Mumtoz oila
ЕТТИНЧИ БОБ
ЕТТИНЧИ БОБ
ЭР-ХОТИН
Учинчи фасл
Эрнинг ахлоқи
Китобнинг илк саҳифаларидан бошлаб оила раҳбари эркак, эр киши дея қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз. Аёлларни абадий мазлума кўрадиган тоифалар бу такаррурдан ранжиётган бўлишлари эҳтимол. Чунки тарғибот ва ташвиқот, айниқса, ёшлар онгидан аёл эркакнинг итоатида бўлиши лозим деган фикрни сиқиб чиқарди. Энди ўзбек қизлари ҳам агрессив равишда аёлларнинг эркига ҳеч ким хўжайин эмас, аёлларнинг ҳаққини чеклаяпсизлар дея айюҳаннос сола бошладилар. Аёлларни тарбияга чақириш, уларга одоб-ахлоқдан гапириш қийин бўлиб қолди. Аёллар ўзларининг фойдалари қаерда-ю, зарарлари қайда эканлигини била олмайдиган ҳолга тушдилар. Уларнинг онгларида эр хотиннинг хизматкори, эр хотиннинг барча истакларини бажарувчи жин деган тасаввур шаклланди. Эр тун-у кун хотинни рози қилиш учун елиб-югуради, хотин хоним эса бундан фақат баҳраманд бўладилар, вақти-вақти билан жанжал чиқариб, эрни судга бериб бир неча суткага қаматиб юборишлари ҳам жоиз. Ижтимоий тармоқда кеча-кундуз зулм кўрган хотинлар ҳақида ҳар хил хабарлар чиқади; индама, сукут қилма дея кимлардир бирдамлик эълон қилади; ҳар бир минбар ва токчадан аёлларнинг “муқаддаслиги” ва “бедахллиги” ҳақида тинимсиз ваъзлар янграйди. Аёлнинг вазифаси, масъулияти ҳақида ҳеч бир гап айтилмагани ҳолда эрнинг вазифаси ва масъулияти ҳақида қайтқа-қайта уқтирилади. Ҳолбуки, масала ўта нозикдир. Эр ва хотин муаммоларини фақат қозилик ва ҳукм қиличи билан қандай ҳал қилиш мумкин?! Бунинг имкони йўқ, бу шаклдаги ёндашув эр ва хотинни ўзаро узоқлаштиришга етаклайди; эрга чидай олмайдиган, эрсиз мустақил яшайдиган, эрга шарт қўядиган хотинлар тоифаси кўпайиб, оиласиз аёллар адади – саноғи кундан-кун ошяпти. Деярли ҳар бир ишхонада ана шундай аёллар учрайди; турмуш қурмай ёшини қирқдан ўтказганларга ҳеч ким ажабланмайдиган “бағрикенглик” замони ҳам тажаллий айламоқда. Эрфақат моддий-жисмоний жуфт эмас деган ҳақиқат хаёлларни тарк этди, эр аёлнинг руҳий-маънавий ҳаётида, ақлий-ҳиссий мувозанатида қандай муҳим ўрин тутиши унутилди. Эрнинг бор эканлигининг ўзи хотин зоти учун қандай ҳам улкан қалқон эканлигига кўз юмилди, эрсиз аёл руҳан ғариб ва бечора аҳволга тушиши ҳеч кимга қизиқ бўлмай қолди. Шу сабабдан ҳам эр нимага керак деб ҳайқирувчилар пайдо бўлдилар. Ҳолбуки, эр, энг аввало, аёл руҳининг ҳамдами; хотин оддий буюм эмас, эр учун руҳий-ҳиссий мувозанат берувчи йўлдош-ку! Эр ва хотин никоҳ ила сакийнат ва хотиржамлик топиши нима учун зикр қилинмайди? Нима учун эр ва хотин никоҳдан сўнг бирдан ҳаловат туйиши эсга келмайди?! Аёлларнинг онгидан эрга итоат қилиш керак деган тушунча буткул чиқариб юборилгач, йигитларга ҳам сен оила бошлиғисан деб сингдирилмагач, оилани эплай олмайдиган хотин табиатли эркаклар синфи шаклланди. Уларнинг асосий хусусиятлари шуки, ишламай, хотиннинг қўлига қарайди; топганини хотин қўлига топширади; хотиннинг шаллақилигидан безиб, ҳаммасига қўл силтаб қўйган; хотиннинг шантажидан, ҳуқуқ идораларига шикоят қилишидан чўчиб яшайди; хотиндан ажралай деса, хотин тараф лашкар бўлиб келиб, эр тарафга жисмоний ҳужум қилишгача етиши ва бу жиҳатдан ўзини айбсиз тутиши ҳодисалари ҳам кўп учраяпти; устига-устак, маҳкамаларнинг аксари аёллар ҳисобига ҳукм беради; аёллар дарров болаларидан қурол сифатида фойдаланиб, уларни ижтимоий тармоққа чиқарадилар; қонунда алимент миқдори икки баравар оширилгани эркакка икки карра юк бўлиб, унинг ҳаёти ва руҳиятига қандай таъсри этиши ҳеч кимни қизиқтирмайди; хотин деса безиллаб қолганлар, хотинлар жанжалидан юрак касалига учраганлар жуда ҳам кўп. Яна шу ҳолда жамики оилашунослар фақат аёлларни эҳтиёт қилиш ҳақида ваъз ўқишади, аёлларни сабр ва матонатга даъват этилмайди; эркакдан ҳам эркак бўлиш талаб қилинмайди, аскинча, хотиннинг йўриғига юриши, унинг кўнглига қараши лозимлиги зўр бериб уқтирилади.
