Mumtoz oila
ЎН ОЛТИНЧИ БОБ
ЎН ОЛТИНЧИ БОБ АЖРАШИШ
Бу бобда қалам суриш oson кечмади. Чунки масала жуда нозик. Рисолани ёзишдан мақсадимиз ажрашишларнинг олдини олиш ва оила мустаҳкамлигига эришишдир. Шу сабабли ажрашиш мавзусида сўз очиш жуда масъулиятли бўлди. Ҳаёт шундай шафқатсизки, биз оилаларни ҳар қанча аҳил ва иноқ бўлсин десак-да, ажрашишлар содир бўлмоқда. Демак, ажрашиш сабаблари ва оқибатлари ҳақида муайян илм ҳосил қилмоғимиз керак. Токи ажрашишга замин ҳозирламаслик учун. Даставвал қайси сабаблар зуҳур қилса, ажрашиш ҳақида ўйлаш мумкинлигини таҳлил этсак. Агар аёл эрига муттасил душманлик кайфиятида юрса, унинг мол-мулкига зиён-захмат етказаверса, сабр қилишнинг имкони қолмаса, муайян чоралар кўрилади. Кўпни кўрганлар, эл бошида юрганлар ҳозир ҳеч бир оила овқат йўқлиги, қашшоқликдан ажрашмаяпти, аксинча, тўқликка чидай олмай ажрашмоқдалар дейишмоқда. Албатта, ажрашиш амалиётини буткул тақиқлаш мумкин эмас, шунингдек, ажрашиш тарғиботи, яъни муаммонинг ечими эр-хотин орасидаги никоҳ тугунини ечиб юборишдадир деган ташвиқот ҳам ақл ва мантиққа, асосийси, мақсадга зиддир. Қолаверса, эр ва хотинлар орасида муаммо пайдо бўлса, у қандай шаклда бўлишидан қатъий назар, унга жисмоний-молиявий чоралар билан барҳам бериш ҳам тўғри кўринмайди. Мазлума аёллар ҳақларини ҳимоя қиламиз дея кўр-кўрона қонун ва қоидалар ишлаб чиқиб, уни жадаллик билан жамиятга татбиқ қилиш кўзланган натижани бермайди. Аслида, қандай натижани кўзлаётганимизни ҳам билиб олишимизга зарурат бор.
“Эрингга қул бўлма, ўзинг бўлиб қол, сен чўри эмассан, орзуларингга эриш, сен бола туғадиган инкубатор эмассан, қайнонага хизмат қилиш мажбурияти мавжуд эмас” ҳамда шу каби гаплар қанчалик бирёқлама ва хато бўлса, “Гаҳ деганда, хотин қўлга қўнсин, хотиннинг бирор айтган гапини қилма, хотинни қайириб ол” деганга ўхшаш сафсаталар ҳам мутлақ тузук гап эмас. Мақсад – эр ва хотин сакийнат ичида, ҳаловат бағрида яшаб, болаларни дунёга келтириб, инсоният ҳаёти боқий қолиши учун ҳисса қўшиш; оламда одамийликни сақлаб қолиб, раҳмат ва шафқатни кенг ёйишдир. Агар эр-хотин ҳаловатли яшамаса, ажрашади; ҳар бир ажрашиш икки томонда ҳам чуқур жароҳат қолдиради; фарзандлар бўлса, уларнинг руҳий кемтиклиги бир тараф, аммо ахлоқий танқислик ичида ўсади, етарли ахлоқ олмаган бола келажакда ноқобил амаллар қилгувчи бўлади. Худо кўрсатмасин, никоҳсиз туғилган болалар бўлса, уларнинг кўп томондан нуқсонли бўлиши эҳтимоли катта. Бу ҳам яхши ва қобил тарбиянинг йўқлиги билан боғлиқдир. Ота-онасиз улғайган, ота ва она тарбиясини тўлиқ кўрмаган болалар ҳиссий беқарор, руҳий мажруҳ, масъулиятсиз бўлиб қолишлари кўп кузатилади, айниқса, улар орасидан жиноятчилар ҳам кўп чиқади. Жамиятда ноқобил хулқли ва ҳиссий бузуқ одамлар миқдори қанча кўпайса, умумий ҳаёт тарзи шунча бузилади – ҳалол ва ҳаром, инсоф ва диёнат қолмайди; одамлар орасида ваҳшийлик, риёкорлик, иккиюзлилик, сотқинлик ва жамийки бузуқ иллатлар гуриллаб авж олади. Натижада, инсоният ҳаёти хатар остида қолади – маънан ва жисман бузилган насллар қирилишни бошлайди, бу ўз-ўзидан содир бўлмайди, аввал жамият қариб кетади – қариялар сони ошади, ёш ишчи кучи бўлмайди, кўпайиш камаяди, касалликлар натижасида, шунингдек, ҳиссий ва ақлий ривожланмаган, хулқий ва маданий тарбия олмаган одамлар турли жиноятлар, автоҳалокатлар билан ўлимни зиёда этадилар. Яъни қарилик, хасталик, тушкунлик ва ўлим кўп, ёшлик, саломатлик, кўтаринкилик ва яшаш кам. Бу ҳол секинлик билан одамзоднинг жисман қирилиб кетишига йўл очади. Шундай экан, оилани сақлаб қолиш ҳамма жиҳатдан ўта муҳимдир. Оилада эр-хотин урушиб қолса, дарров бирга яшамайман, ажрашаман деб ўйлай бошлаши, шунинг учун ҳаракат қилиши фаҳмнинг ўтмаслигидандир, бунга уларни рағбатлантириш