Тил

Mumtoz oila

ЕТТИНЧИ БОБ

ЕТТИНЧИ БОБ — расм

ЕТТИНЧИ БОБ

ЭР-ХОТИН

Тўртинчи фасл

Хотиннинг ахлоқи

Ҳозир айрим "доно"лар хотинлар кўпинча эрларининг зулмига учрайдилар, эй аёллар, зулмга чидамангизлар деб оғиз кўпиртирмоқдалар. Уларнинг ичида аксари ўзини муслима деб биладиган ва ҳатто муслималар йўлбошчиси деб ўзини тасаввур қиладиганлари ҳам талайгина. Ҳолбуки, эр ва хотин орасида хатоликлар сабабли икки томондан бири қайсидир маънода катта ёки кичик зулмларга йўл қўйиши табиий ва улар эр-хотин бўлганликлари учун бир-бирларини зулмда айбламасалар, бир-бирларини тушуниб, кечирсалар, ана шу иш ислоҳ ва яхшилик бўлур эди. Ҳар хотин эрим зулм қилди дея "тиқ" этган сал нарса учун дод солаверса, ҳаёт бўладими? Шу сабабли пешво хотинлар бу масалада узоқни ўйлаб, холислик билан гапиришса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Эр-хотин — қўш ҳўкиз. Икки ёрти — бир бутун. От тепкисини от кўтаради. Эр-хотин уриши — дока рўмол қуриши. Шартми зулм ва ҳоказо дея арзимаган ишлар учун ёқа йиртмоқ? Хотиннинг қандай сифат ва ахлоққа эгалиги у туғилган хонадонга боғлиқ. Яхши зотларнинг зурриёди бўлган қиз тўғри тарбия олишга ҳамиша тайёр. Унинг ич-ичидан келадиган самимият, оқилалик ва Худодан қўрқиш каби сифатлари бўладики, гоҳида хатолар содир қилса ҳам, ана шу сифатлари сабабли гўзал тарбия ва хулқни эгаллаб боради. Бундай хотинни тарбиялаш ва адаб бериш имкони бор. У ҳар қанча исён қилса ҳам, тўғри тарбия билан тўғри йўлга қайта олади. Эркак оқила ва итоатли хотин билан яшайверади. Шунингдек, руҳан кучли, ақлан етук бўлса, аҳмоқ ва исёнкор хотин билан ҳам яшайверади: оқила ва итоатли хотинни яхши кўради; аҳмоқ ва исёнкорга тоқат қилади. Тоқат қилишига икки сабаб бўлади; фарзандлар ва уларни етим қилмаслик – бу энг муҳим сабаб; бошқаларни бу хотиннинг зарар-захматидан ҳимоялаш, чунки бу эрдан чиққан хотин, албатта, борган жойини навбатдаги жаҳаннамга айлантиради. Аёл росмана бахтли яшайман деса, ўзидаги иллатларни енгиб, ўрнига хислатларни шакллантира олса, кифоя. Хотинлар дунёпараст бўладилар: кийимларга, таомларга, зеб-у зийнатларга, ҳашаматга ўч бўлишади, бошқаларнинг чиройли ва қиммат ҳаёти уларни ҳамиша ғулғулага солади – нега у шундай кийинади, мен эмас? Нега улар чет элларга саёҳат қилишади, мен эмас? Нега у машҳур, мен эмас? – хотин зоти ана шу дунёпарастликдан ғолиб чиқса, ҳар хил ҳой-у ҳавасларини жиловлай олса, у яхши ва оқила хотиндир; жиловлай олмаса, калтафаҳмдир. Хотинлар исёнкор, гапга қулоқ солмайдигандирлар: эрнинг бир гапига иккита гап билан жавоб беришади; ҳар қанча юмшоқлик билан айби айтилса ҳам, оғир олишади; сукут қилиш ва тан олиш уларга ёт; мабодо хотин зоти эрига хўп бўлади дея олса, хатойимни кўрдим, тузатаман дея олса ва шунга интилса, у оқила ва яхши хотиндир, акс ҳолда, кўнгилни безитувчидир. Хотинлар ҳақиқатга тоқатсиз, ёлғонни севувчи, ўзи ҳам ёлғон гапирувчи, ишининг охирини ўйлашдан ожиздирлар: ҳеч қачон ҳақ сўз қаршисида жим бўла олишмайди; албатта, ундай эмас дейишади; ёлғон гаплардан иборат яхши сўзлар талаб этишади; хаёлига келган ишни дарҳол қилишади. Агар ҳақни тан олса, ёлғонни рад қилса, бу ишимнинг охири нима бўлади деб ўйлай олса, бундай хотин олтиндир. Агар бундай бўлмаса, тоқат қилиб яшаладиган хотиндир. Хотинлар сабрсиз ва матонатсиздир: сал қийинчилик келса, дод, ҳаётим зулмат деб дийдиё қилишади; эрнинг қўли сал калталик қилса, биримиз икки бўлмаяпти деб нолийдилар; қўлидаги ризқ ва неъматни кўрмай эртага нима бўлади деб ваҳимага тушишади, худди очдан ўлиб, яланғоч қоладигандек йиғиб-босиб, қора кунга тайёргарлик кўришади – қайси хотин Худонинг ризқига ишонса, эрининг топганига қаноат қилса, борига шукур, йўғига сабр этса, бу хотин аъло хотиндир.

