Тил

Mumtoz oila

ЕТТИНЧИ БОБ

ЕТТИНЧИ БОБ — расм

ЕТТИНЧИ БОБ

ЭР-ХОТИН

Учинчи фасл

Эрнинг ахлоқи

Эркак учун энг биринчи масала – нима учун яшаётганини ҳал қилиб олишдан иборат. Агар бу масала ишончли ва қатъий ҳал қилинмаса, ҳар қандай тамойил ва ахлоқий қоида иш бермайди. Эркак мусулмон сифатида яшашни ўзига танлаб олган бўлса, демак, Ислом кўрсатмаларига мувофиқ борар манзили ҳақида қатъий тўхтам соҳиби бўлиши талаб этилади, табиий. Эркак одам қуйидаги саволларнинг жавобини узоғи йигитлик давридаёқ – уйлангунича ҳал қилиб бўлиши шарт. “Нима учун яшаяпман? Ҳаётдаги бош вазифам нимадан иборат?” “Қандай шаклда яшасам, тўғри бўлади?” – бу ўринда севимли касб танлаш, севимли ҳунар эгаллаш ва яна қандайдир ҳис-туйғулар, маиший армон ва орзулар бачканаликдан бошқа нарса эмаслигини эркак одам жиддий билиши лозим. Одам боласи ўзи истаганидек, барча моддий мақсадларга эришмаслигини англаб етиш оқилнинг иши. “Ўлимдан кейин аҳволим нима кечади?” Модомики, инсон ўлганидан сўнг руҳлар оламига ўтиши, дарҳол бу дунё ҳаётига мос равишда азоб ёки роҳатга йўлиқишини билса, бутун оламнинг иши битирилиб, қиёмат қойим бўлгач, амаллар ҳисоб-китоби шаксиз аниқ эканлигини англаса, ҳаёт режасини шунга мослаш тузук одамнинг ишидир. Бу масала қатъий равишда ҳал этилгач, эркакнинг оиладаги иккинчи хулқи – рашк ва эгалик ишончидир: “Оила меники. Хотин меники. Болалар меники. Мен улар учун икки дунёда ҳам жавобгар ва масъулман. Оиламдаги ҳар бир ҳодиса менинг зиммамдадир – яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам менга оид”. Хотин Худонинг эрга берган омонати, бу омонатга эр эгалик қилади – уни қўлдан чиқариб қўймасликка уринади. Бу энг биринчи галда хотинга талоқ лафзини ишлатмасликдир. Уйлангач, талоқ лафзини луғатдан, ажрашиш мумкин деган ўйни ақлдан чиқарилади. Хотин меники ва уни ҳеч кимга бермайман деган фикр қалбга, нафсга, ақлга қатъиян ўрнашади. Бу фикр орқали хотинга талоқ айтиш васвасаси буткул кетади. Талоқ айтилмаса, оила ҳар қандай зилзилага дош беради. Аҳмоқ хотинлар талоғимни бер деб бақиришлари мумкин, уларнинг аҳмоқликларига эргашмаслик, уларнинг бу аҳмоқона талабларини бажармаслик лозим. Унутмаслик шартки, хотинни олдингми, у сеники; у ўз отасининг уйида қандай тарбия олгани ҳақида унут; ҳеч қачон сенга тайёр етук хотин келмайди; сен уни йиллар давомида авайлаб ахлоқ ва ақл; фаросат ва матонат бобида камолга етказасан. Хотинни айблама. У сенга муте бўлиши учун ҳам шундай заифа яратилган. Агар унинг хатолари кўп бўлмаса, сенга нима учун итоат қилиши керак? Ноқислар комилларга ноқислиги учун муҳтождирлар. Эркак одам совуққон ва вазмин бўлади. Дакки бериш ва жазолаш ишларида асло шошилмайди. Хотиннинг айрим айбларига кўз юмилади. Айтилмайди. Хотини билан жуда хушчақчақ бўлиб кетган вақтларида ҳам совуққонлик ва ақлни бой бермаслик яхши – шунда ортиқча гап тилдан чиқмайди. Эркак одам сир сақлашга мажбур. Ота-онанинг ҳам, ака-укаларининг ҳам, қариндошларининг ҳам, хотиннинг ҳам сирини сақлаши шарт. Ўз ота-онасидан, ака-укасидан, опа-синглисидан нолиб, шикоят қилиш оқибатда жуда катта йўқотишга олиб боради: шу ондан бошлаб хотин эрини ўзи билмаган ҳолда писанд қилмасликни бошлайди. Эркак узоқни ўйлайди – ҳар бир сўз, қарор ва ишнинг оқибатини теран таҳлил этади: “Ҳозир шу гапдан кейин қандай жавоб (реаксия) бўлади? Бу қарорни бергач, уни амалга ошириш мумкинми? Бу ишнинг оқибатида қандай натижа келиб чиқади?” Шу маънода хотин талаб қиладиган нарсалар, сўрайдиган ишларга аниқ ва қатъий жавоб бермаслиги, талабларнинг ҳаммасини бажармаслиги, ўйлаб кўрамиз дейиш билан чекланиши мақсадга мувофиқ. Эркак хотиннинг истакларига кўра вақтни шакллантирмайди, балки ўз шароит ва имкониятидан келиб чиқиб, ахлоқ ва инсофга таяниб вақтни тартиблайди: хотин қанча вақтда онасининг уйига боради; қанча вақтда янги кийим кияди; қанча вақтда унга гул ёки ширинлик ҳадя қилинади; қанча вақтда дам олгани боғ-роғларга борилади – шу кабиларнинг барчасини эр назорат қилади.