эса айни хиёнат саналади. Аксинча, эр-хотин ҳамма муаммони ташқарига исини чиқармай ўзлари ҳал қилишсин, бу ўринда улар бир-бирларига сабр қилишлари, айниқса, эр хотиннинг туйғуга берилиб, ҳар нарсалар дейишига тоқатли бўлишга мажбур. Зотан, хотиндаги туйғунинг устунлиги ақлий мушоҳада ва мантиқий хулосани заифлаштириб юборади. Баъзан қизлар адашиб гиёҳвандга эрга тегиб қолади; баъзан эркак жаҳолатга қул бўлиб, умуман тузалмаган ҳолда хотинига тинимсиз зулм қилиши мумкин; баъзан хотин безбет ва сурбетларча эрнинг қонини ичиши, эрга ишонмаслиги, эрнинг мол-мулкига онгли равишда зиён келтириши, эрнинг обрўсини муттасил равишда тўкиши, эрнинг ҳурматсиз қилиб, хорлаши, ҳеч бир насиҳатни – на яхши, на ёмон гапни олмаслиги мумкин. Ҳа, шундай хотинлар бор: эрининг мулкини асрамайди, эрининг топганини совуриб, уни ҳар томондан қийнайдиган хотинлар кўп. Улар эрнинг иссиқ-совуғи билан қизиқмайдилар, улар худбин ва бадбиндирлар. Ана шундай ҳолда ажрашиш сўнгги чора бўлиши мумкин. Бунда ҳам киши мустақил қарор бермасин. Ҳеч қандай ваҳима (паника)ларсиз, кимнидир ерга уришларсиз босқичли ишларни қилиши лозим: 1. Хотин киши ҳолатдан улуғларни хабардор қилади. Улуғлар – ота-она, тоға-амакилар – эрни насиҳат билан огоҳлантиришади. Бу насиҳатлар бир неча марта давом этади. Хотин ҳеч бир зулмга жавоб бермайди, фақат зулм тўхтамаса, ота-она ёки ака-укаси бошчилигида ажрашиш ҳаракатини бошлайди, бунда имом хатиблар ёрдамига таянмоқ маъқул. Ҳамма бирдек келишиб ажрашиш қарори олинса, обрўга зид ишлар, жоҳилона ҳаракатлар қилинмайди – сокинлик ила ўша иш қилинади. 2. Агар хотин гапга кирмаса, узун вақт насиҳатлар қилинади; кейин у билан тўшак алоҳида қилинади; кейин хона алоҳида қилинади; яна узун муддатлар берилади; хотинга адабсизликлар оқибати яхши бўлмаслиги босиқлик ила қайта ва қайта тушунтирилади; хотин ҳеч тузалмаса, зараркунандалик ва шалақлигини қўймаса; тилини беш қарич қилиб чақаверса, истихоралар қилинади мулойимлик ила охирги қарор берилади. Агар фарзандлар бўлса, уларга вазият айтилади: “Биз энди онанг билан бирга яшай олмаймиз, şekilli...” – дейилади. Болалар ҳам ақлли, улар шу чоққача ҳаммасини кузатиб келаётганлари учун ҳаммасини яхши тушунишади. Энг асосий қоида – эр бўлсин, хотин бўлсин, ажрашсалар, зулм ва жаҳолатсиз, сокин ва хотиржам ҳолда бу ишни қилишлари шарт. Шариат уламоларидан сўралса, улар талоқнинг бидъат ва суннат турларини тушунтириб берадилар. Шунга кўра, суннатга оид ражъий талоқ ила ажрашиш тавсия этилади. Бидъат ва боин талоқдан сақланган яхши. Бу сокин ва мулойим усул эрни ҳам, хотинни ҳам тарбиялаб қўйиши мумкин. Хотин шалақи ва тарбиясиз бўлса-са, бу қадар мулойимлик уни инсофга келтириши, тавба қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, натижада, қайта никоҳ ўқилиши ва оила тикланиши ҳеч гап эмас. Башарти, ундай бўлмаса, икки томон ҳам болалар ҳаққига риоя этишлари, уларни ота-онадан баҳраманд бўлишларига, керакли тарбия олишлари шароит қилишлари керак, боламни кўрсатмайман деган гаплар ўтакетган нодонлик бўлади. Икки тарафга бўлинганлар кейин ўз қарорларини ўзлари беришади, ўзлари ёққан бу оловда узоқ вақт ёнадилар. Шу сабабли айтамизки, ҳатто қушнинг уяси бузилмасин! Худойим ҳамма оилаларни мустаҳкам қилсин ва ҳеч бир оилада ажрашиш деган сўз ҳеч қачон эшитилмасин! Оилани баъзан ташқаридаги жоҳиллар ҳам бузишга интиладилар, улардан эҳтиёт бўлиш, ажраш дейдиган ҳар қандай одамдан узоққа кетиш шартдир. Ундай одам ё одам қиёфасидаги шайтон, ё шайтонга қул бўлган бадбахтдир. Уларга Худонинг лаънати ёғилади. Сабрнинг энг гўзали – эр-хотиннинг бир-бирига сабр қилиши ва бир-бирининг майда хатоларини кечириб юбориши, унча-мунча нуқсонларга кўз юмишидир.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.