Хотинлар бирор ишни барқарор бажара олмайдиган, хаёллари ҳар нарсага сочилувчи, диққатини жамлашдан ожиз, бегоналар таъсирига тушувчидирлар; агар қайси хотин эрга итоат қилиб, бирор ишни доимий шаклда бажарса, хаёли ҳар қанча сочилса ҳам, ишига қайта олса, бегоналар ҳар нарса деб қутқу солсалар-да, оила ва эрини биринчи ўринга қўйса, ақлли, ҳушли хотин ўшадир. Хотинлар дангаса, овқат қила олмайдиган, туйғусига эргашиб, ишларни қўл учида қилувчидир; қайси хотин ғайратли, пазанда, озода, оиладаги вазифасини ўз вақтида бажарувчи бўлса, у жавоҳир хотиндир. Хотинлар ўзида борми-йўқми, ижобий сифат ва ахлоқ билан оммани қойил қолдириш, қарсаклар эшитишга ўчдирлар; қайси хотин ҳеч қачон омма қаршисига талпинмаса, бундан ўзини олиб қочса, ўзини чин маънода беркитса, у Худонинг дўсти ва асилзодадир. Хотинлар эри билан тез душманлашадиган, тез сотадиган, бегонага тез дўстлик билдирадиган сифатларга эгадир; қайси хотин эри билан адоват қилмаса, эрига садоқатли бўлса, у қадрга лойиқдир. Матонатли, садоқатли, итоатли, фаросатли, оиласевар, эрининг кўнглини олувчи, эрига буткул ишонган; эрини ҳар қандай пайтда ҳам хорламайдиган; қийинчиликларга сабрли; неъматларга шукурли; оила сирларини сақловчи; меҳнаткаш; кўзини бемаъни тасвирлардан, қулоғини ноқобил сўз эшитишдан, тилини ғийбат ва чақимчиликдан тиядиган; шон-шуҳратга, танилишга интилмайдиган; онаси ва опа-сингилларига эрининг, қайнота ва қайнонанинг сирларини етказмайдиган; тили ширин, юзи табассумли; ноз ва эркаликлари ўз ўрнида бўлган; исроф қилмайдиган; фарзандларига меҳрибон, улардан оғринмайдиган; Худога ибодат, эрига итоатда комил хотинларга шон-шараф, таъзим ва дуолар бўлсин! Эрнинг асабини еб, пасткашликдан қайтмайдиган, ёлғончи, хиёнаткор, сабрсиз, дунёпараст, шуҳратпараст ва шу каби тарбиясизликларга мубтало хотинларга эса бирор сўз йўқ, чунки уларнинг мана шу сифатлари улар учун етарли жазо; улар хорлик ва зиллатни ўзлари учун барпо қиладилар. Хотинлар учун энг катта хатар – ҳасадгўй, ичиқора хотинлардир. Аёллар, одатда, ўз жинсидан бўлганлардан тез таъсирланадилар. Эртакларда ҳам ёш қизларни йўлдан уриш ялмоғизлар зиммасига тушиши ҳам бежиз эмас. Шу сабабли ҳурматли аёллар ўзлари каби маккор ва айёрларнинг ҳасад ва ҳийлаларига алданмасликлари керак – уларга ғамхўрлик каби айтилаётган кўплаб гаплар аслида, йўлдан уриш, оилани