Хотин бошидаги эрни ҳис этиши, ҳеч қачон мустақил қарор бериши мумкин эмаслигини билиши ва шунга кўра яшаши лозим. Хотин кўнгли тусаган нарсани тезда қўлга киритсам дейди; вазиятни ҳисобга олиш, шароитга қараш эсига келмайди; муаммоларни ечишда фақат юзаки қарайди – бу хусусиятларни эркак билиши шарт. Хотин асабийлашса, ҳаяжонга тушса, жаҳолат кўрсатса, эркак шундай қилиши шарт эмас. Ўртадаги муаммо жанжал, ҳақорат, уриш билан ҳал бўлмайди. Хотиннинг ақли истаклари адо этилмаганлиги сабабли заифлашиб қолса ҳам, жанжал вақтида эрнинг ғазабини келтириш учун қасдлашиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун эр ақлни йўқотмаслиги, хотиржамлик ва сокинликни қўлдан бой бермаслиги тўғри иш. Шунда хотин қаршисидаги одамнинг қанчалик улканлигини ва ўзи унинг олдида қанчалик заиф ва кичиклигини идрок этиб, таслим бўлади. Эр таҳлил ва тафаккур билан хотиннинг фикрлашини, ақлини ўстириши лозим. Бунинг учун ўзи шу қадар фикрли ҳамда хотин қаршисида сабрли бўлиб, юқори мақомда туриши талаб этилади. Эр ўзи билан хотин орасидаги фарқларни билиб олгани ўзига фойда. Эр ақлли, сабрли – хотин ақлни йўқотувчи ва шошқалоқ. Эр ҳар бир сўзни ўйлаб гапиради – хотин ўйламасдан гапиради. Эр хатосини тан олишга қодир – аёл хатосини тан олмайди. Эр бир томондан келадиган гапга ишонмайди, хусусан, хотиннинг ҳамма ахбороти тўғри эмаслигини билади, чунки аёл зоти муносабат ва хабарларига ўз тасаввури, ҳаяжони ва нафрат ҳамда муҳаббатини қўшади – хотин деярли ҳар бир хабарга чиппа-чин ишонади; ҳатто бир-бирига тескари гапларни ҳам рост деб ўйлайди; аёлни ҳиссий бойитилган нарсалар – кўзёш, мусиқа ва шу кабилар тезда ишонтиради; эшитгани таъсиридан чиқа олмай қолади; эшитганини ҳужжат сифатида бошқаларга ҳам етказаверади; айбдор бўлса ҳам ўзини оқлайверади. Эр саволларга шошилмай жавоб беради; ўйлаб фикр билдиради; ишларини вазминлик ила бажаради – хотин саволни эшитса, бас, тушуниши ҳам шарт эмас, жавоб беради; фикр билдиришдан аввал ҳам, кейин ҳам деярли ўйламайди; ишларини тез ва мақтаниш учун қилади. Эр қатъий, кучли, шафқатли, раҳмлидир – аёл қатъий куч қаршисида эгилувчи; мақсадга етиш учун ёлғон тўқиб, макр қилувчи; раҳм-у шафқатни унутиб қўйгувчидир. Баъзан калласига кириб қолган нарсани қўйиб юбормайди. Хотиннинг асосий мақсади – эрини ром қилиш, эрни ҳайрон қолдириш, ундан мақтов эшитиш, эрдан лутф ва меҳрибонлик кўришдир. Бу омилларни англаб, эр мақтовни ҳам, ҳайратини ҳам, лутф ва меҳрибонлигини ҳам режа билан харжлаши керак – ҳаддан ошган юмшоқлик натижасида хотин ҳеч қандай яхши гап ва илтифотни қадрламай қўяди; ўзи бехабар ҳолда эрни ҳурматсиз қилишга ўтиб кетади. Хотиннинг олдидан чиқмай ўтириш, у билан ҳар нарсани гаплашиш эрнинг зиёнига ишлайди. Ҳамма нарсани меъёрига амал қилиш талаб этилади. Эр хотинига чўнтакдаги пули, оладиган ойлиги, топадиган даромади, қарзлар миқдори, келажакдаги режалари; гапташир (телефон) калити – коди; борадиган жойи, дўстлари ва шу каби нарсалар ҳақида айтмаса, фақат фойда топади. Чунки бу каби маълумотлар хотин кишининг ўйларини чалкаштиради; жаҳли чиққан вақтида қайси гапни гапираётганини унутиб, нима деса деган вақтларида шу нарсаларни ҳам бозорга солиб юборади. Эр хотиннинг ҳамма гапларига эътибор беради, аммо жавоб бермайди. Лекин хотиннинг сўзларини эслаб қолиши лозим, чунки бу гаплар орқали хотиннинг хулқи, табиати, фикрлари қандай шакл олаётганини, кайфияти қандай ўзгараётганини таҳлил этади, шунга яраша илтифот ва эътибор кўрсатиш стратегиясини тузади. Шундай қилиб, эркак хотинни тўлиқ бошқаради; хотиннинг таъсир доирасига тушмайди; хотинининг ҳиссиёт ва ақлини буткул ўзига мослайди; хотиндан таянч ёки моддий манба сифатида фойдаланмайди, яъни унинг ишлашини, ўзига моддий ёрдам беришини талаб қилмайди; хотин лой бўлса, эркак – қолипдир; қолип қандай бўлса, ғишт шундай шакл олади.