Натижада, эркак ва аёллар иккига ажралди – икки тарафда ҳам бир-бирига бегоналашув кўзга ташланмоқда. Эркак ва хотинлар гўё душманга айланмоқда. Бу ҳолатлар табиий эмас, балки ўта хатарли ижтимоий фожиаларнинг илк даракларидир. Сабаби ўсиб келаётган қизларда эркакнинг маънан устунлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввур йўқ; йигитларда масъулият ва раҳбарлик тўғрисида тарбия ва тушунча мавжуд эмас; улар қурадиган оила эртага ўзбек зеҳниятига алоқасиз бир оила бўлади; гўёки икки томоннинг тенглиги устига қурилган, яъни на хотин, на эрнинг устунлиги таъминланган оилада ҳеч қачон оила ҳаловати бўлмайди; оила дегани никоҳгача никоҳсиз ишлар, спектакл тўйлар; асал деб номланган заҳар ойлар, кейин асабийликларга тўла бир воқеалардан иборат бўлиб қолади. Эр ажраламан деса, қонун унинг устига юкламаларни аёвсиз юклайди; аёл жабрдийда мақомида эрга истаганча зулм ва ҳақсизлик қилади; ажралиш оқибатида эрнинг топган-тутгани биргаликда топилган мулк дея хотинга ҳеч қандай машаққатсиз расмийлаштирилиб, катта ҳажмдаги алимент ва оналик тўловлари ёзилади. Ундан кейинги авлод, яъни ҳозирги болаларнинг болалари тузадиган оила айни пайтда Ғарб ва Туркия оилаларидан ҳечам фарқ қилмайди; балки эрлар уйланишни, хотинлар эрга тегишни истамасликлари ҳаддан ошиқ кўпаяди; уйланмаган эркакларнинг кўплиги, сўққабош бўлиб яшаш, балки қандайдир ётоқдош, тўшакдош билан табиий эҳтиёжларини қондириш одатий тус олади. Натижада, ота-онасиз болалар, бола абортларининг улкан адади ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Қадриятлардан гапириш кулгули кўринади; хотин эрга итоат қилсин десанг, ўрта аср, феодализм деб баҳоланади, балки қонунга, эркинликка қарши чиқяпсан дея ёқага ёпишувчилар ҳам топилади. Шунингдек, хотинлар оналикни олий бахт деб билиш ўрнига, оналикни юк деб очиқдан очиқ айтадилар; ўзимга вақтим қолмаяпти, болам бор; иккита, учта болам бор – ҳаётим фақат уларга қараш билан ўтяпти дея болага ғамхўрлик қилиш, унга меҳр кўрсатишни чексиз фожиа сифатида баҳолайдилар; улар учун бу тубан худбинлик табиий кўринади ва бу ҳолда бундай табиатли ва бундай эътиқодли хотинга ҳеч қандай насиҳатнинг фойдаси бўлмайди. Бир ҳақиқат аниқки, аёл табиатан заифа ҳамда муте яратилган. Деярли ҳар бир аёл ичида бир тобе ва ожиза яшайди. Аёлнинг ҳаддан ошиб, чегарадан чиқиб кетиши эркакнинг маънавий қуввати етарли эмаслигидандир. Эркак ўзининг ўзгармас фикрлари, ҳаётий мезонлари ва метиндек мустаҳкам қадриятларига эга бўлмаса, ҳар қандай муте аёл унинг қўл остида итоатсиз бўрига айланади. Аммо эркак маънан бақувват, руҳан кучли, ақлан етук бўлса, оила бобида собит ва адолатли, марҳамат ва мурувватга асосланган қадриятларига эга бўлса, шу қадриятларга содиқ ҳолда яшашдан чекинмаса, аждаҳодек хотин ҳам унга юмшоқ бўлиб таслимият келтиради. Эркак ўзининг ахлоқи устида ишламаса, комил ахлоқини шакллантирмаса, сиқиладиган, ичадиган, нолийдиган бир нусхага айланади. Натижада, оилада гўё иккита аёл ёки иккита чала эркак яшаётган бўлади – латта эркак ва эркаклашган хотин. Шу сабабли биз бу фаслда эркакнинг ахлоқи ҳақида астойдил ва ҳар томонлама тўхталишга қарор қилдик.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.