу. Бундан маълум бўлдики, тўй – жиддий воқеа. Бу воқеага эса тайёргарлик, маслаҳат лозим, шунингдек, улуғлардан табаррукан дуо олиш, қурилаётган оила ҳаққига яхшилик умид қилмоқ жоиз. Шундай қилиб, бунинг учун қариндош-уруғларнинг ва маҳалланинг энг улуғлари жамланиб фотиҳа берадилар, нон синдирилади. Бу худди янги бир уйга пойдевор қилиш, илк ғиштни қўйиш каби амалдир. Нон синдиришдан кейинги иш фақат тўй қилишдан иборат эмас, бу келин ва куёв учун макон тайёрлаб, улар учун энг керакли нарсаларни тахт қилиб бериш ҳамдир. Тўйдан кейин рўзғорга керакли нарсалар ва кийимларни топа олмай қийналишмасин деган мақсадда қозон-товоғидан тортиб, чойнак-пиёласигача, қишлик ва ёзлик бир сидирға кийим ва ҳоказоларни олиб бериш яхши удумдир. Ҳар бир ота-она буни хурсандчилик ва розилик билан бажаради. Шу ўринда келин тарафни умуман бу масалада безовта қилмаслик лозим деган шиорлар ҳам янграмоқда. Бу ихтиёрий масаладир, ҳақиқий йигит ҳеч қачон келин тарафдан бирор нарса таъма қилмайди, бу йигит учун шармандаликдир. Лекин қизнинг ота-оналари яхшилик қилишни истаб турсалар, уни қайтармаслик, эъзоз-икром ила қабул қилиш керак. Бу бобда ҳам ҳаддан ошишлар содир бўлавергани учун юқоридаги гаплар урчимоқда. Қизнинг маҳри алоҳида масала – бу қизнинг умрлик мулки, қалин пули алоҳида масала – бу қизнинг ота-онасига тўй харажати учун бериладиган тўлов. Йигит томон маҳрни ҳам, қалинни ҳам мардоналик ва розилик ила адо этмоғи шарт. Маҳр бобида йигитларнинг ҳимматлари баланд бўлса, қизлар эса камтарлик қилсалар, ҳикматга мувофиқ келади. Мақсад оила қуриш экан, осмондаги нарсаларни маҳр сифатида сўрамаслик лозимлигини соғлом ақл билади. Табиийки, маҳр бобида бунча сўра ёки бунча бер деган таъқиқ ҳам йўқ. Тўйларнинг тўйхонада эмас, ҳовлиларда бўлиши фазилатдир. Бугун меҳмон қилиш, меҳмонга бориш, хизмат қилиш деган қадриятлар унутиляпти. Тўй ҳовлида бўлса, қариндош-уруғларга ҳам хизмат қилиш учун баҳона топилади. Тўйхонадан воз кечиб, ҳовлисида тўй қиладиган ғайратлиларга шарафлар бўлсин! Совчиликдан кейин қизни олиш нақд бўлгач, тўйбоши тайинланиб, барча ишлар унинг назорати, бошқаларнинг маслаҳати билан қариндошлар ва талабгорлар орасида аниқ тақсимланиши керак: сен нонга; сен ошга; сен тозаликка; сен меҳмонларга; сен чойга қарайсан; сен уловларни жойлаштирасан; сен ҳурматли зотларга арава юборасан; сен қўлга сув қуясан; одамлар тарқагандан кейин сен уни, сен буни қиласан; дастурхонларга сен қарайсан; сен идишларни ювасан; сен қозонни эгасига топширасан ва ҳоказо… Тўйда тартиб бўлсин, ит эгасини, мушук бекасини танимайдиган ҳолат бўлмасин. Тўй хизматчилари, мезбонларнинг ҳаммаси табассумга келишиб олсинлар – ҳаммамиз табассум қиламиз; пиёла синса, чой кечикса, бақирмаймиз; қайси жой озгина тўзиса, тезда тозалаб оламиз ва ҳоказо. Тўйнинг эртаси кунига ҳам иш қолса, у ҳам тақсимланиши керакки, ҳеч қандай тартибсизлик содир бўлмасин ва тўй гўзал тарзда ўтсин.


Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.