Баъзан айримларнинг хотинга далда бериш керак деган гаплари ёки буюк эркакнинг ортида буюк хотин туради деган фалсафасини эшитиб қоламиз; эр шу даражада руҳан бақувват, ақлан етук, ахлоқан метин бўлиши керакки, унинг борлиги ва нигоҳлари хотинга далда бўлсин; эр яхши тарбия берса, хотин унинг оёғига тушов эмас, балки буюк ишлари учун ёрдамчи ҳам бўлиши мумкин, лекин эр шу ҳолда ҳам ўз мақоми ва ахлоқий қоидаларидан чиқиб кетишга ҳаққи йўқ. Ҳар қандай хотин эрининг амрларини бажаришга қобилдир. Бир исён қилар, икки исён қилар; лекин эр шошилмай, вазминлик билан, ўз фикри ва амрида қатъий туриб, давом этса, хотин, албатта, эрга бўйсунишдан бошқа чора топмайди. Хотиним менга бўйсунмайди дейиш эркакнинг гапи эмас, хотин эрнинг ҳамма амрларини тўлиқ ва комил бажарадиган салоҳиятга эга эмас, ахир. Айрим чала ишларига индалмайди; хотин меъёрдаги нуқсонлари борлиги билан хотин. Агар у эр истаганидек, нуқсондан холи бўлса, у ҳолда, у хотин эмас, эр бўлиб қолади-ку. Кераксиз ва ҳам кўп ғазаб эрнинг обрўсига салбий таъсир қилади. Хотинга ноўрин ғазаб қилинмайди, аксинча, унинг заифалигидан келиб чиқиб, шафқат билан ёндашилади. Эр хотинига: “Сенинг асосий вазифанг – оилани гуллатиш, обод қилишдир!” – деган ғояни сингдиришдан тўхтамаслиги шарт. Бугунги кун хотинлари ана шундай тарбияга муҳтож. Эр хотини ҳақида онаси ёки опа-синглисидан эшитадиган мақтовдан шодланиб, шикоятлардан ранжимасин; уларнинг гапига қараб хотинга муносабатни ўзгартирмасин; ёки аксинча, хотиннинг гапига суяниб, ота-онаси, ака-укаси, келинлари, опа-сингилларига нисбатан муомаласи, ўйлари ўзгармасин – икки тараф ҳам аёл зотига мансубдир; уларнинг баҳолашлари аниқ ва равшан қусурли ва бирёқлама бўлиб, барча фикрларига хотиннинг ҳиссий муносабати яширинган; ана шу нарсага эркак асир тушиб қолмаслиги; ҳар бир ҳолатни ақл таҳлили билан текшириши лозим. Эр хотиннинг рўйхати асосида рўзғорга бозорлик қилади, лекин ўзи шахсан озиқ-овқатлар ҳисобини олиб юришга масъул – аёл киши исрофга енгил қараши ҳеч гап эмас; ортиқча овқатлар қилиб айнитиш, ахлатга ташлаб юбориш, гуручларга қурт тушишга йўл қўйиб бериш кабилар бўлмаслиги учун эркак бозорлик меъёрини яхши ўзлаштирсин, чунки рўзғорликни тўкин қилиш натижасида исроф кўпайиб, оила баракадан айрилиши мумкин.