бузиш, эрдан ажратиш, бахтига, тўкин ҳаётига, офият ва саломатлигига ҳасад сабабли чанг солиш мақсадида янграётган бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Баъзан опалар сингилларга ҳам ўзлари билмай ҳасад қилишлари мумкин – оғриқ ошдан, ёв қариндошдан. Бу ўринда аёл зоти ўз ҳаётига назар солиши, уни васвасага солган гапларнинг ҳақ ёки ноҳақлигини фикр билан ажрата олиши зарур: уйим бор; ризқим тўкин; эгним бут; болаларим соғ; эрим меҳрибон – демак, ҳаммаси жойида дея олиши шарт, акс ҳолда, ҳар қандай аёлнинг фитна ва ҳасад қурбони бўлиши жуда ҳам oson. Асосийси, аёлнинг ўзи ҳасадчи бўлиб қолмаслиги керак. Айрим аҳмоқ хотинлар бирор эрни севгандек бўлиб, уни оиласидан, хотинидан онгли равишда ажратиб, тегиб олишни режа қиладилар. Бундайлар тўғридан тўғри аёлнинг ўзига ҳам руҳий-ақлий, ҳиссий ҳужумлар уюштирадилар. Булардан, умуман, бундай фитналардан омон бўлишнинг йўли – хотин киши онаси, қайнонаси ва шу каби ишончли қариндош аёллардан бошқа бегона хотинлар мулоқотидан ўзини онгли равишда асрай олишидир. Минг эрдан юз авлиё чиқса, юз минг хотиндан бир авлиё чиқар эмиш; аммо шу бир авлиё хотин юз авлиё эрдан афзал турар экан. Покиза хотиннинг оёқ босган жойидаги тупроқ юз минг нопок эрдан устун турар экан. Покиза ва матонатли аёллар қаршисида эркаклар ҳамиша таслим ва таъзимдадир. Қайси қатордан, қайси сафдан жой олишни хотинларнинг ўзи ҳал қилади, ўзлари буни тан олмасалар, эрларнинг гапи уларга ўтмайди.

Акром МАЛИК

1 790марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Учинчи фасл Эрнинг ахлоқи Эркак учун энг биринчи масала – нима учун яшаётганини ҳал қилиб олишдан иборат. Агар бу масала ишончли ва қатъий ҳал қилинмаса, ҳар қандай…

    10 дақиқаMumtoz oila

    Қадриятларга содиқ ҳолда яшаш oson эмас. Инсон ўзига бирор қоидани қадрият деб танлаб олса, бу қадриятдан уни…

    Ўзгаларнинг наздида бирор киши эришган марра ёки ютуқ oson келгандек туюлиши мумкин. Асло ундай эмас – унинг ортида кураш ва азоблар бор, фақат уни биз кўрмаймиз. Мабодо, oson…

    2 дақиқа

    ЕТТИНЧИ БОБ

    ЭР-ХОТИН Учинчи фасл Эрнинг ахлоқи Китобнинг илк саҳифаларидан бошлаб оила раҳбари эркак, эр киши дея қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз. Аёлларни абадий мазлума кўрадиган тоифалар…

    5 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.