Айрим эрлар хотиндан ишлашни талаб қилиб, хотин топган пулни чўнтакка иккиланмай урар эмишлар. Бундай эрлар аллақачон эрлик рўйхатида йўқдир. Хотин эрга тегаман деб, хотинга теккан экан. Хотин ишлайман деса, Худога ибодатни, эрга хизматни, болага тарбияни қойиллатганидан сўнг бошқа эркак ёки хотинларга бош эгмайдиган, мустақил шаклда бажариладиган ишни қилиши жоиз бўлса керак. Ҳам ўз эрига, ҳам бошқа эркакка бош эгиш унчалик ҳам мантиқли ҳолат кўринмайди. Хотин умри давомида биргина эркак – ўз завжига бош эгиб яшаркан, у чин малика, у чин қиролича, у ҳур – озод аёл, у асилзодадир. Лекин ўз эри қолиб, бошқаларининг амр-у фармонларига мунтазир туриш, аввало, аёлнинг табиатига ва эрнинг ҳамиятига мос келмаслиги ҳақида ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Эр хотин модомики, жамоа бўлиб яшарканлар, уларнинг никоҳ аҳди билан тузилган иттифоқи Худонинг ҳузурида ёзилган экан, эр хотинга ўз ўрнида қаттиққўл, ўз ўрнида илтифотли бўлиши табиийдир. Бу амалиётлар учун эрнинг уста сиёсатчи бўлиши талаб этилади. Эр эканман, бир оила эканмиз дея турли адабсизлик ва аҳмоқликларни қилмаслиги, ўзини кези келганда тийиши, ҳамма воқеа-ҳодисага ақл ва ишонч, вазминлик ва сабр кўзи билан қараши шартдир. Хотиннинг хатосини айтишда ширин сўзли ва қатъий бўлиш керак. Мулойимлик ортидаги қатъият хотиннинг нафсига ёқмаса ҳам, қалбини мафтун қилади.

Хотин узоқ вақт эри билан яшар экан, унинг ақли кўпаяди; фаросати теранлашади; масъулиятни ҳис қилишни бошлайди; худбинликдан қутулади; аста-секин нафси эмас, ақли устун келишни бошлайди; эрдан таъсирланиш натижасида ундан ҳам ақлли маслаҳатлар, жўялик таклифлар чиқади – бу нарсани эр назардан қочирмаслиги ва жоиз топилса, амалда қўллаши мумкин. Эр қаттиққўл бўламан дея оилани зимистон ва зулмат қилмасин; ҳамманинг овози ўчган, ҳамма бир-биридан безган бир маконга айлантирмасин; шунингдек, меҳрибон-у бағрикенг бўламан деб оилани сирк ёки масхарахона қилиб қўймасин – оила осойишта, меҳр-муҳаббатга тўлган; одоб-ахлоқ амал қиладиган; ҳамма бир-бирини суяйдиган; ҳамма талпинадиган даргоҳ бўлсин. Хулоса қилиб айтганда, эр хотиннинг эгаси, унинг мураббийи, унинг назоратчиси, унинг дўсти; болага қандай эҳтиёткорона муомала қилса, хотинга шундай муомала қилиши жоиз; оиланинг иморатини мустаҳкам ушлаш деярли ҳамма жиҳатдан эрга боғлиқ; эр ҳамма масъулиятни елкага олади; усталик ва тадбир; фаросат ва қатъият; матонат ва ҳикмат; сиёсат ва раёсат билан хотинни, пировардида, оилани ушлаб туради. Биз эр хотинни эркаласин, совға берсин деган маиший масалаларга тўхталмадик, табиатида эрлик комил шаклда мавжуд бўлса, бу ишни ҳар бир эркак фаросати билан қилаверади, бозорга солиш шарт эмас.

Акром МАЛИК

1 690марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Қадриятларга содиқ ҳолда яшаш oson эмас. Инсон ўзига бирор қоидани қадрият деб танлаб олса, бу қадриятдан уни…

    Ўзгаларнинг наздида бирор киши эришган марра ёки ютуқ oson келгандек туюлиши мумкин. Асло ундай эмас – унинг ортида кураш ва азоблар бор, фақат уни биз кўрмаймиз. Мабодо, oson…

    2 дақиқа

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Учинчи фасл Эрнинг ахлоқи Китобнинг илк саҳифаларидан бошлаб оила раҳбари эркак, эр киши дея қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз. Аёлларни абадий мазлума кўрадиган тоифалар…

    5 дақиқаMumtoz oila

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Иккинчи фасл Умумий қоидалар Эр ва хотиннинг оилада алоҳида вазифалари, хулқлари бўлиши билан бир қаторда иккиси учун ҳам умумий бўлган қоидалар мавжуд. Бу қоидаларни ҳар…

    4 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.